Камбағаллик жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, бирлиги ҳисобига камаяди
25.09.2024. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси кечагидек барчамизнинг ёдимизда. Унда муҳтарам Юртбошимиз юксак минбардан соф она тилимизда нутқ сўзлаш билан бирга, дунё ҳамжамиятини ташвишга солиб турган камбағаллик масаласини ҳам кўтарган эдилар.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида “Тобора ташвишли оҳанг касб этаётган қашшоқликнинг овози бутун дунё ҳамжамиятини, барчамизни безовта қилиши зарур” деб таъкидлаганди. Бу бежиз эмас, албатта. Бинобарин, Президентимиз томонидан камбағалликни қисқартириш масаласи глобал миқёсда олиб чиқилди.
Тан олайлик, Ўзбекистонда аҳолининг камбағаллик даражаси ҳақида яқин-яқингача деярли гапирилмасди. Бошқача айтганда, Ўзбекистонда камбағаллик йўқ, деб ўзимизни алдаб келганмиз.
Илгари айтишга жазм қилинмаган, тан олинмаган, бироқ халқимизни қийнаб келаётган камбағаллик ва унинг иқтисодий чегаралари 2020 йилда Президентимиз томонидан очиқ эълон қилиниб, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш борасида кенг кўламли амалий ҳаракатлар бошланди.
Ким ўйлабди, дейсиз “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Меҳр дафтари” бўлишини? Ушбу ҳаётий дафтарларга чиндан ҳам қийналиб яшаётган, турмуш шароити оғир инсонлар киритилди. Уларнинг ҳаётдан рози бўлиб, бахтли яшаши, ҳаётда ўз ўрнини топишига давлатнинг ўзи бош бўлди.
Бунинг натижасида қанчадан-қанча қийналган оилаларнинг елкасига офтоб тегди. Бошланган хайрли ташаббус сабаб ҳаёти яхши томонга ўзгариб кетганлари қанча. Энг асосийси, бугун камбағаллик қоғозда эмас, амалда қисқараётгани кишини қувонтирмасдан қолмайди.
Куни-кеча Ўзбекистон касаба уюшмалари фаоллари ва республика нуронийларининг Ўзбекистон халқига Мурожаати эълон қилинди. Мурожаатни ўқиб, камбағалликни қисқартириш масаласи бугунги ислоҳотларнинг асосини ташкил этиши ва ушбу муаммонинг ҳал этилиши мамлакатимиз иқтисодиёти ва халқимиз фаровон ҳаётини таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши пировард мақсад қилиб қўйилганига гувоҳ бўласан киши.
Унга кўра, ҳар бир туман ва шаҳарда 10 тадан эҳтиёжманд оилани камбағалликдан чиқариш бўйича комплекс чораларни амалга ошириш, хусусан, уларнинг соғлиғини тиклаш ва ўқитишдан тортиб, доимий даромадга эга бўлишига қадар кўмаклашиб борилади. Кам таъминланган аҳолини кооперацияларга жалб қилиш, тадбиркорликка ва касбга ўргатиш, иш ўрни яратувчи тадбиркорлар билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали ҳар йили 5 мингта янги иш ўрни яратилади.
Ишлашга иштиёқи бўлган, имконияти чекланган аҳоли вакилларининг 5 минг нафарига ногиронлик аравачаси ва бошқа реабилитация воситалари берилиб, касалликларини даволашга кўмаклашилади, улар даромадли касбларга ўргатилади.
Эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли йигит ва қизлари мамлакатимиз ва хорижий университетларга грант қўлга киритиши учун ёрдам берилади. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида ҳар йили 100 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг фарзандини ўқитиб, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашилади. Бундан ташқари, кам таъминланган оилаларнинг 4 минг нафар фарзандини болалар оромгоҳларида бепул соғломлаштирилади, минг нафар эҳтиёжманд фуқаро ва 1,5 минг нафар ёлғиз нуроний тизимдаги санаторийларда бепул соғломлаштирилади.
Сирасини айтганда, камбағаллик жамиятнинг умуммиллий сафарбарлиги, бирлиги, шундай истак ва интилиш билан яшаши ҳисобига камаяди.
Камбағалликка қарши курашиш ортида инсон тақдири, унинг эртанги куни, оила фаровонлиги ва пировард оқибатда юрт тинчлиги, ҳалоллик, адолат устуворлиги ва жиноятчиликнинг камайиши тургани айни ҳақиқатдир.
Шоҳсултон Тўхтаматов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилояти Кенгаши раисининг маслахатчиси.