Касаба уюшмалари фаолияти бўйича ўқув-семинари ўтказилди.
01.11.2024. 2024 йил 31-октябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Самарқанд вилояти кенгаши ҳамда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Самарқанд вилоят кенгаши томонидан тармоқ касаба уюшмаси тизимидаги бошланғич ташкилотлар учун “Бошланғич касаба уюшма ташкилотлари томонидан ўз фаолиятларини устав талаблари асосида амалга ошириш, касаба уюшмаси аъзоларини ижтимоий-иқтисодий ҳамда ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат жамоаларида ходимлар меҳнатини мухофаза қилиш, уларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратиб бериш ҳамда молиявий интизомга қатьий риоя қилиш” мавзуси бўйича ўқув-семинар машғулоти ўтказилди.
Ўқув-семинар машғулотида вилоят касаба уюшмаси тармоқ тизимидаги барча бошланғич касаба уюшма ташкилотлари раислари, ҳисобчилари, цех касаба уюшмалари ташкилотчилари, муассасалар кадрлар бўлими бошлиқлари, меҳнатни мухофаза қилиш муҳандислари, жами 350 нафардан зиёд ходимлар иштирок этишди.
Семинар машғулотини ўтказишда асосий эътибор, меҳнат ва меҳнатни мухофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатларини тарғиб қилиш, касаба уюшмаларининг ташкилот ҳаётида тутган ўрни, ҳужжатларни юритиш, молиявий интизомга қатъий риоя қилиниши, 2025 йилда барча даражадаги касаба уюшма ташкилотларида ўтказиладиган ҳисобот-сайлов йиғилишларига тайёргарлик кўришга қаратилди.
Ўқув-семинар машғулоти савол-жавоблар, баҳс мунозараларга бой тарзда ўтди, маъруза билан сўзга чиққан мутахассислар семинар иштирокчиларининг барча саволларига атрофлича батафсил жавоб беришди.
Семинар якунида тармоқ касаба уюшмаси тизимида фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ фаол меҳнатни мухофаза қилиш муҳандисларига вилоят кенгашининг қимматбаҳо эсдалик совғалари ва ташаккурномалари билан рағбатлантирилди.