Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ҳисобот-сайлов конференциялари давом этмоқда

22.05.2015. 2015 йил Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ҳисобот-сайловлар йили ҳисобланади. Жорий йилнинг февраль-апрель ойлари давомида 36 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларида ҳисобот-сайловлар ўтказилди. Айни кунларда касаба уюшмаларининг туман ва шаҳар ташкилотлари конференциялари бўлиб ўтмоқда.

Хусусан, 21 май куни Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Юнусобод туман кенгаши конференцияси ўтказилди. Унда, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларидан сайланган 75 нафар делегат билан бир қаторда, юқори касаба уюшмаси органлари ва ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Конференция кун тартибидаги биринчи масала, яъни туман кенгаши томонидан 2010 йилнинг май ойидан 2015 йилнинг май ойигача амалга оширилган ишлар юзасидан туман кенгаши раиси Ш.Шарипова ҳисобот берди.

Унда, касаба уюшмаси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, турли маданий-маърифий ва спорт тадбирларига кенг жалб этиш борасида олиб борилган ишлар батафсил қайд этилди.

Жумладан, тармоққа қарашли барча бошланғич ташкилотлар жамоа-шартномавий муносабатлар билан тўлиқ қамраб олинишига эришилган, жамоа шартномалари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан ишлаб чиқилган макетга мослаштирилган ҳолда, уларнинг мазмуни тубдан ўзгартирилган.

Натижада, 2010 йилда туман миқёсида жамоа шартномалари ва жамоа келишуви орқали ҳар бир ходим олган даромад миқдори ўртача 150 минг сўмни ташкил этган бўлса, 2014 йилнинг якунига келиб ушбу кўрсаткич 3,5 баробарга ортган ва 525 минг сўмни ташкил этган.

Жамоа шартномаларида кўзда тутилган қўшимча имтиёзлар ҳисобига, тармоқ тизимидаги ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ҳар бир ходимга 3-5 кундан иборат ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар бериб келинган. Кам таъминланган оилалардан бўлган ходимлардан 859 нафарига 74,6 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган.

Ҳисобот даврида 475 нафар ходимлар санаторий ва дам олиш уйларида имтиёзли равишда соғломлаштирилган, ходимларнинг 255 нафар фарзандлари ёзги мавсумда оромгоҳларда дам олдирилган.

Туман кенгаши конференциясида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳам қайд этиб ўтилди ҳамда келгусида касаба уюшмаси томонидан олиб бориладиган устувор вазифалар бўйича таклифлар билдирилди.

Шунингдек, тафтиш комиссияси раиси ҳисоботи тингланди. Делегатлар томонидан ҳисобот даврида туман кенгаши томонидан амалга оширилган ишлар қониқарли деб топилди.   

Шундан кейин туман кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзолари сайлаб олинди. Туман кенгаши аъзолари орасидан 2013 йилдан буён туман кенгаши раиси лавозимида ишлаб келаётган Ш.Шарипова делегатлар томонидан бир овоздан ушбу лавозимга қайта сайланди.

Конференция сўнгида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмасининг Тошкент шаҳар ташкилоти конференциясига делегатлар ҳам сайланди.