Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳарбийларга янги уй-жойлар

16.01.2023. Юртимизда ҳарбий хизмат нуфузини ва Қуролли кучларимизнинг жанговар шайлигини янада ошириш, қолаверса, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни кеча Сурхондарё вилоятининг энг чекка Боботоғ ҳудудида лойиҳа қиймати 20,5 миллиард сўмлик янгидан қурилган учта 5 қаватли ҳамда қайта таъмирланиб, реконструкция қилинган ва барча замонавий шарт­шароитларга эга тўртта 2 қаватли турар­жой биноларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

102 та хонадон ҳамда тикув цехи қад ростлаган ҳарбий шаҳарча кўзни қувонтирадиган даражада барпо этилган.

– Айни дамда Боботоғ ҳудудидаги ҳарбий қисмда хизмат қилмоқдаман, – дейди кичик сержант С.Қиёмов. – Ёш оиламиз. Турмуш ўртоғим ва бир нафар фарзандим билан янги хонадонга кўчиб кирганимиздан жуда хурсандмиз. Бундай беқиёс ғамхўрлик учун ва умуман, мен каби ҳарбий хизматчиларга катта эътибор қаратган Олий Бош Қўмондонимиз, Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Ана шундай ажойиб тантаналардан яна бири Музробот туманида ҳам бўлиб ўтди. Тумандаги Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларнинг бирида хизмат қилаётган чегарачиларимизга янгидан қурилган уй­жойлар топширилди.

Умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ошадиган ушбу лойиҳа доирасида 27 хонадондан иборат уч қаватли замонавий уй­жой қурилди. 9 та бир қаватли турар­жой бинолари қайта реконструкция қилинди. Шунингдек, бу ерда болалар майдончаси, тикувчилик цехи ҳам бунёд этилиб, уй­жойлар барча инфратузилма ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳар бир оилага кир ювиш машинаси топширилди.

Тантанали тадбирларда вилоят ҳокими, вилоят ва туманлар сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, фахрийлар, нуронийлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирок этди.

Ўктам Ўтаганов

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Сурхондарё вилояти кенгаши раиси