Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ходим касаба уюшма розилигисиз бўшатилган эди…

11.01.2021. «Хонқа дон маҳсулотлари» акциядорлик жамиятининг 2020 йил 22 январдаги 10-к сонли буйруғига биноан корхонанинг иссиқлик энергия таъминоти бўлими бошлиғи Равшан Жуманиёзов билан тузилган меҳнат шартномаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-банди (малакаси етарли бўлмагани ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши)га асосан бекор қилинади.

Равшан Жуманиёзов ушбу корхонада 2019 йил 1 июнда фаолият бошлаган. Корхонада 2019 йил 2 декабрь ва 23 декабрь кунлари ўтказилган йиғилишларда Жуманиёзов иситиш қозонини ўз вақтида ишга туширмагани муҳокама қилиниб, малакаси етарли эмас, деб топилган. 2020 йил 22 январда эса ишдан бўшатилган. Ваҳоланки, акциядорлик жамияти Жамоа шартномаси талабларига кўра, ходимни касаба уюшма розилигисиз бўшатиш мумкин эмас.
Тўғри, корхона маъмурияти 2019 йил 28 декабрда касаба уюшма қўмитасига Р.Жуманиёзовга нисбатан интизомий жазо қўллашни сўраб, мурожаат қилган. Касаба уюшма қўмитасининг 2020 йил 22 январдаги йиғилиш баёнида интизомий жазо қўллашга қарши эмаслиги билдирилган. Шу куни Жуманиёзов ишдан бўшатилган. Ваҳоланки, касаба уюшма қўмитаси ходимни ишдан бўшатишга розилик бермаган.
Р. Жуманиёзов ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишни сўраб, Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасига мурожаат қилди. Музокара ва суд жараёнлари узоқ давом этди. Ниҳоят, 2020 йил 4 ноябрдаги Урганч туманлараро суди ҳал қилув қарори билан «Хонқа дон маҳсулотлари» акция­дорлик жамиятининг 2020 йил 22 январдаги 10-к сонли буйруғи ноқонуний деб топилди. Ҳал қилув қарорида, шунингдек, корхона Р.Жуманиёзовга мажбурий бекор юрган кунлари учун 26 311909, 36 сўм, маънавий зарар учун 3 202 276 сўм тўлаб бериши кўрсатилди.
Шундан сўнг, «Хонқа дон маҳсулотлари» АЖ фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судига аппеляция шикояти билан мурожаат қилди. 2020 йил 10 декабрда фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида ушбу шикоятни кўриб чиқди ва фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш ҳақида ажрим қабул қилди.
Ҳа, касаба уюшмалари аралашуви билан ­Р.Жуманиёзов Янги йилни хуш кайфиятда кутиб олишга муваффақ бўлди. Ҳозирда суд қарори ижроси таъминланиб, у ўз вазифасига қайта тикланди, мажбурий бекор юрган вақти учун маънавий зарар тўлаб берилди.

Мурод Худойберганов
Хоразм вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси етакчи юрисконсульти

Click to listen highlighted text!