Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро ҳамкорлик алоқалари ривож топмоқда

25.09.2023. Озарбайжон касаба уюшмалари делегацияси Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари билан учрашди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев раҳбарлигидаги делегация вакилларининг Ўзбекистон касаба уюшмиалари фаоллари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон Республикаси  Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг мунтазам олий даражадаги ўзаро ташрифлари, самимий мулоқотлари натижасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари янги босқичга кўтарилгани, бунинг натижасида икки мамлакат ўртасидаги ўзаро дўстона ҳамкорлик икки давлат тараққиётини таъминлаш ва халқларимиз фаровонлигини оширишга салмоқли ҳисса қўшаётганини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқи тили, дини, маданияти, анъана ва урф-одатлари бир-бирига жуда ўхшаш қардош халқлар бўлиб, бу дўстликнинг илдизлари узоқ тарихга бориб тақалади. Озарбайжонда улуғ ўзбек шоири, мутафаккири ҳамда давлат арбоби Алишер Навоийнинг, Ўзбекистонда эса озарбайжон шоири ва маърифатпарвари Низомий Ганжавийнинг асарлари севиб ўқилади.

Тадбирда меҳмонларга сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган тизимли янгиланиш ва ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижалари, 14 та тармоқ касаба уюшмаси, 14 та ҳудудий Кенгаш, 34 мингдан зиёд бошланғич ташкилотлардаги 6 миллионлик аъзоларни бирлаштирган Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад – қардошлар билан ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш эканлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси нафақат мамлакат ичкарисида, балки Халқаро касаба уюшмалари Ҳаракатида ҳам алоҳида ўринга ва ўзига хос нуфузга эга.  Икки мамлакат касаба уюшмалари меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш каби йўналишларда давлат ва иш берувчилар билан ижтимоий ҳамкорликда тизимли ишларни олиб бормоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Трипартизм тамойили асосида  Ўзбекистон Ҳукумати, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар Конфедерацияси ўртасида Бош жамоа келишуви амал қилмоқда. 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида 19 та санаторий ва дам олиш уйи фаолият кўрсатган ва уларда салкам 5 мингта ўрин мавжуд бўлган бўлса, ўтган олти йил ичида 12 та замонавий санаторий қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида бугунги кунда санаторийлар сони 31 тага, улардаги ўринлар сони эса салкам 8 мингтага етди.

Учрашувда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Муғулистон ва Ўзбекистон касаба уюшмалари қарори асосида Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилгани ҳам қайд этиб ўтилди.

Ўз навбатида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболларига тўхталди. Соҳада ўзаро тажриба алмашиш борасидаги фикрларини баён этди.

Маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Унда томонлар ўзаро тенглик ва ҳурмат принциплари асосида касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ҳамда манфаатларини муносиб ҳимоя қилиш борасидаги алоқаларни мустаҳкамлашни ҳамкорликнинг асосий йўналиши сифатида қайд этдилар.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Ижроия қўмитасининг қарорига асосан икки қардош халқлар касаба уюшмалари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳамда ҳар икки мамлакат касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар манфаати йўлидаги ҳамкорлигини ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси учун Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиев “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” унвони билан тақдирланди.

Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор масканларига ҳам ташриф буюрдилар. Хусусан, Миробод туманидаги Ҳайдар Алиев монументи пойига гулчамбар қўйдилар. “Янги Ўзбекистон боғи” мажмуи билан танишиб, катта таассуротларга эга бўлдилар.

Шундан сўнг меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар Академияси фаолияти билан танишиб, мазкур олий таълим муассасасида мавжуд йўналишлар ҳамда таълим тизими, ушбу маканда талабалар ва ўқитувчи-профессорлар учун яратилган шарт-шароитлар тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлдилар. Академияда ташкил этилган учрашув давомида Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси раиси Саттор Мехбалиевга Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясининг фахрий профессори унвони берилди.

Озарбайжон касаба уюшмалари Конфедерацияси делегацияси вакиллари шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари саройи билан ҳам танишдилар. Танишув жараёнида улар ўзбек санъатининг асосчилари ва намоёндалари, уларнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида қизиқарли маълумотлар билан таништирилди.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари