«Истиқлол»да яйрар болалар
13.07.2022. «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖга қарашли «Истиқлол» болалар оромгоҳи Зомин тоғлари бағрида, энг баҳаво ва хушманзара масканда жойлашган. Бу ерда ўқувчиларнинг мириқиб ҳордиқ чиқаришлари учун барча шароитлар мавжуд. Муҳими, дам олувчилар учун қизиқарли тадбирлар, ноанъанавий ўйин ва мусобақалар тез-тез уюштирилади.
«Шарқ тезюрар» ўйинида ўқувчилар сафарга чиқишади. «Ёш табиатшунослар», «Маънавият ва маърифат», «Ўзбек халқ миллий ўйинлари», «Буюк мутафаккирлар», «Шарқ поэзияси», «Ўзбек халқ эртаклари», «Буюк Ипак йўли» каби 15 та бекатда йўл варақаси тўлдирилиб, ҳар бирида тарбиячилар савол-жавоб ўтказишади.
Масалан, «Буюк мутафаккирлар» бекатида алломаларимиз ҳаёти ва асарлари юзасидан савол-жавоб ўтказилади. «Маънавият ва маърифат» бекатида эса ўқувчиларнинг фикрлаш доирасига баҳо берилади.
Оромгоҳда китобхонлик, ўқувчиларнинг театр ва санъатга меҳрини ошириш мақсадида турли тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Стол тенниси, мини-футбол, шашка-шахмат, баскетбол, волейбол, «Қувноқ стартлар» йўналишларида мусобақалар ташкил этилиб, ғолиб жамоалар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланмоқда. Болалар ҳамиша тиббий ҳамшира назоратида.
– Оромгоҳимизда 800 нафардан ортиқ ўғил-қиз дам олади. Айни пайтда иккинчи навбатда 240 нафар болажон ҳар бир кунни мазмунли ўтказмоқда, – дейди «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ касаба уюшмаси қўмитасининг ижтимоий ҳимоя бўйича мутахассиси Феруза Бозорова.
Абдусаттор Содиқов