[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Ассалому алайкум, ҳурматли опа-сингиллар, ака-укалар,
касаба уюшмалари фаоллари.

БМТнинг маълумотларига кўра сайёрамизнинг 45% аҳолиси, 7 млрд.дан зиёд аҳолининг деярли 3 млрди жамиятни моддий ва иқтисодий қўллаб-қувватловчи дунёдаги иш кучини ташкил этмоқда.

Шунингдек, дунё бўйича меҳнатга қобилиятли аҳоли рейтинги бўйича биринчи ўринда Хитой (795 млн.дан ортиқ), иккинчи ўринда Ҳиндистон (500 млн.га яқин), учинчи ўринда Европа Иттифоқи (230 млн), Ўзбекистон эса 35 ўринда (18 млн.га яқин) эканлиги қайд этилган. Республикамизда иқтисодий фаол аҳоли 14,8 млн.ни ташкил этиб, улардан, саноатда–13,6%, қишлоқ хўжалигида–29,1 %, савдо соҳасида–10,6% ва қолганлари бошқа соҳаларда меҳнат қилмоқда.

Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишларидан бири – Республикамиз фуқароларини ишлаб чиқариш жараёни ва бошқа ҳолатларда мавжуд ёки вужудга келиши мумкин бўлган турли хавфли ва зарарли омиллар таъсиридан ҳимоялаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар асосида таъминлаш ҳамда санитария ва гигиена талабларига мос меҳнат шароитларини яратиб беришдан иборатдир.

Ушбу Қонунлар ишлаб чиқариш усуллари, мулк шаклидан қатъи назар, меҳнатни муҳофаза қилишни ташкил этишнинг ягона тартибини белгилайди ҳамда фуқароларнинг соғлиғи ва меҳнати муҳофаза қилинишини таъминлашга қаратилган.

Хурматли ҳамкасблар,

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугунги кунда миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларнинг барча соҳаларда эркин ва тенгҳуқуқли бўлиши йўлида қилинаётган ишлар, берилаётган эътибор юрт келажаги, Ватан равнақига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон зиммасига улкан масъулият юклайди.

Буни яхши англаган ҳолда, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимиз фуқароларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, иш берувчи ва ходим муносабатларини тартибга солиш йўлида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимояси ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби масалалар мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида алоҳида эътироф этилган йўналишлардан бирида акс этган.

Инсонни ҳар қандай фаолияти давомида хавфсизлигини таъминлаш қадимги даврдан ҳозирги кунгача муҳим масалалардан бири бўлган ва бўлиб келмоқда.

Рухсатингиз билан меҳнат муҳофазаси тарихига бир назар ташласак.

Инсоният ҳамма даврларда ҳавфсиз меҳнат шароитларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келган. Мавзу илк бора юнон файласуфлари Арасту (м.а 387-322 йиллар) ва Гиппократ (м.а 459-377 йиллар) томонидан илмий жиҳатдан ўрганилган. Гиппократ рудалар чангининг инсон саломатлигига зарарли таъсири тўғрисида ёзган. У биринчи марта зарарли ишлар рўйхатини тузиб чиқган. Қўрғишин билан ишлашнинг зарарли жиҳатларини таърифлаб ўтган. Кейинроқ яна бир олим Голен қўрғошин чангининг зарарли таъсири натижасида келиб чиқадиган паталогик ҳолатлар батафсил таърифланган асар яратган. Милоддан аввалги 1 асрда эса Катта Плини олтингургут қазиб олиш жараёнида кўтариладиган чангнинг зарарини ўрганган.

Улуғ ўзбек хакими Абу Али Ибн Сино ўз ишлари билан (980-1087 йй) бундан 1000 йил муқаддам гигиена фанига асос солган.

15-16 асрларда тоғ-кон металлургияси соҳасининг жадал ривожланиши натижасида оғир меҳнат шароитлари, кончиликдаги чанг натижасида вужудга келадиган касбий касалликлар тўғрисида илмий ишлар кўпая борган. Бу Агрикол ва Працелсанинг ишлари ҳисобланади.

Антик ва ўрта асрлар буюк олимларнинг ҳаракатлари касбий фаолият билан боғлиқ касалликларнинг келиб чиқишини ўрганувчи алоҳида фаннинг вужудга келишига замин яратди. Фаннинг асосчиси ҳақли равишда итальян врачи, профессор, Падуан уневерситети ректори Бернадино Рамацини (1633-1714й) ҳисобланади. Унинг “Ҳунармандларнинг касалликлари тўғрисида фикрлар” деб номланган китобида турли соҳалардаги меҳнат гигиенаси масалалари тизимли таҳлил қилинган, касблар билан боғлиқ касалликларнинг клиник таърифи келтирилган фундаментал асар ҳисобланади. Олим мазкур асарни ёзиш учун 50 йилдан ортиқ факт йиққан. У феодал тизимдан илк капитализмга ўтиш даврида ҳунармандлар, мануфактуралардаги ишчиларнинг яшаш ва меҳнат шароитларини кузатган.

Шунингдек, М. В. Ломоносов (1711-1765) тоғ-кон ишлардида меҳнат муҳофазасига оид, Ф.Ф. Ерисманов (1842-115 й) меҳнат гигиенаси тўғрисида “Жисмоний ва ақлий меҳнат гигиенаси” номли асарларида мазкур масалага атрофлича тўхталган.

Илмий-техник тараққиёт ишлаб чиқариш соҳасига кескин янгиликларни олиб кирмоқда. Жараёнда меҳнат қуроллари ва предмети шакли ўзгариб бормоқда. Бу эса ўз ўрнида меҳнат шароитларга ўз таъсирини ўтказмоқда.

Сизларга маълумки, 80 йиллар ўрталарида АҚШ, Канада, кўплаб Европа ва Осиё мамлакатларида иш жойларида оғир жароҳатланиш олган ва ҳаёт билан видолашганлар сони мисли кўрилмаган даражада ошган. 1989 йилда АҚШ ва Канаданинг йирик касаба уюшмалари ташкилотлари “Халок бўлган ходимларни хотирлаш куни” номи билан ҳалок бўлган ишчиларни хотирлаш ташаббуси билан чиқган.

1996 йил Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунини таъсис этиш бўйича Халқаро меҳнат ташкилотига юборилган расмий таклиф 2003 йилдан бошлаб қўллаб-қувватланган ва 28 апрель санаси танланган.

2003 йил 28 апрелдан бери ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан нишонлаб келинаётган анъанага айланган тадбир – бутун дунё хамжамиятини катта муаммога, яъни иш жойларида содир бўлаётган оқибати енгил, оғир ва ўлим билан тугаган бахтсиз ходисаларни, касб касалликларга чалинишни олдини олиш ва меҳнат муҳофазаси масалаларига эътиборни кучайтиришга қаратмоқда.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили 300 миллиондан зиёд бахтсиз ходиса, 160 миллион касб касалликлари рўйхатга олиниб, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва касб касалликлари сабабли 2 миллион 780 минг аёл ва эркак халок бўлмоқда, ҳар куни ўртача 6 минг 500 , ҳар 15 сонияда бир нафардан одам халок бўляпти.

Жароҳатланиш оқибатида ходимларнинг учдан бир қисми 4 иш кунидан ортиқ иш жойида бўлмаслик билан иқтисодиётга зарар келтирмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳар йили иш жойларида содир бўлаётган бахтсиз ходисаларнинг ярми қишлоқ хўжалиги соҳасида, яъни бутун дунё иш кучининг деярли ярмиси машғул бўлган соҳада кузатиляпти.

Ҳар йили ишда 12 минг бола меҳнат фаолияти жараёнида, 340 минг ходим хавфли моддалар таъсирида халок бўлмоқда. Фақат асбестнинг ўзи тахминан 100 минг хаётни олиб кетяпти.

Асбест, бошқа канцероген чанглар ва химикатлар, ионлаштирувчи нурланишлар саратон касалликларига олиб келиши мумкин, бу эса меҳнат фаолияти билан боғлиқ учдан бир ўлимнинг сабабчисидир.

Бутун дунё бўйича ҳар йили радиация хавфи билан боғлиқ хавф туфайли 11 миллион ходим тиббий текширувдан ўтяпти. Биринчи ёрдам кўрсатиш лозим бўлган айрим касбларда 5 мингта жароҳатланишга битта ўлим ҳолати тўғри келяпти.

Меҳнат фаолияти билан боғлиқ ўлимнинг асосий сабабларидан саратон хасталиги 32% ни ташкил этяпти.

Иш фаолияти билан боғлиқ бўлган юрак қон томир касалликлари ва таянч харакат тизими аъзолари биргаликда йўқотишларнинг ярмини ташкил этяпти.

Бахтсиз ходиса оқибатида ва ишлаб чиқаришдаги зўриқиш билан ўлаётганлар инфекцион касалликлар билан халок бўлаётганлар сонига тенг.

Тадқиқотларга кўра, Европада 50 дан 60% гача иш вақти йўқотилиши ишлаб чиқаришдаги стресс билан боғлиқ.

БМТнинг маълумотларига кўра, сайёрамизнинг 45 % аҳолиси, деярли 3 миллиард инсон жамиятни моддий ва иқтисодий қўллаб-қувватловчи дунёдаги иш кучини ташкил этади. 100 миллион корхона – кичик корхоналар бўлиб, 3 миллиарднинг 1 миллиард меҳнаткашлари қишлоқ хўжалик ва кичик корхоналарга тўғри келади.

Халқаро меҳнат ташкилотининг баҳолашича, ишлаб чиқариш билан боғлиқ ва касб касалликлари оқибатидаги зарар, яъни жаҳон иқтисодиётидаги ялпи ички махсулот 4% йўқотилишига сабаб бўлмоқда.

Глобаллашув жараёни олдимизга янги вазифаларни қўймоқда. Биз соғлом муҳитни яратган ҳолда, инсонлар хавфсиз шароитларда меҳнат қилишига эришишни мақсад қилганмиз.

Тажриба шуни кўрсатадики, хавфсизлик маданиятининг юқори даражада бўлиши ходимларга, иш берувчиларга ва Хукуматга бирдек наф келтиради.

Меҳнатни муҳофаза қилишга қўйилаётган юқори талаб – узоқни ўйлаб амалга оширилаётган сиёсатнинг натижаси, ижтимоий уч томонлама мулоқот, жамоа мулоқотлари, иш берувчи ва касаба уюшмалари. Шунингдек, меҳнатни муҳофаза қилиш сохасида қонунчиликни такомиллаштирилиши ва меҳнат гигиенаси меҳнатни муҳофаза қилиш йўналишидаги ишлар (меҳнат инспекцияси) нинг кучли фаолиятини акс эттиради.

Бахтсиз ходиса ва касб касалликлари кўпчилик холларда ривожланаётган давлатларда иқтисодиётнинг бошланғич секторида, яъни қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, қурилиш, ўрмон ва кончилик соҳаларида содир бўлмоқда.

Ходимлар билим даражасининг етарли эмаслиги, меҳнатнинг хавфсиз усул ва услубларига ўқитилмаганлиги, ёнғин, хавфли моддалар билан нотўғри мулоқот, шунингдек норасмий иқтисодиёт ўлим кўрсаткичларининг ошишига олиб келади.

Ўзбекистон Республикасида 2018 йилда ишлаб чиқариш билан боғлиқ содир бўлган 554 та (2017 йилда – 450 та) бахтсиз ходисаларнинг 364 таси (290) оқибати оғир, 164 таси (130) ўлим билан тугаган, жами жабрланганлар сони 658 тани (513) ташкил этган.

Касаба уюшмаларига аъзо корхона, ташкилот ва муассасаларда 2018 йилда аниқланган ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ходисалар жами 260 тани (2017 йилда – 197 та) ташкил этган, улардан 70 таси (63) оқибати ўлим билан тугаган, 162 таси (107) оқибати оғир ҳамда 28 таси (27) оқибати енгил бахтсиз ходисалар бўлиб, шулардан 16 таси (13) гуруҳийни ташкил этган. Жами бахтсиз ходисалардан 24 (29) аёллар билан содир бўлган.

Ушбу содир бўлган ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ходисалар оқибатида турли хил тана жароҳатини олган ва бевақт ҳаётдан кўз юмган жами 280 нафар (2017 йилда – 225 та) ходимларнинг 71 таси халок бўлган, 179 таси оғир, 30 таси енгил жароҳатланган бўлиб, 16 та гуруҳийдан жами 36 таси жароҳатланган. 2018 йилда 232 та (170) ҳужжатлар хуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий келиб чиқиш сабаблари – раҳбар, мухандис техник-ходимлар ва мутахассислар ўзларининг лавозим вазифалари, йўриқномалари талабларини бажармаслик, риоя қилмаслик, меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талабларига амал қилмаслик ва бу борада тегишли мансабдор масъул шахслар томонидан раҳбарлик назоратини сусайтирилганлигидир.

21 нафар ходимнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражаси ўрнатилган. 61 та инсон боқувчисини йўқотганлик туфайли зарар тўлови олиш хуқуқига эга. Меҳнат жароҳати туфайли 2 709 790,2 минг сўм бир йўла тўланадиган зарар миқдори белгиланган ва жабрланувчилар ёки уларнинг оила аъзоларига берилган. Ҳар ойда тўлаб борилаётган зарар миқдори 108 980 минг сўм, бошқа қўшимча ҳаражатлар эса 234 648,5 минг сўм.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, меҳнат шароитлари аҳволи билан танишсак, санитария-гигиена меъёрларига жавоб бермайдиган шароитда банд бўлганлар, 145 451 нафар, улардан аёллар 19 566  кишини (13,45%) ташкил этган. Улардан, юқори даражали шовқин таъсирида 41 341 нафар, юқори даражали титраш таъсирида 19 916 нафар, ҳавоси йўл қўйилган концентрациядан ортиқ чангланган ва газланган иш зонасида 53 437 нафар, юқори ҳарорат, намлик ва бошқа омиллар таъсирида 58 894 нафар ишлаётганлар бўлиб, 31 329 нафари оғир жисмоний меҳнатда банд бўлганлар ҳамда 36 нафари эса хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган асбоб-ускуналарда ишлайдиганлардир.

Республикада меҳнат шароитлари ўрганилган ҳолда ноқулай меҳнат шароитларда ишлаётган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёз ва кафолатлар белгилаб берилмоқда. Булар юқори тариф ставкаларда белгиланган меҳнат ҳақи, қисқартирилган иш вақти, қўшимча меҳнат таътили, бепул даволаш-профилактика озиқ-овқатлар, имтиёзли пенсиялар. Бугунги кунда 300 мингга яқин ходимларга мунтазам равишда ушбу имтиёз ва кафолатлар белгиланиб борилмоқда.

Ўтган йили ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун қилган харажатлари 306166,5 млн.сўм, шу жумладан, якка тартибда ҳимояланиш воситаларига бўлган харажатлар (махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқалар), 132877,8 млн.сўм, махсус таомларга харажатлар ва бошқа харажатлар, 173288,7 млн.сўм сарфланган.

Ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида, касаба уюшмалари меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги йўналишида ходимларга амалий ёрдам кўрсатиб келмоқдалар.

Ҳурматли касаба уюшмалари фаоллари,

Жорий йил Ўзбекистонда Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш кунига ўзгача нигоҳ билан назар солинди ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида меҳнат муҳофазаси хафталиги доирасида қатор тадбирлар белгиланди.

Тадбирлар давра суҳбати, семинар-тренинг, энг яхши меҳнат шароитлари фотокўргазмаси, соҳага оид кўргазмалар ташкил этиш, соғлом ва хавфсиз меҳнат тарғибот компанияси, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этишга оид кўрик-танлов ғолибларини тақдирлаш, “Меҳнатга оид хуқуқингизни биласизми” мавзусидаги зукколар ўйини, бахс-мунозаралар тарзида ўтказиш режалаштирилган.

Тадбир доирасида иштирокчилар қуйидаги йўналишларда мулоҳазалар билдириши, кўргазмали материаллари ва видеороликлар намойиш этиши режалаштирилган:

– меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати;

– меҳнатни муҳофаза қилишнинг тизими;

– меҳнат шароитларини яхшиланишига оид ишлар;

– меҳнат шароитлари ноқулай ишларда банд бўлган ходимлар белгиланган нормалар бўйича сут (шунга тенг бўлган бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари), даволаш-профилактика озиқ-овқати, газланган тузли сув (иссиқ цехларда ишловчилар учун), махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан бепул таъминланиши;

– ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўл-йўриқлар бериш, ишларни бажаришнинг хавфсиз услублари ва усулларини ҳамда бахтсиз ҳодисалардан жабрланганларга ёрдам кўрсатишга ўқитишни ташкил этиш;

– меҳнат шароити оғир, зарарли ва хавфли ишларда банд бўлган ходимлар, шунингдек ходимларнинг айрим тоифалари (аёллар, ўн саккиз ёшдан кичик бўлган шахслар, меҳнат қобилияти чекланган шахслар) учун меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари.

Шунингдек, фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби, меҳнатда майиб бўлган ёки касб касаллигига чалинган шахсларнинг касбий меҳнатга лаёқати йўқотилиши даражаси, ногиронликка олиб келадиган асосий касалликлар ва ушбу касалликларда ногиронликни белгилаш мезонлари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилиши белгиланган.

Ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш, уларнинг манзиллигини ва самарадорлигини оширишга эътибор қаратилади ва халқарор тажрибалар ўрганилган ҳолда тегишли ҳужжатлар қабул қилинади.

Тадбирларда олинган маълумотлар, алмашилган фикрлар ва белгиланган вазифалар келгусида республикадаги барча корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ ҳолда юз берган ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини тизимли равишда таҳлил этиш ҳамда бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш чора-тадбирларини белгилашда самарали натижалар бериши кутиляпти.

Хулоса.

Меҳнат муҳофазаси маданияти ташкилотда уни бошқариш тизимини ташкил қилиш, ходимларни бу тизимда иштирокини таъминлаш каби мажбуриятларни олади. Глобаллашув даврида мамлакатда меҳнат муҳофазасини ривожлантиришдаги рақобатбардошликнинг ошиши бирор бир сабаб туфайли барбод бўлмаслиги халқаро даражада кафолатланган.

Бундай мажбуриятлар ХМТ тажрибасида меҳнат муҳофазасининг зарурий қарорлари уч томонлама шериклар яъни, хукуматлар, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳамкорлигида юзага келади. Ўзбекистон Республикасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган Бош келишувда мазкур масалалар ўз аксини топган.

ХМТ тавсияларига кўра меҳнат муҳофазасини бошқарув тизими мавжуд бўлган ташкилотларда хавфсиз ҳамда самарали меҳнат кўрсаткичлари ўсмоқда. Замонавий раҳбарлар биладики, меҳнат унумдорлиги ва хавфсизликнинг ўсиши ташкилотнинг рақобатбардошлиги ошишига ишончли асосдир. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, кучли касаба уюшмаси бор жойда хавфсиз меҳнат шароити мавжуддир. Масалан, Швецияда юқори даражадаги меҳнат муҳофазаси ходимларни самарали уч томонлама ҳамкорликка жалб қилингандан кейин юзага келган.

Хавфсиз меҳнатнинг иқтисодий жиҳатдан шубҳасиз қулайлиги иш жойларидаги ўлим, жароҳат ва касалликлар учун тўловлар камайишига умид уйғотади.

Йирик ташкилотлар ўз фаолиятлари тўғрисида кенг жамоатчиликка ахборот беришларини тушуниб етдилар. Охирги пайтларда хисоботларга меҳнат хавфсизлиги, экологик хавфсизлик ва ижтимоий масалалар, касаба уюшмасининг ҳуқуқлари каби кўрсаткичлар киритиляпти. Ташкилот учун ишлаб чиқариш билан боғлиқ жароҳат ва вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик масалалари катта харажатлар билан боғлиқдир. Ишончли меҳнат муҳофазаси ишлаб чиқариш кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатаётганига кўпчилик гувоҳ бўлмоқда.

Глобаллашув шароитида ютуқларга эришишга интилаётган мамлакатларда ҳам бу ҳолатни кузатиш мумкин.

Айрим давлатлар меҳнат муҳофазаси учун маблағ сарфлай олмаганлиги, меҳнат муҳофазаси меъёрларини бажармасликлари рақобатбордошликни камайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аммо бу важлар хеч қандай асосга эга эмас.

“Хавфсизлик учун тўлаш зарур, унинг йўқлиги учун эса тўлаб борилади” (За безопасность необходимо платить, а за ее отсутствие расплачиваться) деган эди Уинстон Черчилль. Меҳнат муҳофазасига йўналтирилган маблағ харажат эмас, балки келажак учун инвестициядир.

Ҳурматли тадбир иширокчилари,

Меҳнат муҳофазаси профилактикаси маданиятини юқори даражага кўтариб, иш жойларидаги хавфсизлик, меҳнат қилаётган инсонларнинг саломатлиги сақланиши ва келажакдаги меҳнатимиз учун ҳамжиҳатликда одимлайлик.

Эътиборингиз учун рахмат!

Диққат! Агар сиз сайтда хатоликларни аниқласангиз, уларни белгилаб Ctrl+Enter тугмаларини босинг. © 2015 Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг Портали Сайтдан олинган маълумотлардан фойдаланганда Ўзбекистон Касаба Уюшмалари Федерациясининг расмий сайти http://kasaba.uz кўрсатиб ўтилиши шарт. Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Тел.:(+99871) 252-21-18 E-mail: info@sfp.uz