Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Истиқболли режалар муҳокамаси

07.03.2024. Куни кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармасининг коллегия йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш кун тартибига Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ижроия қўмитасининг 2023 йил якунларига бағишланган кенгайтирилган йиғилиши қарорлари, Федерация тизимидаги санаторийлар фаолиятининг 2023 йил якунлари ҳамда 2024 йилда кўзда тутилган вазифалар, санаторийларда дам олувчиларга кўрсатилаётган сервис хизматлар, санаторийларда фаолият кўрсатаётган шифокорларнинг малакаларини ошириш ва тоифаларини белгилаш, санаторийларда жойларни электрон бронь қилиш тўғрисидаги масалалар киритилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармаси бошлиғи Анвар Аҳмедов тизимдаги санаторийлар фаолиятининг 2023 йил якунлари, галдаги долзарб вазифалар ҳамда фаолиятни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш юзасидан маъруза қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида 31 та санаторий фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларда жами 4110 ходим, шулардан 291 нафар врач (13 нафари, ёки 5 фоизи илмий даражага эга), 1002 нафар ҳамшира  фаолият курсатмоқда. 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим” йилида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Сурҳондарё вилоятида 200 ўринга мўлжалланган “Сангардак санаторийси” ишга туширилиб, 235 нафар киши соғломлаштирилди. Бундан ташқари жами 600 ўринга эга 4 та санаторий, яъни, Тошкент вилоятидаги “Назарбек” (251 ўрин), Сурҳондарё вилоятидаги “Омонхона” (150 ўрин), Андижон вилоятидаги “Хонобод” (174 ўрин) ҳамда Тошкент вилоятида “Сижжак” (25 ўрин) санаторийлари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимига ўтказилиши муносабати билан касаба уюшмалари санаторийларидаги жами ўринлар сони 7079 тага етди.

Ўтган йили тизимдаги санаторийларда жами 176 минг 69  нафар ишчи ва хизматчи соғломлаштирилди.

Булардан ташқари, 2023 йилнинг 25-26 май кунлари “Севарсой” санаторийсида “Санатор-курорт даволашнинг замонавий жиҳатлари, тиббий реабилитация ва туризм” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди. Унда 13 та хорижий давлатдан 30 га яқин тажрибали экспертлар иштирок этишди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармаси билан Италиянинг Падуа университети, Россия курортология илмий текшириш институти ва Жанубий-Шарқий Европа давлатлари Форуми ўртасида меморандум имзоланди.

2023 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси санаторийлари Жаҳон иқлим ва сув билан даволаш федерациясининг тўлақонли аъзоси бўлди.

Тиббий ва соғломлаштириш хизматларини яхшилаш мақсадида, Тиббиёт ходимларини узлуксиз касбий малакасини ошириш марказида 19 нафар шифокор ва Республика ўрта тиббий ходимлар малака ошириш маркази ва унинг филиалларида 359 нафар ҳамшира турли мутахассисликлар бўйича малака оширди. Соғломлаштириш ва сервис хизматалари, шу жумладан, муомала маданияти бўйича барча санаторийларда биттадан масъул ходим махсус супервайзерлик дастури асосида ўқитилди.

Шулар билан бирга, маърузачи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тизимдаги санатор-курорт муассасалари самарадорлигини янада ошириш, улар фаолиятига илғор замонавий технологияларни татбиқ этиш, моддий-техника базасини кучайтириш мақсадида:

  • ҳар бир санаторий раҳбари ўз олдига “Таннархни камайтириш, ва рентабелликни ошириш” принципига амал қилган ҳолда ишлашни мақсад қилиб қўйиши ;
  • санаторий ҳудудларини кўкаламзорлаштириш, гўзал ландшафт ҳудудларини ҳосил қилиш, маназрали дарахт ва гул кўчатлари экилишини кўпайтиришга эътиборни кучайтириш;
  • муассаса раҳбаридан тортиб, эшикдан кутиб оладиган “рецепшн” ходимларининг меҳнат самарадорлигини назорат қиладиган ягона электрон дастур ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш;
  • барча санаторийларнинг электрон сайтларини яратиш ва унда санаторий тўғрисида мунтазам равишда маълумотлар жойлаштириб борилишини қатъий назорат қилиш;
  • санаторийлар сайтлари орқали аввалдан жой бронь қилиш ва авввалдан тўловларни электрон ўтказишни йўлга қўйиш;
  • ҳар бир санаторийда хориждан дам олишга келувчи фуқаролар учун трансфер хизматини йўлга қўйиш вазифаларига алоҳида тўхталиб ўтди

Шунингдек, кун тартибига киритилган масалалар юзасидан бошқарманинг масъул ходимлари З.Абдураҳимов, М.Алимбекова, Ш.Назарова, В.Инсавалиева, А.Абдуллаева, Ж.Аббосов сўзга чиқдилар.

Коллегия йигилишида муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Маҳмуда Мурзаева

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Санатор-курортлар бошқармасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича бош мутахассиси