Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари – болалар меҳнатига қарши

13.06.2024. 12 июнь- Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши томонидан “Жайҳун қуёши” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Болалар меҳнатига барҳам бериш бўйича ўз мажбуриятимизни бажарайлик!” шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбирга вилоят ҳокимлиги, ҳудудий Бандлик бош бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси масъуллари таклиф қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Хоразм вилоят кенгаши раиси Гулсара Қурбонбоева тадбирларни очиб берар экан, ушбу сананинг аҳамияти, дунёда болалар меҳнатига барҳам бериш борасида олиб борилаётган ишлар, Янги Ўзбекистонда болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим-тарбия олишлари учун яратилган шарт-шароитлар, саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чораларнинг аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.

Оромгоҳда дам олаётган 200 нафар болажонга футболка ҳамда кепкалар совға қилинди. Таниқли спорт усталари ва маданият ходимлари иштирокида давра суҳбатлари, учрашувлар, концерт дастурлари ўтказилди. Оромгоҳда дам олаётган иқтидорли болаларнинг бадиий чиқишлари тадбирга байрамона руҳ бағишлади. Беш ижобий ташаббус доирасида “Менинг келажакдаги касбим”шиори остида расм чизиш танлови ўтказилди. Ғолиблар ва фоал иштирокчилар кенгаш томонидан диплом ҳамда совғалар билан тақдирландилар. Болалар учун байрамона тушлик ташкил қилинди. Болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда самога юзлаб ранг-баранг пуфаклар учирдилар.

Бу каби тадбирлар Хоразм вилоятида жойлашган барча болалар соғломлаштириш оромгоҳларида ўтказилди.