[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.05.2020. Олтинсой туманидаги сўлим тоғ қўйнида 200 ўринли замонавий «Хўжаипок» санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали маросимда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ёшлар ва нуронийлар иштирок этди.
Мамлакатимизда кейинги йилларда саломатликни мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, аҳолининг дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айланди.
Президентимизнинг жорий йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳам бу борадаги ислоҳотлар самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилгани бунга далилдир.
Давлатимиз раҳбари 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида сўлим тоғ қўйнидаги шифобахш сувга эга гўшада юртдошларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, соғлигини тиклаши учун барча шароитларга эга соғломлаштириш масканини барпо этиш юзасидан тегишли вазифаларни берган эди. Шунга мувофиқ санаторий қурилишига Жобу маҳалласи ҳудудидан 5 гектар ер майдони ажратилди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг капитал қурилиш бошқармаси буюртмачи этиб белгиланди. «Касаба лойиҳа» масъулияти чекланган жамияти унитар корхонаси лойиҳа ишларини амалга оширди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига қарашли «Касаба қурилиш таъмир» шўба корхонаси бунёдкорлари муҳташам бинони тез ва сифатли барпо этди.
Барча замонавий қулайликларга эга беш қаватли соғломлаштириш-дам олиш масканини қуриб, фойдаланишга топшириш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 85 миллиард сўм маблағ сарфланди. Кўп қаватли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш биноси, 200 ўринга мўлжалланган маданият саройи, 10 минг китоб фондига эга кутубхона, турли рангда жилоланадиган фаввора қурилган. Санаторийда 20 дан ортиқ физотеравтик даволашга мослаштирилган замонавий ускуна шунингдек, УзИ, ЭКГ ва лабаратория жиҳозлари ўрнатилган. Фитобар, ёпиқ бассейн мавжуд. Бу ерда кардиологик, неврологик, таянч ҳаракат, гинекологик, стаматологик, урологик ва бошқа касалликларга даволаниш учун барча шароит яратилган.150 киши иш билан таъминланади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қ.Рафиқов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери биринчи ўринбосари А.Саидов,меҳнат фахрийси Х. Шарофуддинов ва бошқалар мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, уларнинг муносиб дам олишини ташкил этиш, мавжуд даволаш профилактика, соғломлаштириш муассасаларида барча қулайликларни яратиш, хорижникидан қолишмайдиган янгиларини қуриш ҳамда салоҳиятли кадрлар билан таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Бу борадаги барча улуғвор ишлар халқимизнинг бугунги кунидан рози бўлиб яшашига хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
– Бу ерда шундай маскан бунёд этилишини орзу қилсакда, унинг яқин йилларда қурилишини ҳаёлимизга келтирмаган эдик, – дейди олтинсойлик меҳнат фахрийси Музаффар Қаршиев. – Болалигимдан яхши эслайманки, бу ер ёзда ғорли тоғнинг олтингугуртли шифобахш сувидан баҳраманд бўлиш, мўъжизали тоғ қўйнида дам олиб, мазмунли ҳордиқ чиқариш учун нафақат мамлакатимиз балки, қўшни давлатлардан келадиган одамлар билан говжум бўлар эди. Лекин, бундай имкониятдан йил давомида фойдаланиш, тағинам соғлигини тиклаш учун етарли шароит йўқ эди. Қаранг, мажмуа қурилишига дунёга чанг солган пандемия ҳам таъсир эта олмади. Бунёдкорлар бир маромда меҳнат қилиб, барча ишларни ўз муддатида якунлади. Санаторийнинг барпо этилгани мамлакатимизда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун», деган халқчил тамойилнинг амалдаги яна бир ифодаси бўлди. Ахир, шундай чиройли, барча шароитларга эга бинода дам олиб, саломатликни тиклашга не етсин? Бунинг учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Мутахассисларнинг фикрича, ғордаги олтингугурт суви ўн бешдан ортиқ оғир, ўткир ва юқумли касалликлардан фориғ бўлишга ёрдам беради. Табиий самарали восита сифатида таянч ҳаракат тизими, акушер-гинекологик касалликлар, асаб тизими, жигар, буйрак, тери таносил ва бошқа хасталикларни даволашга кўмаклашади.
«Хўжаипок ота» зиёратгоҳи номи билан дунёга машҳур сўлим масканнинг ёнидан оқиб ўтаётган дарё ва ҳудуднинг табиий иқлим шароити санаторий курорт муассасаларини ривожлантириш, агро, тиббиёт ва зиёрат туризмини кенг йўлга қўйиш учун жуда қулай. Бу ердаги минерал шифобахш сув, мусаффо ҳавода кислороднинг кўплиги, бетакрор тоғ табиати кишини беихтиёр мафтун этади. Шу боис ёз мавсумида бу гўшага мамлакатимиз ва хориждан ҳар куни кўплаб киши келиб, муқаддас қадомжони зиёрат қилаётган, дардига даво истаб, маҳаллий аҳоли томонидан қурилган супачаларда ҳафталаб қолиб кетаётган ва шифобахш сувдан баҳра олаётган эди. Эндиликда улар замонавий масканда малакали шифокорлар назоратида бу имкониятдан янада унумли фойдаланиши мумкин. Бунинг учун муҳташам мажмуа қурилиб, атрофи ободонлаштирилди. 26 километр масофага пластик қувур тортилиб, «Хўжаипок» маъданли шифобахш суви туман марказига олиб келинди. Бу тоғли туман марказида яшовчи аҳолининг ҳам шифобахш сувдан фойдаланиши учун кенг имконият яратиб, маҳаллий одамларнинг бир умрлик орзусини рўёбга чиқарди. Бу санаторийнинг яна бир ноёб жиҳати, сиҳатгоҳ дунёда олтингугуртли сув билан даволашга ихтисослашган бешинчи санаторийдир.
– Бу иншоот воҳада Ўзбекистон касаба уюшмалари курортлар бошқармасига қарашли «Термиз марвариди» санаториясидан кейинги иккинчи сиҳатгоҳдир, – дейди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Абдукарим Аҳмедов. – Бу ерда ҳам «Термиз марвариди»даги каби халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг дам олиб, маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-шароит муҳайё этилган. Санаторий курорт муассасаларини кенг ривожлантириш учун қулай иқлим ва муҳитга эга вилоятимизда бу ишлар яна давом эттирилади. Жумладан, келгуси йил бевосита мазкур зиёратгоҳга туташ ҳудудда яна 200 ўринли санаторий-соғломлаштириш ва дам олиш мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилади. Сариосиё туманидаги тоғли ва хушманзара Цангардак қишлоғида қад ростлайдиган кўп қаватли худди шундай мажмуага ҳам бугун дастлабки тамал тоши қўйилди. Кейинги йилларда амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар аҳолининг соғлигини тиклаб, муносиб дам олиши учун зарур қулайликларни яратиш баробарида юртимизнинг туристик салоҳиятини ошириб, миллий иқтисодиётимизни мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани билан ҳам аҳамиятли бўлмоқда.
Тантанали тадбирда мажмуа қурилишида фаол иштирок этган бир гуруҳ бунёдкорларга совғалар топширилди.
Маросимда Сурхондарё вилояти ҳокими Т. Боболов сўзга чиқди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ
ЎзА