Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишлари янада кучайтирилади

20.12.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган тарздаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Уни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Президентимиз ташаббуслари билан амалга татбиқ этилган ноёб тизим, яъни “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичи доирасида 2022 йил давомида амалга оширилган ишлар таҳлил этилиб, 2023 йилда амалга ошириладиган долзарб вазифалар белгилиб олинди.

Йиғилишда Марказий студиядан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Салиев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайхо Маҳкамова, вазирлик ва идораларнинг раҳбарларидан таркиб топган Республика комиссияси аъзолари, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, секторлар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар ва филиаллар бошлиқлари, Федерациянинг ҳудудий кенгашлари раҳбарлари, туман (шаҳар) студияларидан эса туман (шаҳар) ҳокимлари ва  секторлар раҳбарлари, ҳокимларнинг иқтисодиёт ҳамда оила ва хотин-қизлар бўйича ўринбосарлари, туман (шаҳар) ташкилотлари раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари,  жами 30 минг нафардан ортиқ масъул ходимлар иштирок этдилар.

Маълумки, 2020 йилдан бери муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан амалга киритилган ва хотин-қизлар муаммоларини ҳал этишга қаратилган ноёб тизим, яъни “Аёллар дафтари” тизими бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бунинг натижасида 2020-2022 йиллар давомида “Аёллар дафтари” тизими асосида кўплаб эҳтиёжманд хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан:,  1-босқичда 430 минг 275 нафар, 2-босқичда 450 минг 870 нафар, 3-босқичда эса 641 минг 816 нафар хотин-қизларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Хусусан, “Аёллар дафтари” тизимининг 3-босқичи доирасида мазкур дафтарга кирган эҳтиёжманд хотин-қизлардан 214 минг 47 нафарининг бандлиги таъминланди, 45 минг 616 нафар хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун жами 478 млрд 934 млн сўмлик кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган 178 минг 801 нафар хотин-қизга, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 121 минг 521 нафар хотин-қизга ҳамда қарамоғида ногирон фарзанди мавжуд 70 минг 922 нафар хотин-қизга жами 396 млрд. 936  млн. сўм миқдорида моддий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 10 минг 241 нафар ҳамда уй-жойга муҳтож 1 минг 846 нафар хотин-қизга жами 7 млрд. 249 млн. сўм миқдорида моддий ёрдамлар берилди.

Шу билан бирга, боқувчисини йўқотган 4 минг 598 нафар ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий ёрдамга муҳтож 2 минг 748 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди. Бундан ташқари, қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди бўлган 3 минг 952 нафар хотин-қизга томорқасидан самарали фойдаланишига кўмаклашилди. Уй-жойга муҳтож бўлган 10 минг 909 нафар хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Уларнинг 6 987 нафарига турар-жой учун жами 8 млрд 785 млн сўм миқдорида ижара тўлови учун  компенсация тўлаб берилди, 3 минг 343 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди, 579 нафари ижтимоий уйларга жойлаштирилди.

Мазкур асосий ёрдамлардан ташқари, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга қўшимча равишда қуйидаги амалий ёрдамлар кўрсатилди:

– 214 минг 19 нафар хотин-қизлар ва уларнинг 41 минг 18 нафар вояга етмаган фарзандларига тиббий ёрдам берилди;

– 279 минг 73 нафар хотин-қизга ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатилди;

– 231 минг 879 нафарига малакали психологик маслаҳатлар берилди;

– 23 минг 818 нафарига деҳқончилик фаолияти билан шуғулланиш учун жами 4 минг 448 гектар ер майдони ажратилишига кўмаклашилди;

– 11 минг 768 нафарига ер майдонларини суғориш, иссиқхоналар қуриш, асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилиш ва бошқалар учун жами 66 млрд. 962 млн. сўм миқдорида субсидиялар берилди;

– 879 нафар хотин-қизга касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ёрдам берилди ва ушбу мақсадлар учун 747 млн. сўм гранд маблағлари ажратилди;

– олий ўқув юртида таҳсил олаётган 144 нафар хотин-қизлар ва “Аёллар дафтари”даги хотин-қизларнинг 37 нафар фарзандларига контракт тўловининг бир қисми (жами 730 млн. сўм) тўлаб берилди.

Умуман олганда, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичи рўйхатига киритилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун барча манбалар ҳисобидан жами 1,3 трлн. сўмга яқин маблағ сарфланди.

Видеоселектор йиғилишида мазкур йўналишларда амалга оширилган ишлар таҳлил этилиши билан бирга, “Аёллар дафтари” тизими бўйича олдинда турган долзарб вазифалар ҳам белгилиб олинди. Хусусан, “Аёллар дафтари” тизимининг 2023 йилда амалга ошириладиган 4-босқичида мазкур тизим моҳиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир хотин-қизга комплекс ёрдам бериб, уни ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаб олишига кўмаклашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги таъкидланди. Яъни, аёлларга битта ёки иккита ёрдам билан чекланиш эмас, балки, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг ижтимоий-молиявий аҳволи яхшиланиб, ўзини тутиб олишига кўмаклашиш асосий мақсад бўлиши лозимлиги қайд этилди. 2023 йилда “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизими доирасида манзилли амалий ёрдамлар кўрсатиладиган эҳтиёжманд хотин-қизлар қамровини 1 млн. нафарга етказиш бўйича Президентимиз томонидан қўйилган муҳим вазифалар ижроси юзасидан амалга ошириладиган аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Республикамизда жами 8 млн.дан зиёд 30 ёшдан ошган хотин-қизлар истиқомат қилади. Амалий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган 1 млн. нафар эҳтиёжманд хотин-қизлар эса ушбу хотин-қизларнинг 12,5 % ни ташкил этади. Шу асосда ҳудудлар кесимидаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Қорақалпоғистон Республикасида – 55  минг нафар, Андижон вилоятида – 91 минг, Бухоро вилоятида – 60 минг, Жиззах вилоятида – 38 минг, Қашқадарё вилоятида – 88 минг, Навоий вилоятида – 30 минг, Наманган вилоятида – 81 минг, Самарқанд вилоятида – 108 минг, Сирдарё вилоятида – 24 минг, Сурхондарё вилоятида – 70 минг, Тошкент вилоятида – 90 минг, Фарғона вилоятида – 112 минг, Хоразм вилоятида – 55 минг, Тошкент шаҳрида – 98 минг нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга ёрдам берилиши зарур.

Эндиликда олдинда турган долзарб вазифалардан бири, ушбу хотин-қизларни “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритиб, ҳар бирига индивидуал ёндошган ҳолда ёрдам берилиши мақсадга мувофиқдир.

Видеоселектор йиғилишида “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизлар йил сўнгига бориб мустақил ҳаёт кечиришга тайёр бўлиши зарур эканлиги, шу боис январь ойида 9 370 та маҳалланинг ҳар бирида давлат ва жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан хотин-қизларнинг муаммолари уйма-уй юриш орқали ўрганилиши алоҳида таъкидланди.

Шу тарзда хотин-қизларнинг бугунги кундаги долзарб муаммолари аниқланади. Бунда, “Аёллар дафтари”нинг 3-босқичида баъзи сабабларга кўра суҳбатлашиш имкони бўлмаган хотин-қизлар хонадонига, яъни ички ёки ташқи миграцияда юрган ва ҳозирда қайтиб келган хотин-қизлар, ўша пайтларда соғлиғи туфайли касалхонада бўлган хотин-қизлар, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтиб келган хотин-қизлар, “Ёшлар дафтари”дан чиқарилган, бироқ айни пайтда эҳтиёжманд бўлиб турган 30 ёшдан ошган хотин-қизлар, “Темир дафтар”га киритилмаган эҳтиёжманд хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши зарур. Шунингдек, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизлар ҳам тўлиқ хатлов қилинади. Энг муҳими, ўрганишларда бирорта ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қиз эътибордан четда қолиб кетмаслиги шарт!

Таъкидланганидек, мазкур ишларни сифатли амалга ошириш мақсадида хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиб бориш учун “сектор – туман – вилоят – республика” даражасида штаблар  ташкил этилади. Жойларда ўрганиш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириб бориш мақсадида эса ҳар бир вилоят ва туман (шаҳар)га касаба уюшмалари вакиллари бириктирилади.

Йиғилишда хонадонма-хонадон юриш орқали хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ишларини олиб бориш, “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритиладиган хотин-қизлар рўйхатлари билан бирга уларнинг “индивидуал дастурлари”ни ишлаб чиқиш, бунда хотин-қизларнинг эҳтиёжлари, қизиқишлари, “кредит тарихи”, эҳтиёжмандлик даражаси ва бошқа масалаларни синчковлик билан ўрганиш бўйича аниқ, манзилли ва муддатли вазифалар белгилаб берилди.

Хотин-қизларнинг “индивидуал дастурлари”, уларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган “Йўл харитаси” лойиҳаси халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашида тасдиқлангач, амалий ёрдам ишларини зудлик билан бошлаш зарурлиги қайд этилди.

Видеоселектор йиғилишида ҳудудий студиялардан иштирок эган мутасаддилар ҳам сўзга чиқиб, қўйилган долзарб вазифаларни ўз вақтида ижро этиш борасида фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Бир сўз билан айтганда, видеоселектор йиғилишида минглаб оилалар ва опа-сингилларимиз ҳаётига фаровонлик олиб кириш йўналишларида амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилиб, улар бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси раиси Қудратилла Рафиков ҳеч бир эҳтиёжманд хотин-қиз эътибордан четда қолмаслиги зарурлиги, уларга кўрсатилаётган ёрдамлар минглаб оилалар фаровонлигини таъминлашга хизмат қилишини алоҳида таъкилади. Шунингдек, ушбу эзгу ва хайрли, кечиктириб бўлмас вазифалар ижроси бўйича барча мутасаддиларнинг бир ёқадан бош чиқариб биргаликда ишлаши, шу йўлда куч ва имконияларни тўлиқ сафарбар қилиб, идоралараро самарали ҳамкорликни таъминлаш зарурлигини қайд этди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати