Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ишдан бўшатилган ходим ўз вазифасига ишга тикланди

06.12.2022. Г.Ибрагимова қарийб 13 йилдан буён Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимида номахфий иш юритувчиси лавозимида фаолият юритиб келади.

Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлимининг 2021 йил 15 декабрдаги 100-сонли буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 100-моддаси, 2-қисми, 2-бандига мувофиқ ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолганини асос қилиниб, иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинади.

Фуқаро Г.Ибрагимова ишга тикланишни сўраб аввалига Фарғона тумани Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилган.

– Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан берилган жавоб хатида иш берувчининг Г.Ибрагимова билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғи тўғри расмийлаштирилгани, унинг меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилмаганлиги маълум қилинади, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича бош мутахассиси М.Усмонов. – Шундан сўнг, фуқаро Г.Ибрагимова Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгашига бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаб беришда амалий ёрдам сўраб ариза билан мурожаат қилади.

Касаба уюшма мутахассислари томонидан фуқаронинг аризаси белгиланган муддатда ўрганиб чиқилиб, унинг меҳнат шартномаси бекор қилинишида иш берувчи томонидан Меҳнат кодексининг 101-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.

Шундан сўнг Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига фуқаро Г.Ибрагимовани ишга тиклаш, мажбурий прогул ва маънавий зарарни ундириш тўғрисида даъво аризаси киритилди.

Жорий йил 22 ноябрь куни Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига асосан фуқаро Г.Ибрагимова Фарғона тумани мудофаа ишлари бўлими номахфий иш юритувчиси лавозимига ишга қайта тикланиб, мажбурий прогул даври ҳамда маънавий зарар учун 23 миллион сўмдан зиёд маблағ ундириб берилди.

Click to listen highlighted text!