31.07.2015. Маълумки, жорий йил касаба уюшмалари тизимида ҳисобот-сайловлар йили ҳисобланади. Ҳисобот сайлов йиғилишларида ўтган беш йиллик фаолият сарҳисоб қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилиб олинмоқда.
Куни кеча Бухоро вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг VII конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси Танзила Нарбаева иштирок этиб, мамлакат касаба уюшмалари олдида турган энг долзарб масалаларга алоҳида тўхталди.
Конференция кун тартибига асосан вилоят бирлашмаси кенгаши раиси Ғ.Сафаровнинг бирлашма кенгаши томонидан 2010-2015 йилларда амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.
Унда, ўтган беш йил давомида вилоят касаба уюшма ташкилотлари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилди. Жумладан, вилоятда жамоа шартномалари орқали ходимларни ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилиш чоралари кучайритилди. Натижада 2014 йилда вилоят корхона ва ташкилотларида меҳнат қилаётган ҳар бир ходимга жамоа шартномаси орқали ўртача 744,2 минг сўм сарфланишига эришилди. Ушбу кўрсаткич жамоа шартномалари орқали ходимларга сарфланаётган маблағнинг 2010 йилга нисбатан қарийб 3,3 баробарга ошганини кўрсатади.
Ҳисобот даври мобайнида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 36,6 минг нафардан ортиқ фуқаро ҳамда 28,1 мингдан ортиқ оилага 8,3 млрд. сўмга яқин моддий кўмак берилган. Хусусан, ижтимоий йўналтирилган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш доирасида кам таъминланган оилалар вакилларига 1 млрд 645 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган. 227 та оилага мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар, шунингдек, уй-жой қурилиши учун 2 млрд 992 млн. сўм миқдоридаги фоизсиз ссудалар берилган.
Нодавлат сектори тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш мақсадида олиб борилган тарғибот ишлари натижасида 2010-2015 йилларда 3 минг 319 та хўжалик субъектидаги 20,2 минг нафардан ортиқ ходимлар касаба уюшмалари хизматига олинган. Шунингдек, фуқаролардан тушган 1 минг 231 та мурожаатнинг 1 минг 151 таси ижобий ҳал қилинган. Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган қонунбузилишлари юзасидан иш берувчилар ва уларнинг юқори органларига 174 та тақдимнома киритилиб, уларнинг 134 таси қаноатлантирилган, ходимларга етказилган 268 млн. сўмдан ортиқ маблағлар ундириб берилган.
Вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси юридик хизмати ёрдамида иш берувчилар томонидан ноқонуний ишдан бўшатилган 59 нафар ходим ўз ишига тикланган. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро ва шаҳар судларига киритлагн 15 та даъво аризасининг 13 таси ижобий ҳал этилган, 2 та даъво аризаси ходимларнинг аризаларига асосан иш юритувидан тўхтатилган.
Бундан ташқари, ходимлар учун хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилган. 2010 йилнинг 2-ярим йиллигида корхона ва ташкилотлар томонидан жамоа шартномаларида кўзда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирларини бажариш билан боғлиқ харажатлар 2 млрд 163 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2015 йилнинг 1-ярим йиллигида ушбу харажатлар 5 млрд 787 млн. сўмдан ортган. Ушбу маблағлар махсус кийим-бош, пойафзал, шахсий ҳимоя воситалари харид қилиш, ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш, меҳнат шароитларини яхшилаш йўналишлари учун сарфланган.
Ҳисобот даврида вилоят касаба уюшмалари томонидан ходимларни соғломлаштириш, улар учун турли маданий ва спорт тадбирларини ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан 5 минг 164 нафар ходим санаторийларда имтиёзли равишда соғломлаштирилган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 395 нафар ходим бепул равишда ўз саломатликларини тиклаган.
Бошланғич ташкилотлар ҳисобида қолдириладиган касаба уюшмалари маблағларининг 50 фоиздан 60 фоизга (ижтимоий объектлари бўлган бошланғич ташкилотларда эса 70 фоиз) оширилиши натижасида имкониятлар янада кенгайиб, 2013-2014 йиллар давомида қўшимча равишда 2 минг 509 нафар ходимлар ва уларнинг яқин қариндошлари учун турли санаторий ва дам олиш уйларига йўлланмалар ажратилган.
Тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишлари, мустақиллик йилларида барпо этилган иншоотлар, ўзгаришлар билан яқиндан танишишлари учун 35 минг нафардан ортиқ ходим учун саёҳатлар ташкил этилган.
Вилоят бирлашмаси раиси ҳисоботида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган камчиликлар ҳам таъкидланди ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Ҳисобот-сайлов конференциясида тафтиш комиссияси ҳисоботи ҳам тингланди.
Шундан сўнг бирлашма кенгаши ҳамда тафтиш комиссиясининг янги таркиби тасдиқланди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойига делегатлар сайланди.
Конференцияда билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди.