Имтиёз
Ундан ким қандай фойдаланмоқда?
30.03.2015. Касаба уюшма ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалардан бири, бу кичик бизнес субъектларида, қурилиш ва савдо корхоналарида бошланғич ташкилотлар тузиб, уларга амалий ёрдам кўрсатишдир. Ана шу мақсадда касаба уюшма фаоллари меҳнат жамоаларида бўлиб, учрашувлар ўтказишмоқда.
Шундай тадбирлардан бири Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Олмазор туман кенгаши томонидан ташкил этилди.
Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг муовини Баҳодир Дадабоев, учрашув моҳиятидан келиб чиқиб, жумладан, шундай деди.
— Мулк давлат тасарруфидан чиқарилиб, тадбиркорликка кенг ўрин берилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Лекин ишлаб чиқаришда кўнгилсиз ҳодисалар учраб тургани кишини ўйга толдиради. Бунинг асосий сабаби айрим корхоналарда меҳнат муҳофазаси устидан жамоатчилик назорати ўрнатилмаганлигидир. Агар бошланғич ташкилот тузилиб, меҳнатни муҳофаза қилиш комиссияси бир маромда ишлаганда, иш шу даражага етиб бормасди.
Тадбирда бирлашма кенгаши бўлим мудирлари Нуршод ўиёсов ва Равшан Маҳмадалиев жойларда касаба уюшма ташкилотлари тузиш ва уларнинг фаолиятини намунали йўлга қўйиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг республикамизда ратификация қилинган конвенциялари ижроси бўйича касаба уюшма ташкилотлари томонидан жойларда олиб борилаётган ишлар самарадорлигига эришиш юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, тавсиялар беришди.
Учрашув қатнашчилари саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.