Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

«Ишбилармон аёлларга кўмакдошимиз»

09.08.2024. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бухоро вилояти кенгаши ҳамда Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси ҳузурида ташкил этилган Тадбиркор аёллар клуби ва Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Ҳамкорлигимизнинг асосий мақсади ўз ваколатимиз доирасида аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини кенг тарғиб этиш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат кафолатларини янада кучайтириш, тадбиркорликка йўналтирилган ташаббусларни қўллаб-қувватлашдан иборат, – деди тадбирда сўз олган Федерациянинг Бухоро вилояти кенгаши раиси М.Олимов. – Тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, бизнес ғоялари ва лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашда бизга мана шу бирлашма асосий кўмакчи, елкадош бўлади.

Тадбирда Тадбиркор аёллар клуби ва Ўзбекистон Тадбиркорлар ва ишбилармон аёллар бирлашмаси раҳбари Мамлакат Содиқова ҳамкорлик меморандуми муштарак мақсадларни амалга оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилишига алоҳида урғу берди. – Биз фаолиятимиз давомида тадбиркорлик фаолиятини энди-энди бошлаётган ишбилармон хотин-қизлар билан мунтазам равишда учрашувлар ўтказамиз, – деди у. – Субсидиялар, имтиёзли кредитлар ажратиш ва бошқа молиявий воситалар билан боғлиқ масалаларда юзага келган муаммоларни бартараф этишда касаба уюшмалари билан биргаликда фаолият олиб борамиз.

Шунингдек, меморандум талабларига кўра, икки томон вакиллари гендер тенгликни таъминлашга ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини кенг оммага етказиш мақсадида тарғибот тадбирларини ташкил этадилар, жисмоний ва юридик шахсларнинг хотин-қизлар, гендер тенглик ва тадбиркорликка оид масалалар юзасидан мурожаатларини кўриб чиқиб, таҳлил қиладилар, жойларда хотин-қизлар билан бевосита мулоқотда бўлиш орқали меҳнат кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бу борада аниқланган долзарб масалаларни ҳал этиш чораларини кўрадилар.

Дилдора Иброҳимова