Ишчи кайфияти – самарадорлик омили
Бошланғич касаба уюшмаларида
22.01.2014. Навоий вилояти қуйи Зарафшон насос станциялари энергетика ва алоқа бошқармасида 676 киши меҳнат қилади. Бошқарманинг бошланғич касаба уюшма қўмитаси 4 та цех касаба уюшмасини бирлаштиради.
Бугунги кунда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида тузилган жамоа шартномаси аъзолар меҳнатини муҳофаза қилиш, ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилмоқда.
– Бошланғич касаба уюшмаси билан йўлга қўйилган ижтимоий шериклик меҳнат муносабатлари соҳасида барча ишловчилар, айниқса, хотин-қизлар ва ёшлар билан боғлиқ барча масалаларни ижобий ҳал этиш имконини бермоқда, – дейди бошқарма бошлиғи Собиржон Муродов. – Меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият олиб бориш ваколатига эга бўлган касаба уюшмалари бугунги кунда ушбу имкониятдан самарали фойдаланган ҳолда меҳнат унумдорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ижтимоий иқтисодий манфаатлари ҳимояси ортиб бораётган ходимларимиз оқова сув етмайдиган экин майдонларини оби ҳаёт билан таъминлаш орқали деҳқону соҳибкорлар оғирини енгил қилмоқдалар. Бепоён яйловларга эга Нурота, Томди, Учқудуқ, Конимех туманларидаги ўнлаб тик қудуқларнинг узлуксиз ишлашини бошқармамиз ишчи-хизматчилари таъминлайдилар. Нафақат ўзлари, балки оилалари ижтимоий ҳимояси таъминланаётган миришкорлар ғайратига ғайрат қўшилмоқда.
Ўтган йили ана шундай ходимлардан 11 нафари “Турон”, Ибн Сино, “Ситораи Моҳи Хоса”, “Чимён” санаторийларига йўлланма билан таъминланиб, саломатликларини тикладилар. Ходимларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш борасида ҳам жамоа шартномаси асосий омил бўлмоқда.