Ижтимоий шериклик имкониятлар кўламини кенгайтирмоқда
24.11.2021. Корхона, ташкилот ва муассасаларда касаба уюшма қўмитаси ва иш берувчи ўртасида тузиладиган Жамоа шартномалари ва келишувлари ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, ижтимоий-иқтисодий ҳимоялаш чораларини амалга оширишда асосий ҳужжат ҳисобланади.
Бугунги кунда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ва “Ўзбектелеком” АК ўртасида 2020-2022 йилларга мўлжалланган Ягона жамоа шартномаси амал қилмоқда. Мазкур Ягона жамоа шартномаси орқали ижтимоий шериклик тамойили асосида тармоқ тизимидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояланиши билан бирга бандликни таъминлаш, меҳнат муҳофазаси йўналишидаги ишлар сифатини ошириш, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари турмуш фаровонлигини яхшилаш борасида ҳам муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, бугунги кунда дунё миқёсида юзага келган пандемия шароитларини инобатга олган ҳолда Ягона жамоа шартномасига алоҳида банд киртилиб, “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки Махсус комиссияси томонидан карантин эълон қилинганида ходимга қисман ҳақ тўланган ҳолда 30 календарь кундан иборат мажбурий таътил тақдим этилиб, унга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баробари миқдорида ҳақ тўланиши белгилаб қўйилди.
Жамоа шартномаси орқали ижтимоий меҳнат муносабатларни тартибга солиш механизмини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида Ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик бўйича қўшма тадбирлар режаси ҳам қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ ҳар йили “Ўзбектелеком” АК тизимидаги филиаллар раҳбарлари ва ходимлари малакасини ошириш, фаолиятларини янада самарали ташкил этишда услубий ва амалий ёрдам беришга йўналтирилгшан ўқувлар ўтказиб келинмоқда. Ўқувлар давомида касаба уюшма ташкилотлари томонидан меҳнат қонунчилиги талабларига ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг асос солувчи конвенцияларига риоя этилиши, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, энг кам меҳнат ҳақи Ягона тариф сеткасининг биринчи разряди ставкасидан кам бўлмаслиги устидан назоратни кучайтириш, меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг тариф қисми ва тарифга қўшимча қисми ўртасидаги мақбул нисбатни Ягона жамоа шартномаси воситасида ўрнатилишини таъминлаш ишлари борасида батафсил тушунтиришлар берилади.
Таъкидлаш зарурки, компания тизимидаги филиалларда Ягона жамоа шартномаси ижроси муҳокама этилиб, унда қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши ва “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширилган ишлар тахлилий кўриб чиқилди. Мазкур таҳлиллар шуни кўрсатдики, жамоа шартномаси орқали ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаш натижасида “Ўзбектелеком” АКда меҳнат қилаётган жами 16 минг 460 нафар ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақида бир қадар ўсиш кузатилган. Хусусан, “Ўзбектелеком” АКнинг Самарқанд филиали ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 822 000 сўмни ташкил этиб, тариф сеткасининг коэффиценти 1,66 баробарга оширилган ҳолда белгиланган. Ҳисобот даврида жами 135 нафар ходим ишга олинган бўлиб, уларнинг 74 нафари таълим муассасаларини битирган ва илк бор ишга кирган 30 ёшгача бўлган ёшларни ташкил этган. Ноқулай иқлим шароитида фаолият юритаёган линия кабель хўжалигинининг 346 нафар ходимига лавозим маошининг 15 фоизи миқдорида, жами 368,3 млн. сўм устама ҳақ тўлаб берилган. Шунингдек, соҳада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга лавозим маошининг 5 фоизидан 30 фоизигача бўлган миқдорда қўшимча ҳақ тўлаш натижасида жами 710 нафар ходимга 1 млрд. 696 млн. сўм маблағ сарфланган. Республикамизда бегиланган байрамлар арафасида филиалнинг 958 нафар ходимини рағбатлантириш учун эса 1 млрд. 344 млн. сўм маблағ йўналтирилган.
Бундан ташқари ходимларнинг меҳнат шароитлари, меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси, ишлаб чиқариш санитария ҳолатларини яхшилаш тадбирлари учун жами 133 млн. сўм маблағ сарфланган. Шу жумладан, ноқулай меҳнат шароитида фаолият юритаёган 353 нафар ходим махсус кийим-бош ва пойабзаллар билан таъминланган. Қишлоқ хўжалик махсулотларини ҳарид қилиш учун 939 нафар ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,7 баробари миқдорида моддий ёрдам пуллари ажратилган.
Жамоа шартномалари орқали ёш ходимлар ва уларнинг оилалари ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланаётгани ҳам қувонарли ҳол. Хусусан, “Ўзбектелеком” АКнинг Самарқанд филиалида Жамоа шартномаси орқали биринчи маротаба қонуний никоҳдан ўтган 16 нафар ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,76 баробари миқдорида моддий ёрдам берилган.
Шу билан бирга “Ўзбектелеком” АК Фарғона филиалининг чекка туманларидаги Сўх ва Тошлоқ туман телекоммуникация боғламалари меҳнат жамоларида Республика кенгаши масъул ходимлари иштирокида “Очиқ мулоқот” тарзидаги давра суҳбатлари ўтказилди. Ушбу давра суҳбатларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясига оид саволларга тегишли жавоблар ҳамда тавсиялар берилди. Шунингдек Ягона жамоа шартномасининг мазмун-моҳияти, унда ходимлар учун белгиланган имтиёз ва кафолотлар тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари