Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Халқ назорати» телеграм каналида касаба уюшмалари тўғрисида жойлаштирилган аноним постга жавоб муносабат

01.08.2024. Сиз бу постингизда «бизни» деганда кимни назарда тутябсиз? Бу аноним танқид орқали бир ташкилотга туҳмат қилаётганингизни, туҳмат учун эса қонунчиликда тегишли жавобгарлик назарда тутилганини биласизми? Ҳақ-ҳуқуқингиз поймол этилган бўлса нега қайси ташкилотда ишлайсизу, сизни ҳуқуқингизни ким бузганини очиқ айтолмаябсиз?

Эътиборингиз учун ва эътирозингизга жавобан Ўзбекистон касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга оширилаётган ишларга оид факт ва рақамларни  қуйида келтираяпман:

Ўзбекистон Касаба уюшмалари ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш, зарур бўлса судларда ҳимоя қилиш орқали ҳам таъминлаб келмоқда.

Хусусан, 2023 йил мобайнида касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 4834 та, хусусан, 2012 та ёзма, 656 та оғзаки, 1590 та интернет тармоғи орқали электрон шаклдаги, 576 та “Ишонч телефонлари” орқали келган мурожаатлар, шу жумладан, 233 та жамоавий мурожаатлар кўриб чиқилиб, меҳнаткашларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Касаба уюшмалари томонидан барча мурожаатлар кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди. Жумладан, ходимлар ҳуқуқларини тиклашни сўраб касаба уюшмалари томонидан иш берувчиларга киритилган 121 та тақдимнома қаноатлантирилиши натижасида қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилишига эришилди.

Меҳнаткашлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшма ташкилотлари томонидан судларга киритилган жами 56 та даъво аризалардан 45 тасининг талаблари қаноатлантирилди, 7 та ҳолатда иш берувчилар ихтиёри билан ходимнинг ҳуқуқлари тикланганлиги сабабли даъводан воз кечилиб, тарафлар ўртасида келишув битимлари тузилди.

Жами мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 2023 йил давомида Касаба уюшмалари томонидан 3 минг 410 нафар меҳнаткашнинг ҳуқуқлари тикланди ва меҳнаткашлар фойдасига 26 млрд. 30 млн. сўмдан ортиқ зарар пуллари  ундириб берилди.

2024 йилнинг дастлабки беш ойи якунларини таҳлил қилсак, касаба уюшмаларига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 2115 та мурожаат, шу жумладан 88 та  жамоавий мурожаат касаба уюшмалари томонидан ўрганиб чиқилди ва Касаба уюшмалари томонидан 607 нафар меҳнаткашнинг ҳуқуқлари тикланди ҳамда улар фойдасига 3 млрд. 683 млн. сўмдан ортиқ зарар пуллари ундириб берилди.

Меҳнаткашлар ҳуқуқларини тиклашни сўраб касаба уюшмалари томонидан иш берувчиларга 30 та тақдимнома киритилиши ва музокаралар олиб борилиши натижасида қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилишига эришилди.

Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида касаба уюшма ташкилотлари томонидан судларга даъво аризалари киритилиб, меҳнаткашларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланди.

Сирасини айтганда 2023 йилда ва 2024 йилнинг ўтган 5 ойи давомида касаба уюшмалари томонидан 4 минг 17 нафар меҳнаткашнинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 29 миллиард 713 миллион сўмдан ортиқ зарар пуллари ундириб берилди.

Шу жумладан ғайриқонуний равишда ишдан бўшатилган ходимлар касаба уюшмалари ташкилотлари ёрдамида аввалги лавозимига тикланиб, мажбурий прогул вақти учун жами 789 миллион 119 минг сўм ҳақ ундириб берилди.

Бундан ташқари Касаба уюшма ташкилотлари томонидан 2682 нафар меҳнаткашга иш ҳақлари ва ҳисоб-китоб пулларини ундириш бўйича ёрдам кўрсатилиши натижасида уларнинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига жами 26 миллиард 367 миллион 998 минг сўм ҳақ ундириб берилди.

Касаба уюшмаларининг ўз аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича амалга ошираётган ишлари тўғрисидаги маълумотлар билан мунтазам равишда kasaba.uz интернет Портали, https://t.me/uzkufk  Телеграм канали ва Фейсбук ижтимоий тармоғидаги «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Матбуот хизмати» саҳифаси орқали танишиб боришингиз мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати