«Хумсон» дардимга даво бўлди
23.09.2024. Мен Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманида яшайман ва шу тумандаги Ўзбекистон Либерал демократик партиясида аппарат раҳбари бўлиб ишлайман. Жорий йилда 60 ёшни қаршиладим. Соғлиғимда муаммолар борлиги туфайли шифокорлар бирорта санаторийда саломатлигимни тиклашимни тавсия қилишди.
Энг аввало, партиянинг вилоят кенгашидаги касаба уюшмасидан йўлланма сўрадим. Сўнгра Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хотин-қизлар муаммолари бўйича 1211 рақамли «Ишонч телефони»га мурожаат қилдим. Мурожаатимни Федерациянинг Тошкент вилоятидаги кенгаши ўрганиб чиқиб, менга «Хумсон» санаторийсига имтиёзли йўлланма тақдим этди.
Санаторийда кўнгилдагидек дам олдим, у ерда яратилган шароитлар ва фойдали даволаш усуллари менга жуда ёқди. Айниқса, ширинсўз тиббиёт ходимлари жонимга оро киришди. Турли вилоятлардан келган дам олувчилар билан танишдим, улар билан бундан кейин ҳам узилмас алоқада бўлиб туришни мақсад қилдик. Қисқаси, «Хумсон» дардимга ҳам жисмоний, ҳам руҳий даво бўлди. Мен бундай гўзал ва баҳаво масканларга мунтазам бориб туришни астойдил кўнглимга тугиб қўйдим.
Шу ўринда менинг мурожаатимни тезда ҳал қилиб берган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига катта раҳмат айтаман. Мана шу 1211 рақамли «Ишонч телефони» мудом ишлаб турсин. У туфайли ҳал бўлмаётган мурожаатлар ечимини топмоқда. Катта раҳмат сизга, яхши инсонлар!
Каромат Расулова
Ўрта Чирчиқ тумани