Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ходимлар ҳақи ундирилди

28.01.2021. Тиббиёт ходимларини замонамиз қаҳрамонлари, деб атасак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Уларни ижтимоий-иқтисодий қўллаш учун кўплаб қарор ва фармонлар ижроси юзасидан бир қатор чора-тадбирлар белгилангани ҳам бежиз эмас. Бир, ҳатто, икки ойлаб касалхоналарда хизмат қилган шифокорлар, ҳамширалар, тез тиббий ёрдам кўрсатувчи машиналар ҳайдовчиларининг оила аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб турилганидан ҳам хабардормиз.

Коронавирус касаллигига чалинган беморларни даволаётган тиббиёт ходимларига қўшимча устама маблағлари тўланиши бўйича чиқарилган қарор ҳам айни муддао бўлди. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, айрим тиббиёт муассасаларида ушбу маблағлар ўз эгаларига берилмаган экан.
Касаба уюшмаларининг меҳнат инспекциялари аралашуви билан бундай ҳолатларнинг олди олинди. Мисол учун, Жиззах шаҳар кўп тармоқли марказий поликлиникаси қошида ташкил этилган «COVID-19» амбулатория марказида ишлаб келаётган бир гуруҳ тиббиёт ходимларидан қўшимча устама ­маблағлари тўланмаётгани тўғрисида мурожаат келиб тушди. Мурожаатни ўрганган инспекция ходимлари томонидан 16 нафар ходимга 28 миллион сўм маблағ тўлаб берилишига эришилди.
Шунингдек, вилоят Эндокринология диспансери негизида коронавирусга чалинган беморларни даволаш учун 103 нафар тиббиёт ходими жалб этилган бўлиб, улар ҳам рағбатлантириш пулларини ундиришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлишди. Инспекциянинг аралашуви билан мурожаатчиларга 1 миллиард 543 миллион сўм тўлаб берилди.
Ўтган йили пахта йиғим-терими даврида терим пулларини ўз вақтида бермаслик ҳолатлари ҳам юзага қалқиб чиқди. Инспекция­нинг аралашуви билан Зарбдор туманидаги «Нодирбек» фермер хўжалигида 55 нафар теримчига 24 миллион 760 минг, «Ҳумоюн фахри» фермер хўжалигида 25 нафар теримчига 28 миллион, Пахтакор туманидаги «Жавоҳир орзуси» фермер хўжалигида 48 нафар теримчига 15 миллион 851 сўм терим пуллари ундириб берилди.
2020 йилда 87 та корхона ва ташкилотда 82 та назорат-профилактика ишлари олиб борилди. Ўрганиш ва назорат профилактика ишлари давомида 481 та камчилик аниқланиб, иш берувчиларга ушбу ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

Икром Жабборов,
Суҳроб Нуруллаев
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича меҳнат-ҳуқуқ инспекторлари

Click to listen highlighted text!