08.04.2015. “Муборакнефтгаз” унитар шўъба корхонаси касаба уюшма қўмитасининг 2010 йилдан 2015 йилгача бўлган давр оралиҚидаги фаолиятига бағишланган VIII конференцияси бўлиб ўтди. Таъкидландики, корхонада ижтимоий шериклик тамойиллари асосида ходимлар ижтимоий-иқтисодий ҳимоясининг ҳуқуқий негизи яратилди. Меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат муҳофазаси, ишчилар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, дам олишини ташкил этиш, касаба уюшмаларининг ташкилий жиҳатдан мустаҳкамлигини таъминлаш, ишчи-хизматчилар ойлик маошларини ўз вақтида олишларини назорат қилиш, жисмоний тарбия ва маданий-маърифий ишлар, касаба уюшма фаолларининг ўқувини уюштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Ишчи-хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ғамхўрлик қилиш корхона касаба уюшмасининг бош вазифаларидан бирига айланган. Жумладан, ижтимоий ривожлантириш хизмати муҳандиси Баҳриддин Маҳаматовнинг турмуш ўртоғи оғир дардга чалинганида, “Ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатиш базаси” ходими Илҳом Бозоровнинг турмуш ўртоғи жарроҳлик амалиётини ўтказганида, 2-гуруҳ ногирони Аҳадулло Сувонқулов ва жиҳозлаш базаси чилангари Мингбой Ашуровга саломатликларини тиклаш чоғида касаба уюшмаси томонидан моддий ёрдам кўрсатилди.
Корхонада “Унумли меҳнат ва баракали маош-ижтимоий ҳимоянинг энг яхши воситасидир” шиори остида қилинган саъй-ҳаракатлар натижасида ходимларнинг ўртача иш ҳақи 544 минг 318 сўмдан 1 млн. 607 минг сўмга ўсди. Яъни 2010 йилдагига нисбатан 295,2 фоизга кўпайди.
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитини яратиш, иш жойларини аттестациядан ўтказиш масалалари ҳам доимо диққат марказида. Ўар бир цех, бўлимларда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича махсус хоналар ажратилган бўлиб, тегишли баннер ҳамда плакатлар билан таъминланган.
Зарарли ва ноқулай иш шароитида ишлайдиган ишчи-ходимларга бепул сут маҳсулотлари берилмоқда. Уларни витаминли кўкатлар, помидор, бодринг ва мева-сабзавотлар билан таъминлаш мақсадида, мажмуа ва конларда ички имкониятлардан келиб чиқиб, ўндан ортиқ иссиқхоналар барпо этилди, яна шунча иссиқхона қурилиши давом эттирилмоқда.
Корхонада махсус кийим-кечаклар учун 3 млрд. сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бундан ташқари, зарарли иш жойларида ишлайдиган ходимларга ҳар ойда 4 фоиздан 12 фоизгача қўшимча иш ҳақи тўланишига эришилди. Корхонада меҳнат қилаётганлар ҳар йили тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича стационар ёки амбулатор муолажалар олаётгани ҳам ғамхўрликнинг ўзига хос ифодаси дейиш мумкин.
Эътиборли томони, корхонада “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси ва корхонанинг янги иш ўринларини яратиш дастурига мувофиқ ҳар йили кўплаб иш ўринлари ташкил этилаяпти. Жумладан, ўтган йилда 34 та янги иш ўрни яратилди. Яна бир муҳим жиҳат — 98 нафар фуқаро корхонада касаначилик ишларига жалб этилиб, касаба уюшма аъзолигига қабул қилинди. Улар корхона ходимларига керакли бўлган махсус кийим-бош, ишчи қўлқоплари ва кўрпа-ёстиқ чойшаблари тайёрлаб бераётир. Жамоа шартномасида белгиланган имтиёз ва кафолатли тўловлардан касаначилар ҳам барча қатори фойдаланиб келишаётир.
Корхона ходимлари ва уларнинг фарзандларини соғломлаштириш бўйича ижтимоий шериклик асосида қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йилда 719 нафар ходим турли сиҳатгоҳларда соғломлаштирилди. Корхона оталиғидаги Китоб туманидаги 5-“Меҳрибонлик уйи” тарбияланувчилари корхона маблағи ҳисобидан сўлим гўшаларда дам олдирилди.
Оромгоҳни ёзги соғломлаштириш мавсумига тайёрлаш юзасидан ҳар йили маъмурият билан ҳамкорликда чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. Унга асосан оромгоҳда қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари бажарилиб, масканни зарурий жиҳозлар, замонавий ўқув-техник воситалар, компютер, кўргазмали қуроллар, спорт анжомлари билан таъминлаш, шунингдек, спорт иншоотларини таъмирлаш ишлари корхона маблағи ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Дарвоқе, ўтган йилда 250 нафар ишчи-ходимнинг Самарқанд, Хива ва Тошкент шаҳрига саёҳати ташкил этилгани ҳам эътиборга молик. Шу билан бирга, касаба уюшма қўмитаси жисмоний тарбия ва спорт ишлари ривожига алоҳида эътибор қаратмоқда. Корхонада “Машъал” спорт соғломлаштириш клуби фаолият кўрсатмоқда. Спорт мажмуасида корхонанинг ишлаб чиқариш тармоқларида меҳнат қилаётган ходимлар соғликларини тиклаш, ишдан бўш вақтларида спорт билан шуғулланишлари учун барча шароит яратилган. Ишчи-ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Йиғилишда ҳисобот даврида олиб борилган фаолият натижаларига баҳо берилиб, навбатдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Јўмита раислиги учун Шароф Раҳматовга яна бир бор ишонч билдирилди.
Шунингдек, конференцияда “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, жамоа шартномаси бандларига зарур қўшимчалар киритилди.