Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ходимни алдаш иш берувчига 34 млн. сўмдан кўпга тушди

07.06.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти кенгашига Барчиной Аҳмадалиева меҳнатга оид бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Маълум бўлишича, Барчиной Аҳмадалиева 2023 йил 16 октярда меҳнат таътилига чиқади. Бу орада у, яъни ҳомиладорлиги сабабли 2023 йил 7 ноябрдан 2024 йил 12 мартгача ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқади. Керакли ҳужжатларни эса кадрлар бўлимига тақдим этади. Ҳамма машмаша ана шундан кейин бошланади.

Барчиной Аҳмадалиева 2023 йил 4 ноябр куни ишга чақиртирилади. Устамонликни қарангки, ходимга ҳаммаси яхши бўлиши, “декрет” пули тўланиши, кейин яна ўз иш жойига қайтишини айтиб, кадрлар бўлими томонидан келишув ва ишдан бўшаш тўғрисидаги буйруққа алдов йўли билан имзо қўйдирилади. Шу орқали “GLOBAL TEXTILE INFINITY” МЧЖ ҚКнинг 2023 йил 4 ноябрдаги буйруғи билан у билан тузилган меҳнат шартномаси 2023 йил 6 ноябр кунидан тарафлар келишувига кўра бекор қилинади.

Барчиной Аҳмадалиева эса кейинчалик ишдан алдаб бўшатилганини билади. Ҳуқуқий кўмак сўраб турли идораларга мурожаат қилади. Афсуски, у мурожаат қилган идоралар унга ҳеч қандай ёрдам бера олмайди. Алал оқибат у Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига мурожаат қилади.

Барчиной Аҳмадалиеванинг мурожаати ўрганилар экан, уни ишдан бўшатишда иш берувчининг буйруғи қабул қилинишида Меҳнат кодексининг талаблари бузилганлиги аниқланади. Шунга кўра, иш берувчидан Барчиной Аҳмадалиевани ишдан бўшатганлиги тўғрисидаги буйруқ ва буйруққа асос бўлган ҳужжатларни тақдим қилиш юзасидан кенгаш томонидан сўров хати юборилади. Аммо бунга иш берувчи томонидан ҳеч қандай муносабат билдирилмайди.
Узоқ олиб борилган музокаралардан сўнг иш судда кўриб чиқилади.

Суднинг қарори билан Барчиной Аҳмадалиева “GLOBAL TEXTILE INFINITY” МЧЖ ҚКга ўз иш жойига ишга тикланиб, меҳнатга лаёқатсизлик варақаси учун тўлов, мажбурий прогул, маънавий зарар ҳамда иш берувчи томонидан ўз вақтида тўламаганлиги учун фоиз тўлов пуллари жами бўлиб, 34 млн. 474 минг сўм  ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, ходимнинг меҳнатга оид бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланди.

Авазхон Тураходжаев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши бош юрисконсулти.