Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ходимлар розилиги йўлида

15.06.2022. Китоб туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактаби ходимаси Лайло Бекова 2020 йили ноқонуний ишдан бўшатилгани тўғрисида Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Китоб тумани кенгашига мурожаат қилган ва уюшма аралашуви билан суд орқали вазифасига тикланган эди. Орадан бир йил ўтиб, у яна лавозимидан озод этилди. Табиийки, у бу сафар ҳам касаба уюшмасидан нажот кутди.

Можарога тааллуқли ҳужжатлар ўрганилганда қонун бузилишларга йўл қўйилгани аниқланиб, бу ҳақда мактаб раҳбарига билдирилди. Бироқ директор ходимга ён босмади. Оқибатда иш яна кўриб чиқилди ва суд қарори билан Лайло Бековага уч ойлик маоши тўланди ва у ишига тикланди.

Яқинда Бекова ўзининг аъзолик ҳуқуқларидан фойдаланиб, туман кенгашига санаторийга йўлланма сўраб мурожаат қилди. Илтимос қаноатлантирилгач, у «Қашқадарё соҳили» санаторийсида саломатлигини тиклади.

– Йил бошидан буён кенгашимизга турли масалалар бўйича 165 та мурожаат тушди, – дейди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмасининг Китоб тумани кенгаши раиси Баҳриддин Эгамбердиев. – Уларнинг аксариятини санаторийларга йўлланмалар ва моддий ёрдам сўрашга доир аризалар ташкил қилади. Шунга кўра, ҳозирга қадар 41 нафар ходимга санаторийга йўлланма тақдим этилди. Яна 23 нафар педагог «Қашқадарё соҳили» санаторийсида бепул соғломлаштирилди. Таълим даргоҳларида ишлаётган 16 нафар пенсиядаги фахрийга ҳам моддий, ҳам манзилли ёрдам кўрсатилди. Сурункали касалликка чалинган, оилавий шароити оғир ходимлардан бир нечтасига кўмаклашилди. Айни кунларда эса 50 нафар ўғил­қиз Мирзо Улуғбек номидаги оромгоҳда ҳордиқ чиқармоқда.

Туман тармоқ касаба уюшмаси тизимида 128 та бошланғич ташкилот бор. Шунингдек, мактабгача таълим бўлими касаба уюшма қўмитаси негизида 43 та нодавлат таълим ташкилоти аъзоликка олинган. Ҳар ойнинг иккинчи сешанбаси «Бошланғич ташкилотлар куни» деб эълон қилинган. Шу муносабат билан уларнинг моддий­техник базасини мустаҳкамлаш, етакчиларга амалий­услубий ёрдам кўрсатиш чора­тадбирлари кўрилмоқда. Афсуски, бошланғич ташкилотлардаги меҳнат низолари комиссиялари фаолияти қониқарли эмас. Таълим муассасасининг ўзида ҳал этилиши мумкин бўлган баъзи масалалар эса юқори ташкилотлар миқёсида кўрилмоқда. Шу боис жойларга чиқилганда комиссия ишини жонлантириш бўйича ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Кейинги вақтда бот­бот тилга олинаётган «Халқни рози қилиш» деган тамойил касаба уюшмалари фаолиятида ҳам асосий мезонга айланган. Юқорида гувоҳи бўлганимиздек, ходимнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва иқтисодий манфаатлари қанчалик тўлақонли ҳимоя қилинса, унда ҳаётдан розилик, миннатдорлик ва келажакка ишонч туйғулари шунчалик мустаҳкамланаверади.

Акмал Абдиев

Click to listen highlighted text!