Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“КАСАБА УЮШМАЛАРИ – БОЛАЛАРГА” АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ

04.06.2021. Бугунги кунда мамлакатимизда болалар манфаатлари ҳимояси, улар саломатлигини муҳофаза қилиш, баркамол авлод тарбияси масалалари давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Президентимиз ташаббуслари билан болажонларнинг маънан етук, жисмонан соғлом бўлиб вояга етишлари йўлида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Айниқса, жисмонан соғлом, маънавий етук ёш авлодни тарбиялаш, улар ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, саломатликларини мустаҳкамлаш масалаларига касаба уюшма ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари орқали ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандлари ўқув-қуроллари, дарсликлар билан таъминланмоқда, ходимлар фарзандларининг чет тилларини ўрганишларида кўмаклашилмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасида эса эртамиз эгалари ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар фарзандларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинган жорий йилда мазкур йўналишлардаги ишлар янада кенг кўлам олди.

Фикримизнинг далили сифатида жорий йилнинг 4 июнь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология марказида ташкил этилган “Касаба уюшмалари – болаларга” ижтимоий акциясини келтиришимиз мумкин.

Ушбу тадбирда мазкур муассасада даволанаётган болажонлар ва уларнинг ота-оналари, тиббиёт ходимлари, Касаба уюшмалари Федерациясининг масъул ходимлари иштирок этдилар.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – болажонларга кўтаринки кайфият бағишлаб, улар қабул қилаётган муолажалар самарадорлигини оширишга ҳисса қўшиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашдир.

“Касаба уюшмалари – болаларга” ижтимоий акцияси давомида марказда даволанаётган 52 нафар болажонга кийим-кечак жамланмалари, гигиеник воситалар совға қилинди. Шунингдек, турли эртак қаҳрамонлари кўринишидаги актёрлар, цирк артистлари иштирокида қизиқарли саҳна кўринишлари намойиш этилиб, ўғил-қизларнинг кўнгиллари кўтарилди. Яна бир қувонарли жиҳати, болажонларнинг ўзлари ҳам шеър ва қўшиқлар айтиб, иқтидорларини намоён этдилар.

Айни кунда “Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси доирасидаги тадбирлар корхона, ташкилот ва муассасалардаги бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан ҳам ўтказилмоқда.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

 

 

Click to listen highlighted text!