27.05.2021. Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси турли соҳаларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бир қаторда кекса авлод вакиллари ва ногиронлиги бўлган инсонларни ҳам моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам бир қатор ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, касаба уюшма фаолари иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган фахрийлар, эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, меҳнат фахрийлари, байналмилалчи жангчилар хонадонларига ташриф буюриб, улар холидан хабар олиш билан бирга амалий ёрдам кўрсатмоқдалар.
Яқинда касаба уюшма фаоллари урганчлик 64 яшар Бахтиёр Рўзимов хонадонида бўлдилар.
Бахтиёр аканинг ҳаракатлари чекланганига узоқ йиллар бўлди. Ногиронлик аравачаси яроқсиз ҳолга келиб қолгани туфайли анчадан бери уйдан ташқарига чиқмай бир жойда ўтириб келаётганди. Янгисини олишга эса қурби етмайди.
Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда Б. Рўзимовга касаба уюшмалари томонидан ногиронлик аравачаси совға қилинди. Бундан Бахтиёр ака ва унинг оила аъзоларининг кўнгли кўтарилди, кўзларига қувонч ёшлари келди. Бахтиёр Рўзимов шу куннинг ўзида аравачада кўчани сайр қилиб келди.
– Президентимизнинг эътибор ва ғамхўрликлари натижасида биз каби имконияти чекланган инсонларга кенг кўламли амалий ёрдамлар берилмоқда, – дея дилидаги гапларни изҳор этди Бахтиёр Рўзимов. – Бундай эътибор бизни ҳаётни севишга ундаб, ижтимоий фаоллигимизни оширади, ёнимизда дардимизга дармон бўладиган инсонларнинг борлигидан қувонамиз.
Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Хоразм вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси