04.05.2015. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан мамлакат миқёсида “Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Мустақиллик йилларида диёримизда инсон манфаатлари энг олий қадрият сифатида амалда қадр топиб, уруш ва меҳнат фахрийлари, бой ҳаётий тажрибага эга инсонларга эъзоз кўрсатиш, кексаларни қадрлаш билан бирга ўтганларни хотирлаш, уларнинг ибратли ишларини ёд этиб, эҳтиром кўрсатиш эзгу анъанага айланди.
“Касаба уюшмалари – фахрийларга” акцияси дирасида Ўзбекистон равнақи, унинг мустақиллиги ва халқ тинчлиги учун курашган юртдошларимизни эъзозлаш, орамизда бўлмаганларни хотирлашга бағишланган тадбирлар ўтказилиб, кекса ва ёлғиз иноснлар ҳолидан хабар олинмоқда. Шунингдек, барча меҳнат жамоаларида “Жасорат, бурч, матонат” шиори остида турли маънавий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Айниқса, бу йилги тадбирларнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган тадбирларга ҳамоҳанг ташкил этилаётгани янада аҳамиятлидир.
Мазкур акция доирасида Давлатимиз раҳбарининг “1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиққан ҳолда Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган 3 мингдан ортиқ уруш қатнашчиларининг ҳар бирига касаба уюшмалари томонидан манзилли ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, тизимдаги санаторийларда дам олиб, даволаниш учун 100 нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийсига, 34 нафар ишлайдиган пенсионерларга бепул, 121 нафар меҳнат фахрийларига фарзандларининг иш жойларидан имтиёзли йўлланмалар берилди.
Бундан ташқари Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 700 нафардан ортиқ кексалар, уруш ва меҳнат фахрийларининг Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон ва Тошкент шаҳарларига саёҳатлари уюштирилиб, улар республикамизнинг тарихий шаҳарлари, диққатга сазовор масканлари билан таништирилди.
Шунингдек, акция доирасида республикадаги “Саховат” ва “Мурувват” уйларида яшовчи қариялар ҳолидан хабар олиниб, улар учун маданий тадбирлар ташкил этиш билан биргаликда касаба уюшмаларининг ҳомийлик ёрдами ҳам кўрсатилмоқда. Хусусан, куни кеча Охангарон шаҳридаги “Саховат” уйида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилиб, ушбу масканда яшовчи кекса ижтимоий ҳимояталаб инсонлар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Уларга 2 млн. сўмликдан ортиқ кўрпа-тўшак жилдлари, совғалар топширилди.
Ватан олдидаги хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилалари ҳам эътибордан четда қолмади. Бугун орамизда йўқ бўлган 232 нафар ҳарбий хизматчиларнинг оиласи моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиб, манзилли ёрдам кўрсатилди.
Айни кунда “Касаба уюшмалари – фахрийларга” анъанавий акцияси барча ҳудудларда давом этмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати