Касаба уюшмалари фаоллари Тошкент шаҳрига саёҳат қилдилар
18.11.2022. Ўзбекистон кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхоналар касаба уюшмалари ташкилотларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ қўмита раислари ва фаоллар иштирокида Тошкент шаҳрининг диққатга сазовор жойларига дастур асосида саёҳат ташкил этилди. Жумладан, саёҳатни биринчи манзили “Ҳазрати Имом” мажмуаси бўлди. Айтиш керакки, Ҳазрати Имом майдони Тошкентнинг эски маҳалласи Себзорда асрлар бўйи қурилиб келган тарихий-меъморий обидаларнинг тўлиқ мажмуасидан иборат тарихий манзилдир. Фаоллар “Ҳазрати Имом” мажмуасини айланиб чиқишгач, уларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан пойтахтда қад кўтарган Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ҳақида маълумотлар берилди.
Шундан сўнг фаоллар “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.
Истиқлол йилларида мустабид тузуми даврида ҳаробага айлантирилган муқаддас қадамжолар, муҳим тарихий обидаларни қайта тиклаш билан бир қаторда янги анъанавий услубдаги мўътабар масканларнинг бунёд этилиши халқимиз маънавий тараққиётини белгилаб берувчи омиллардандир.
“Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуаси иккинчи жаҳон урушида мардлик ва жасорат, фронт ортида матонат ҳамда инсонпарварлик намуналарини кўрсатган кўп миллатли Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган буюк Ғалабани таъминлашга қўшган муносиб ҳиссасини кенг миқёсда ёритиш, иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизнинг номларини абадийлаштириш, уларнинг беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида Тошкент шаҳрида “Шон-шараф” давлат музейи, “Мангу жасорат” ва “Матонат мадҳияси” монументларини, тарихий-бадиий экспозицияларни ўз ичига олгандир.
Меҳмонлар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишдилар.
Шавкат Тоиров
Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси