Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси мажлиси бўлиб ўтди

09.09.2021. Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссиясининг навбатдаги мажлиси онлайн тарзда бўлиб ўтди.

Унда жорий йилги пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан териб олиш, теримчиларни жалб қилиш ҳамда мониторинг ишларини ташкил этиш борасидаги масалалар муҳокама қилинди.

Мажлисда уч томонлама комиссия аъзолари, таклиф асосида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” вакиллари Йонас Аструп, Оксана Липкану ҳамда мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этдилар.

Мажлисда Касаба уюшмалари Федерациясидан иштирок этган Федерация раиси ўринбосари Б.Махмадалиев ва бўлим мудири М.Исаев кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқдилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик юзасидан Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамда тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ташкил этиладиган жорий йилги жамоатчилик мониторингида асосий эътибор теримчилар учун яратилган яшаш ва меҳнат шароитларига қаратилади. Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, касаба уюшмалари томонидан пахта-йиғим терими мавсумида амалга ошириладиган ахборот тушунтириш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур ишларни ташкил этишда Халқаро меҳнат ташкилотининг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Хусусан, жорий йилнинг 27 май, 14 июнь, 8 июль кунлари ХМТнинг “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси вакиллари билан онлайн мулоқотлар ташкил қилинди. Онлайн мулоқотлар натижасида “Учинчи томон мониторинги” лойиҳаси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ўртасида 2021 йилда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди ва тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра касаба уюшмалари томонидан мазкур лойиҳа билан ҳамкорликда мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтириш мақсадида 200 та баннер таёрланиб, ҳудудларга етказилди ва ҳозирда республиканинг барча туман ва шаҳар марказларига жойлаштирилмоқда.

Айни кунларда корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга жойлаштириш учун 10 мингта постер, меҳнаткашлар ва аҳоли вакилларига тарқатиш учун 200 мингта флаер тайёрланиб, ўз эгаларига етказилмоқда. Тайёрланган постерларга АҚШ Давлат департаментининг «Одам савдосига қарши кураш» тўғрисидаги йиллик маърузасида келтирилган тавсияларни амалиётга тадбиқ этиш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан фуқароларнинг ўз меҳнат меҳнат вазифаларига кирмайдиган ишларни бажаришни “рад этиш” ҳуқуқлари мавжудлиги ҳақида ёзувлар киритилган. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг телеканалларида намойиш этиш учун мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик бўйича ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг “1092” қисқа рақамли Ишонч телефони фаолияти тўғрисида махсус қисқа метражли роликлар тайёрланмоқда.

Бу йил ҳам Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан маҳаллий Савдо-саноат палатаси, Нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий ассоциацияси вакиллари, касаба уюшмалари инспекторларини жалб этган ҳолда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратилиши, мавсум давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказилади. Мазкур Миллий мониторинг сентябрь ойининг учинчи ўн кунлигидан бошланиши ва 31 октябргача давом этиши мўлжалланган. Ҳозирда мониторинг ўтказиш учун ишчи гуруҳлар шакллантириб бўлинди. Бу йил мониторинг жараёнида касаба уюшмаларидан иштирок этадиган ишчи гуруҳлар аъзолари махсус кийим-бош, пойабзал, ишчи гуруҳ раҳбарлари янги планшетлар билан таъминланади.

Шунингдек, Миллий мониторинг ҳудудий гуруҳлари вакиллари, қайта алоқа механизми учун бириктирилган масъул ходимлар ҳамда касаба уюшмаларининг инспекторлари учун пахта йиғим-терими даврида касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини ташкил қилиш юзасидан Zoom платформаси орқали онлайн ўқув-семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Онлайн семинарларда иштирокчиларга мониторинг Услубиёти, Ҳаракат тартиби тушунтирилади ва ишчи гуруҳлар раҳбарлари мониторингни ташкил қилишда фойдаланиш учун тарқатма материаллар билан таъминланади.

Яна бир муҳим жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Яъни, жорий йилда тарихда биринчи марта ХМТ талабларига мос равишда пахта йиғим-терими мавсумида терилган пахта учун ҳақ тўлашнинг минимал миқдори уч томонлама маслаҳатлашувлар ўтказиш тизимини орқали,  Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия розилиги билан белгиланди.

Мажлисда тасдиқлаб олиш учун Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан бир қатор таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, “2021 йил пахта ҳосилини нес-нобуд қилмасдан уюшқоқлик билан йиғиб-териб олишни ташкил этиш бўйича Тавсиялар”, “Теримчилар учун меҳнат шароитларининг минимал меъёрлари” ҳамда “Кўнгилли теримчилар жамоасининг йиғилиш баёни”, “Отряд шартномаси” (отряд аъзолари учун жамоа шартномаси сифатида), “Отряд аъзоларининг касаба уюшмасини тузиш бўйича умумий йиғилиши баёни”, “Вақтинчалик касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилиш тўғрисида ариза” намуналари мажлис иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди. Мажлис иштирокчилари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ҳамда муҳокамалардан сўнг ҳужжатларнинг барчаси тасдиқлаб олинди.

Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси йиғилишида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Юридик клиникаси қошида “Call-center” фаолияти йўлга қўйилиб, республика бўйича ягона “1092” қисқартирилган телефон рақами орқали мурожаатлар қабул қилинаётгани, «Call center» фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида “Овозли хабар” хизмати ишга туширилиб, бу хизмат орқали техник сабабларга кўра жавоб беришнинг имкони бўлмаган фуқароларнинг мурожаатларини ёзиб қолиш имконияти пайдо бўлгани ҳам билдирилди. Шунингдек, пахта йиғим-терими мавсуми давомида қайта алоқа механизми бўйича касаба уюшмалари масъул ходимлари томонидан туну кун навбатчилик йўлга қўйилиши таъкидланди.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

 

 

 

 

Click to listen highlighted text!