Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24

Касаба уюшма сиҳатгоҳлари – халқимиз саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида

23.06.2017. Бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар энг аввало инсон манфаатларини таъминлаш ва халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир. Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши алоҳида ўрин эгаллаган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналишида жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган.

Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган ҳар бир устувор вазифани ҳаётга изчил татбиқ этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан махсус дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Хусусан ижтимоий соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, тизимда мавжуд ижтимоий объектларнинг моддий-техник негизини мустаҳкамлаш ишлари янги босқичга олиб чиқилмоқда.

Шу мақсадда давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларнинг моддий-техник негизини кучайтириш, тиббий хизмат кўрсатиш турларини кўпайтириш ва сифатини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги “Умид гулшани” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари фикримиз далилидир.

Жорий йилнинг 23 июнь куни Тошкент вилоятининг Қибрай туманида жойлашган “Умид гулшани” санаторийсида дам олувчиларга яратилаётган шароит ва қулайликлар сифатини ошириш мақсадида барпо этилган янги Маданият саройи, Ахборот-ресурс маркази, қишки спорт мажмуаси ҳамда ошхона бўлимининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Тантанали тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, унинг қошидаги Санатор-курортлар бошқармаси, туман ҳокимлиги мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Тадбир ташкилотчилари томонидан бугунги кунда Президентимиз раҳнамолигида ҳар бир соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида Ватанимиз халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнини эгаллаб, халқимизнинг турмуш даражаси, эл-юрт фаровонлиги янада равнақ топаётгани алоҳида таъкидланди. Айниқса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва мазмунли ҳордиқни таъминлаш жараёнида касаба уюшмалари тизимидаги санаторийлар ўзига хос ўринга эгадир. Бугунги кунда Касаба уюшмалари тизимида 17 та санаторий ва 2 та дам олиш маскани фаолият кўрсатмоқда. Уларда ўтган 2016 йил давомида 125 минг нафарга яқин киши дам олиб, саломатлигини мустаҳкамлади. Тизимдаги санаторийларда 50 минг нафарга яқин турли соҳа ходимлари имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилди.

Шифобахш табиий-иқлимий омилларга бой бўлган ушбу масканларда дам олиш ва даволанишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимдаги сиҳатгоҳларнинг қабул қувватларини ошириш мақсадида янги ётоқ ва даволаш бўлимларини барпо этиш, хизматлар турини кўпайтириш ва энг муҳими кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ва самарадорлигини ошириш масаласига катта эътибор қаратмоқда.

Ушбу мақсадларда “Умид гулшани” санаторийсида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида барпо этилган 250 ўринга мўлжалланган маданият саройи, тадбирлар зали, ахборот-ресурс маркази, ёпиқ спорт мажмуаси, 200 ўринга мўлжалланган ошхона

биноси, маиший хоналар энг замонавий мебеллар ҳамда янги технологиядаги ошхона жиҳозлари, музлатгичлар, спорт анжомлари, бадиий адабиётлар ва ижтимоий-сиёсий асарлар билан таъминланиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, санаторий ҳудудида кенг кўламдаги ободонлаштириш, кўкаламзорлантириш ишлари амалга оширилди, жумладан, даволанувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида мафтункор боғ ва гулзорлар, иссиқ кунларда салқинлик бахш этувчи сунъий шаршаралар барпо этилди.

Ушбу мақсадларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан қарийб 8 млрд. 250 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Натижада бугунги кунда санаторийда репродуктив ёшдаги аёллар ва эркаклар, шу билан бирга экстрагенитал, неврологик, кардиологик, эндокрин, терапевтик касалликларни самарали даволаш имкониятлари кенгайди. Сиҳатгоҳда неврологик, эндокринологик ва кардиололигик беморларни даволаш ишлари йўлга қўйилиб, керакли тиббий ускуналар ва олий тоифали мутахассислар билан таъминланди. Кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш мақсадида шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа ходимларнинг малакаларини ошириш ишлари ҳам амалга оширилмоқда.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, “Умид гулшани” санаторийси фарзанд кўриш орзусида бўлган оилаларга ушбу бахтга эришиш қувончини бахш этаётгани боис ҳам нафақат мамлакатимиз, балки қўшни давлатларда ҳам машҳурдир. Тошкент шаҳридан 26 км узоқликда жойлашган ушбу сиҳатгоҳ ғарбий Тянь-Шань тоғ олди текислигида, денгиз сатҳидан 570 метр баландликда жойлашган. Иқлими муътадил, қиши юмшоқ, ёзи иссиқ, йиллик нисбий намлиги 50% ни, қуёшли кунларнинг давомлилиги 2 700 соатни ташкил этувчи “Умид гулшани” санаторийси аҳолига гинекологик ва андрологик йўналишларда хизмат кўрсатиб келмоқда. Заонавий тиббий асбоб-ускуналар ёрдамида тўғри ташхис қўйиш ва репродуктив аъзолар касалликларини самарали даволашга йўналтирилган мазкур санаторийда электронур, даволаш жисмоний тарбияси, уқалаш, психотерапия, игнарефлексотерапия, лазер терапияси, озокерит-парафин, шифобахш балчиқ в сув муолажалари, парҳез овқатланиш орқали даволаш муолажалари қўлланилади. Даволаш жисмоний тарбия йўналиши бўйича комплекс машқ турлари тренажёрлар ва бошқа замонавий анжомлар воситасида олиб борилади. Буларга қўшимча равишда турли-туман фиточой ва витаминли коктейллар тайёрланиб, дам олувчиларга тақдим этилади. Шунингдек, санаторийда дам олувчилар ҳордиғининг янада мазмунли бўлишини таъминлаш мақсадида маданий-маърифий ва спорт тадбирлари, Тошкент шаҳри ва вилоятининг диққатга сазовор масканлари ҳамда мустақиллик йилларида барпо этилган иншоатларга саёҳатлар, машҳур инсонлар билан қизиқарли учрашув ва суҳбатлар ташкил этилади.

Санаторий ҳудудини янада обод этиш борасидаги тизимли ишлар натижасида сиҳатгоҳнинг қарийб 8 гектар майдонида улкан манзарали ва мевали дарахтлар, 1 500 турдаги турли ўсимлик ва гуллар парваришланмоқда. Барпо этилган боғда мавжуд 56 турдаги турли қушлар хониши, замонавий ва кўркам бинолар ушбу масканга ташриф буюрувчиларга байрамона кайфият ва кўтаринки руҳ бағишлайди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тиббий туризмни ривожлантириш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунда асосий фаолияти бўйича республикамизда ягона ҳисобланган мазкур санаторийда ҳар йили нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки хорижий давлатларнинг 150 нафардан ортиқ фуқаролари ҳам дам олиб, даволанмоқдалар. Бундан ташқари, ҳар йили меҳнаткашлар айниқса, репродуктив ёшдаги хотин-қизлар санаторийнинг олий тоифали андролог, уролог, онкогинеколог, гинеколог, физиотерапевт, дерматолог, кардиолог, эндокринолог, психоневролог, терапевт, стоматолог, лаборатория (торч-инфекция, гормонлар, гемоанализатор ва бошқалар), УТТ шифокорлари кўригидан ўтказилиб, турли касалликларнинг олди олинишига муносиб ҳисса қўшилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Print Friendly
Click to listen highlighted text!