Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳар кунинг наврўз бўлсин, жонажон Ўзбeкистоним!

23.03.2023. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг “2023 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда касаба уюшмаларининг иштироки тўғрисида”ги қарорига кўра, тармоқ тизимидаги “Қизилқум фосфорит комплекси” МЧЖ раҳбарияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳамкорлигида “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Наврўз сайли бўлиб ўтди.

Байрамни “Қизилқум фосфорит комплекси” масъулияти чекланган жамияти директори Фарруҳ Самадов кириш сўзи билан очиб берди. Ф.Самадов ишчи-ходимларни янгиланиш, ёшариш ва тинчлик рамзи бўлган Наврўз айёми билан табриклаб, ўтган бир йил ичида корхонада қатор ютуқларга эришилганини, бунда ҳар бир ходимнинг алоҳида хизмати борлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, барчанинг хонадонига тинчлик-хотиржамлик, файзу барака ва сиҳат-саломатлик тилади.

Наврўз сайлида корхонанинг ҳар бир бўлим ва цехидан иштирокчи жамоалар ўзларининг миллий безатилган дастурхонлари билан иштирок этдилар, жумладан, дастурхонлар миллий урф-одатлар, анъана ва қадрятларни акс эттирувчи кўргазмалар, баҳорий кайфиятни берувчи таомлардан, сумалак, кўк сомсаю кўк чучваралар билан безатилди. Қизлар эгнида хонатлас, йигитлар устидаги зар чопон ва дўпписи эса ўзбекона миллий муҳитни яратди. Кўрилган тайёргарликлар асосида, “Энг яхши безатилган Наврўз дастурхони” танлови ҳам ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати жамоалар томонидан безатилган дастурхонларни баҳолаб, энг фаол жамоаларни аниқладилар. Танловда биринчи ўринни Автотранспорт цехи, иккинчи ўринни Техник назорат бўлими, учинчи ўринни эса Кон-транспорт цехи қўлга киритди.

Шуни алоҳида айтиш керакки, Наврўз айёми қадимги миллий ўйинлар билан янада жозибалидир. Ходимлар ўртасида арқон тортиш, тош кўтариш, югуриш, қарабтеп каби миллий ўйинлар асосида мусобақалар ҳам ўтказилди. Бўлим ва цехлар ўртасида ўтказилган беллашувларда абжирлик кўрсатган жамоалар ғолибликни қўлга киритдилар. Энг қизғин кечган арқон тортиш мусобақасида биринчи ўринни Фосфор концентранти ишлаб чиқариш цехи жамоаси, иккинчи ўринни Таъмирлаш участкаси, учинчи ўринни эса Қўриқлаш бўлими ходимлари қўлга киритдилар.

Ходимлар учун ёзилган байрам дастурхонига дошқозонларда тайёрланган миллий палов ва сумалак тортилди. Ажойиб қўшиқлар ва рақслар эса даврага байрамона кўтаринки кайфият улашди.

Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси