Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро ҳамкорлик алоқалари ривож топиб бормоқда: Россиялик болажонлар Ўзбекистондаги “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида

22.06.2024. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат стратегиясида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари устувор аҳамият касб этади. Мазкур йўналишларда амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда қатор халқаро ташкилотлар ва ҳорижий мамлакатлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ривож топиб бормоқда.

Шу кунларда ижтимоий лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида Москвадаги Crocus City Halldagi воқеалар пайтида жабрланган оилаларнинг 100 нафар ўғил-қизлари юртимиздаги “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариш учун Ўзбекистонга келдилар.

– Болажонларимизни тантанали равишда кутиб олиш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан ажойиб совғалар тақдим этишди. Улар учун махсус тайёрланган костюмлар, планшетлар, ҳордиқ давомида зарур бўлган воситалар – буларнинг барчаси ўзбек халқининг бағрикенглиги, бирдамлиги ва жуда ҳам меҳмондўст эканлигининг ёрқин ифодасидир, – деди Россия мустақил касаба уюшмалари Федерацияси аппарати Департаменти бошлиғи ўринбосари Анастасия Анисимова. – Ўғил-қизларимизнинг шу вақтдаги қувончини ифодалашга сўз ожиз. Келишимиз биланоқ ўзбекона боқий анъаналарнинг гувоҳи бўлдик. Олдинда эса бизни азим шаҳар Самарқанд бўйлаб саёҳатлар, пойтахтингиз Тошкент шаҳридаги диққатга сазовор масканлар билан танишувлар кутяётганини эшитган болажонлар қувончига яна бир олам қувонч қўшилди. Ушбу саёҳатлар албатта ўғил-қизларимиз юрагининг туб-тубидан жой олади ва шубҳасиз гўзал ва мафтункор Ўзбекистондаги ҳордиқ бир умрга болажонларимиз ёдида қолади. Бундай юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Ўзбекистон Республикаси Президентига самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Маълумки, мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан барча соҳаларда бирдек олиб борилаётган ислоҳотлар билан бирга баркамол авлодни тарбиялаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ушбу масалага давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камол топиши борасида тизимли ислоҳотлар ва янгиланишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болаларни ёзги соғломлаштириш тизими тубдан ислоҳ этилиб, қатор янгиликлар амалга киритилиши натижасида болалар оромгоҳлари фаолияти, уларда ўғил-қизларга кўрсатиладиган хизматлар сифати юқори даражага олиб чиқилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги “Анор” болалар соғломлаштириш орогоҳи бунга ёрқин мисол бўла олади. Мазкур оромгоҳда болажонларнинг ҳар томонлама мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, 10 гектардан зиёд майдонга эга бўлган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи жаҳон андозалари талабларига мос равишда барпо этилган бўлиб, ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Ушбу маскан том маънода ўғил-қизларни нафақат мароқли дам олдириш ва жисмонан чиниқтириш, балки уларнинг интеллектуал салоҳиятларини ривожлантириш, ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи марказ сифатида фаолият олиб бормоқда. Оромгоҳда барча қулайликларга эга Маданият ва маърифат маркази, ўзбек мутафаккирлари ва адабиёт намоёндалари билан бир қаторда жаҳон адабиёти дурдоналари сирасига кирувчи бой китоблар заҳирасига эга замонавий Ахборот-ресурс маркази, энг сўнгги русумдаги кўргазмали воситалар ва жиҳозлар билан таъминланган тўгарак хоналари, маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш учун мўлжалланган тантаналар майдони, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берувчи ва махсус иситиш тизимига эга бўлган сузиш ҳавзаси, спорт майдончалари, замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган ётоқ бинолари, барча шарт-шароитлар ва қулайликларга эга бўлган ошхона, ювиниш хоналари болажонлар ихтиёрида.

Оромгоҳ тиббиёт мажмуида ўғил-қизларнинг саломатлиги доимий назорат қилиб борилмоқда. Болажонлар саломатлигини мустаҳкамлаш мақсадида жаннатмакон диёримиз бағрида етиштирилган табиий неъматлар ва гиёҳлардан фойдаланган ҳолда дамламалар тайёрланиб, таомномалар дармондориларга бой таомлар билан бойитилган.

Дам олаётган болажонларнинг ҳорижий тиллар ва компьютер бўйича билимлари ҳам оширилмоқда. Шунингдек, “Ёш китобхонлар”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Хореография”, “Жисмоний тарбия ва спорт”, “Рассомчилик”, “Бисер тикиш” каби 10 га яқин тўгарак машғулотларида болажонлар катта қизиқиш билан иштирок этмоқдалар. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор вазирликлар иштирокида болалар учун махсус саралаб олинган шеърлар, куй ва қўшиқлар тўпламлари, бадиий ва анимацион фильмлар ўғил-қизлар билан ўтказилаётган таълим-тарбиявий жараёнларнинг янада қизиқарли бўлишини таъминламоқда. Болажонлар учун мўлжалланган бадиий адабиётлар билан таъминланган кутубхона ҳам доимо гавжум бўлиб, ўғил-қизларнинг китобхонлик маданиятини оширишга хизмат қилмоқда.

Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.

Куни кеча “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида россиялик меҳмон болажонлар ва ўзбекистонлик ўғил қизлар иштирокида “Дўстлик – Дружба” деб номланган тантанали маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Президентимиз ташаббуслари билан Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессансни қуриш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, “Ўзбекистон – 2030 стратегияси”нинг мазмун-моҳияти, ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар ва буларнинг барчаси инсон қадри ва манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётгани содда ва равон усулларда болажонларга етказилди. Шунингдек, дўстлик, одамийлик, инсонпарварлик ғояларини ўзида мужассамлаштирган куй ва қўшиқлар, рақслар гулдастаси, саҳна кўринишлари икки мамлакат болажонлари ижросида намойиш этилди.

Тантанали байрам тадбирида оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурлари барчада катта қизиқиш уйғотди. Уларда болажонлар халқлар дўстлиги, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга бўлган юксак эътибор, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, санъат, спорт, ахборот технологиялари, ҳорижий тиллар ўрганиш ва китоб ўқишга қизиқишларини ошириш, ўғил-қизларнинг ўз салоҳиятларини намоён этишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятларни тараннум этиб, барқарор тинчлик ва мусаффо осмонни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.

Таъкидлаш жоизки, оромгоҳдаги 14 кунлик таътил давомида россиялик ва ўзбекистонлик ўғил-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказиш мақсадида махсус дастур ишлаб чиқилган. Хусусан, болажонлар турли спорт тўгаракларида қатнашадилар, қизиқарли турнирлар, чемпионатлар ўтказилади. Улар “Моҳир қўллар”, расм чизиш, рақс, театр, мусиқа, компьютер тўгаракларида иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини бойитадилар ҳамда кутубхонадаги бадиий адабиётлардан баҳра оладилар. Миллий ҳунарманд усталар ва таниқли спорт усталари иштирокидаги маҳорат дарсларида иштирок этадилар. Болажонлар учун Ўзбекистон касаба уюшмалари саройининг ижодкор болалар студияси томонидан саҳналаштирилган “Супер Қорасоч” спектакли намойиш этилади.

Шунингдек, “Сув тўлқинлари” фестивали, сув ўйинлари ва комикслар, кино ҳамда мусиқа кечалари ва спектакллар намойиши, “Ўзбекистонга хуш келибсиз” тақдимот тадбирлари, “Ўзбек миллий таомлари ва анъаналари” тақдимоти, “Анор”да бахтли болалик” видеороликлар танлови, “Бош ошпаз” кўрик танлови, турли спорт мусобақалари ва спартакиадалар ўтказиш режалаштирилган. Бундан ташқари, меҳмонларни Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва “Боқий шаҳар” мажмуасига бўладиган қизиқарли саёҳатлар, Бўстонлиқ туманидаги “Чноркент” дам олиш мажмуаси ҳамда пойтахтимиздаги “Magic City” маданият ва истироҳат боғи ҳамда “Oceanarium”га экскурсиялар кутмоқда.

Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда ўтган таътил онлари россиялик болажонлар учун унутилмас лаҳзаларни тақдим этади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари