06.03.2023. “Инсон қадри учун” телеграм каналида “Касаба уюшмалари томонидан байрамларда ишчиларга 300 минг сўм “байрам пули” ташлаб берилиши керак. Лекин бунинг ўрнига ишчиларга арзимас совғалар тўплами беришяпти” (https://t.me/InsonQadriUchunUz/374) деган мазмундаги фикрлар ҳеч қандай меъёрий-ҳуқуқий манбаларга асосланмаган ҳолда ёзилган. Чунки, байрамлар муносабати билан ишчиларга бериладиган мукофот пуллари корхона Жамоа шартномасида белгиланган бўлса, тегишли тартибда ходимларнинг ойлик маошидан келиб чиққан ҳолда белгиланган миқдорларда берилади. Қолаверса, ҳеч қайси қонун ҳужжатида “байрам пули”га айнан 300 минг сўм берилсин деб белгилаб қўйилмаган.
Шу билан бирга бу келтирилган ҳолат қаерда, қайси ташкилотда бўлаётгани кўрсатилмаган, яъни мавҳум ва аноним гап сўзлар келтирилган. Бу каби мавҳум гап-сўзлар одамларнинг фикрини чалғитишдан бошқа нарса эмас.
Эслатиб ўтамиз, касаба уюшмалари бугунги кунда постда айтилганидек “300 минг сўм байрам пули бериш эмас, аксинча, ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш ишларини амалга ошириб келмоқда.
Мана шу йўналишларда амалга оширилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси саъй-ҳаракатлари билан корхона, ташкилот ва муассасаларда тузилган жамоа шартномаларининг 105 минг 777 тасига, яъни 94,6 фоизига ходим билан меҳнат шартномасини иш берувчи ташаббусига кўра бекор қилишдан аввал албатта касаба уюшма қўмитасининг розилигини олиш талаби киритилишига эришилди. Бунинг натижасида ходимларни ноқонуний ишдан бўшатиш ҳолатларига чек қўйилмоқда.
Яна бир жиҳат – Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда меҳнаткашлар учун асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Натижада ҳар йили Жамоа шартномалари орқали 2 млн. 929 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 900 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, Касаба уюшмалари ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини иш берувчилар билан музокаралар олиб бориш, зарур бўлса судларда ҳимоя қилиш орқали таъминлаб келаётган энг йирик жамоат ташкилоти ҳисобланади. Хусусан, 2022 йилда Касаба уюшмаларининг Меҳнат инспекцияси томонидан 77 минг 408 нафар касаба уюшма аъзосининг қонуний ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига 53 млрд. 963 млн. 107 минг сўм зарар пуллари ундириб берилди.
Шу жумладан:
– Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат инспекцияси томонидан 1 минг 340 та корхона, ташкилот ва муассасада ўтказилган жамоатчилик назорати тартибидаги ўрганишлар жараёнида меҳнат қонунчилиги талаблари бузилиши бўйича 8 минг 133 та ҳолат аниқланди. Уларни бартараф этиш мақсадида иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшма ташкилотларига 771 та Кўрсатма киритилиб, музокаралар олиб борилди. Натижада 7 минг 612 та камчилик бартараф этилишига эришилди. Шунингдек, ходимларга 21 миллиард сўмдан ортиқ ойлик иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик ва маънавий зарар пуллари ундириб берилди.
– Корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизлар учун қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларининг яратилиши, уларнинг меҳнатига муносиб иш ҳақи тўланиши, меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ масалаларда иш берувчиларнинг ижтимоий масъулиятини ошириш борасидаги ишлар ҳолати ўрганилганда аниқланган 245 та камчиликнинг 173 таси бартараф этилди.
Касаба уюшмалари Федерациясига жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган жами 4846 та, шу жумладан 2112 та ёзма, 802 та оғзаки, 427 та “Ишонч телефонлари” ва 1505 та интернет тармоғи орқали келган мурожаатнинг 1158 таси қаноатлантирилди, яъни ижобий ҳал этилди. 2763 та мурожаат бўйича эса муаллифларга тушунтиришлар берилди.
Мисолларга тўхталадиган бўлсак:
– Иш берувчилар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувлари талабларига риоя этилмаслиги юзасидан меҳнаткашлардан келган 2 минг 935 та мурожаат кўриб чиқилиши натижасида 22 минг 898 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланди, ва улар фойдасига 15 млрд. 222 млн. 500 минг сўм маблағ ундириб берилди.
– Касаба уюшмалари Меҳнат инспекциясига бахтсиз ҳодиса туфайли жабрланувчига етказилган зарар пулини ундириш бўйича келиб тушган жами 84 та мурожаат бўйича ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш мақсадида иш берувчиларга Кўрсатмалар, судларга даъво аризалари киритилди. Бунинг натижасида 57 нафар ходимнинг ҳуқуқи тикланиб, улар фойдасига 1 млрд. 987 млн. 500 минг сўмдан ортиқ зарар тўловлари ундириб берилди.
– Ходимларнинг поймол этилган ҳуқуқларини тиклашни сўраб Касаба уюшмалари Меҳнат инспекцияси томонидан иш берувчиларга киритилган Тақдимномалар ва судларга киритилган даъво аризалари орқали эса 160 дан ортиқ қонун бузилиши ҳолатлари бартараф этилиб, минглаб ходимларнинг ҳуқуқлари тикланди.
Барча мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига кўра 16 минг 505 нафар касаба уюшма аъзосининг ижтимоий-меҳнат муносабатларига оид ҳуқуқлари тикланди ва меҳнаткашлар, яъни касаба уюшма аъзолари фойдасига 11 млрд. 794 млн. сўмдан зиёд зарар пуллари ундириб берилди.
Юқорида ҳавола этилган аниқ факт ва мисоллар асосидаги маълумотлар Ўзбекистон касаба уюшмалари фаолиятининг бир неча қирралари холос. Касаба уюшмалари фаолиятининг бошқа кўплаб устувор йўналишларида олиб борилаётган амалий ишлар тўғрисида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг www.kasaba.uz веб-Портали, расмий Телеграм канали (https://t.me/uzkufk) ва “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Матбуот хизмати” расмий саҳифаси орқали янада кўпроқ маълумотга эга бўлишингиз мумкин.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати