Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Халқаро ҳамкорлик: диққат марказида тиббиёт ходимлари меҳнати муҳофазаси

18.11.2021. Бугунги кунда Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Ҳалқаро Конфедерацияси билан “Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат дастури”га асосланган конструктив ҳамкорлик ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва бошқа давлатларнинг турдош  касаба уюшма марказлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг жадаллик билан кучайиб бораётгани соҳада фаолият юритаётган меҳнаткашлар манфаатларига хизмат қилмоқда. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши биринчи бор Ўзбекистонда ўтказилгани фикримизга далил бўла олади.  Йиғилишда бир қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши 2019 йилда соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Халқаро Конфедерацияси билан янги форматдаги ўзаро ҳамкорлик келишувини имзолаган эди. Ҳозирда тармоқ касаба уюшмаси мазкур ташкилотга аъзо давлатлар, хусусан, Россия, Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Мазкур анжуман айни ҳамкорликлар самараси сифатида ўтказилди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси Ижроия қўмитасининг Ўзбекистонда илк бора ташкил этилган кенгайтирилган йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама этилди. Дастлаб иштирокчилар, COVID-19 коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш, қулай санитария-эпидемиологик муҳитни таъминлаш, аҳоли саломатлигини ва тиббиёт ходимлари меҳнатини муҳофаза қилиш бўйича олиб борилган ишларни муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, пандемия даврида энг катта юк тиббиёт ходимлари елкасига тушди. Касаллик барчанинг одатий турмуш тарзини ўзгартириб, уларни янгича шароитларда яшашга мажбур қилди. Бу ўз навбатида тиббиёт тизимида ҳам тезкор қарорлар қабул қилиш, янгича шароитларда ишлашни тақозо қилди. Касаллик ўчоқларида ишлаётган тиббиёт ходимларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи тармоқ касаба уюшмасининг долзарб вазифасига айланди. Йиғилиш давомида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси ва мазкур тадбирда иштирок этаётган хорижий мамлакатларнинг турдош касаба уюшма марказлари томонидан ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, улар учун муносиб иш шароитлари яратиб бериш бўйича амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, бу йўналишда тўпланган ўзига хос тажрибалар ўртоқлашилди.  Кўпчилик давлатлар дуч келган муаммолар ечими кўриб чиқилди. Шунингдек, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, шу мақсадда қўшма чора-тадбирлар режасининг ижросини таъминлаш, келгусида ҳамкорликни янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Шу куннинг ўзида Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси мутасаддилари иштирокида “Ижтимоий шериклик меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашнинг самарали механизми” мавзуидаги давра суҳбати ҳам ўтказилди. Унда Ўзбекистон учун муҳим бўлган ижтимоий шериклик масалаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш соҳасидаги ижтимоий шериклик, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги муҳим ҳужжатлардан бири бўлган жамоа шартномалари ва келишувлари асосида олиб борилаётган ишлар, сўнгги йилларда ушбу локал ҳужжатларнинг ижтимоий таркибини кучайтириш борасида амалга оширилган тизимли саъй-ҳаракатлар йиғилиш иштирокчиларининг диққат марказида бўлди.

Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмалари Халқаро Конфедерацияси Ижроия қўмитаси аъзолари Бухоро ва Самарқанд шаҳарларида ҳам бўлиб, тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич ташкилотлар фаолияти билан танишдилар ҳамда ижтимоий шериклик масалаларида ўзаро тажриба алмашдилар. Шунингдек, мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишдилар. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати