Click to listen highlighted text!

Инсонга наф келтириш - олий бахт!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Касаба уюшмалари – болаларга” акцияси ўтказилмоқда

31.05.2018. Мамлакатимизда жисмонан ва маънавий соғлом, ҳар томонлама етук, мустақил фикрлайдиган, ривожланган интеллектуал қобилиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга бўлган, ўз тақдири ва Ватани келажаги учун масъулиятни зиммасига оладиган баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат ва жамият олдида турган энг муҳим йўналишлардан биридир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари ҳам Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан мазкур йўналишда олиб борилаётган тизимли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ҳар томонлама соғлом авлодни камол етказиш борасида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳар йили ўтказиб келинаётган “Касаба уюшмалари –   болаларга” акцияси ана шундай эзгу мақсадларга йўналтирилган.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан республикада ўтказилаётган “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” шиори остидаги махсус ҳафталикда касаба уюшмалари ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Хусусан, байрам муносабати билан республикамизнинг ҳар бир ҳудудида “Меҳрибонлик уйлари” ва махсус ёрдамчи мактаб-интернатлар тарбияланувчиларига касаба уюшмаларининг совғалари топширилди.

Республика бўйича Меҳрибонлик уйларининг 7 минг нафардан ортиқ тарбияланувчиси, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, иқтидорли ўқувчиларнинг жойлардаги музейлар, маданият ва истирохат боғларига ташрифлари ташкил этилиб, “Биз – Мустақиллик фарзандларимиз” шиори остида 300 нафарга яқин ўғил-қизлар республикамизнинг тарихий шаҳарларига ҳамда ўзлари яшаётган ҳудудлардаги диққатга сазовор масканларга саёҳатга олиб чиқилди.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, бугунги кунда республикамиздаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари болаларни қабул қилишга шай ҳолга келтирилган.

Жорий йилда мамлакат миқёсида фаолияти йўлга қўйилаётган стационар ва кундузги болалар соғломлаштириш оромгоҳларида 301 минг 589 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Шу жумладан, касаба уюшмалари томонидан 1 минг 950 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиси ва 50 нафар имконияти чекланган болага, 500 нафар иқтидорли болага оромгоҳларга бепул  йўлланма берилади.

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари томонидан ҳам тизимли тадбирлар ўтказилмоқда. Хусусан, Жиззах  вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан байрам совғаси сифатида Жиззах шаҳридаги 29-сонли “Меҳрибонлик уйи”да тарбия топаётган 40 нафар ўғил-қизларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди.

Саёҳат давомида болажонлар қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрининг кўҳна тарихи, бугунги кундаги ривожланиши ва ўзгаришлар билан таништирилди. Тарихий  ва маданий меросимиз объектлари бўлмиш Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Регистон майдони, Бибихоним масжиди ва Хўжа Дониёр зиёратгоҳи каби бетакрор ва гўзал иншоотлар уларда катта таассурот қолдирди.

Бу каби тадбирлар касаба уюшмалари томонидан республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!