Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Миллий мониторинг ўтказилади

25.09.2023. 2023 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Миллий мониторинг ўтказилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида “2023 йилги пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторингни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида” мавзуидаги Брифинг ўтказилди.

Брифингда таъкидланганидек, Президентимизнинг қатъий иродаси  туфайли сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам бериш борасида катта натижаларга эришилди, шу мақсадларда қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва мавжудлари қайта кўриб чиқилди. Бунинг натижасида юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди. Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2021 йилги пахта-йиғим терими мавсуми давомида ўтказилган “Учинчи томон мониторинги” натижаларига кўра болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан умуман фойдаланилмаганлиги қайд этилди. Шунингдек, 2021 йил 9 апрелда Ўзбекистон Европа Иттифоқининг “ГСП+” умумий имтиёзлар тизимининг бенефициари мақомини олди. 2022 йил 10 март куни эса “Cotton Campaign” халқаро коалицияси ўзбек пахтасига нисбатан глобал бойкот бекор қилинганини эълон қилди ва бу Ўзбекистон учун катта иқтисодий ютуқ бўлди. Ушбу ютуқлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти куни кеча БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида алоҳида тўхталди.

Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам тизимли ишларни олиб бормоқда. Хусусан, мана бир неча йилдирки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фуқаролик жамияти инстутлари билан ҳамкорликда пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун шарт-шароит яратилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланмаслик юзасидан Миллий мониторинг ўтказиб келинмоқда.

Брифингда жорий йилда ҳам Миллий мониторинг ўтказиш режалаштирилгани,           у 26 сентябрдан 31 октябргача давом этиши ҳамда бу йилги Миллий мониторинг Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ва Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича Республика уч томонлама комиссиясининг мажлис баёнлари ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ижроия қўмитаси қарори билан тасдиқланган чора-тадбирлар режаси ва Тавсияларга асосан ўтказилиши тўғрисида батафсил маълумотлар берилди.

Қайд этилганидек, бу йилги мониторинг ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси (ЎзННТМА)га аъзо бўлган фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилади.

Мониторингни ўтказишдан асосий мақсад – пахта йиғим-терими ишларида вояга етмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ва нобюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, пахта йиғим-терими мавсумида теримчилар учун етарли яшаш, дам олиш ва меҳнат шароитлари яратилганини баҳолаш, қўлда терилган ҳар бир килограмм пахта хом ашёси учун адолатли меҳнат ҳақи тўланишини назорат қилиш, пахта-тўқимачилик кластерлари, фермер хўжаликлари ходимлари билан меҳнат шартномаси, вақтинчалик теримга жалб қилинган фуқаролар билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда муддатли меҳнат шартномаси тузилганлигини ҳамда терим отрядлари ва туман фермерлар кенгаши ўртасида хизмат кўрсатиш тўғрисида шартномалар тузилганлигини назорат қилишдан иборат.

Миллий мониторинг давомида камчиликлар аниқланса уларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилади ҳамда мониторинг юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясига мунтазам ахборот бериб борилади.

Тадбирда таъкидланганидек, Миллий мониторингни сифатли ўтказиш мақсадида унинг услубиёти такомиллаштирилди, “Мониторинг гуруҳларининг жойларда ҳаракатланиш кетма-кетлиги”, “Мониторингда интервью олиш саволномаси”, “Пахта йиғим терими иштирокчилари учун яратилган шарт-шароитларни баҳолаш бўйича саволнома” ва ахборот бериш шакллари ишлаб чиқилиб, мониторинг гуруҳларига тақдим этилди. Мониторингни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳудудий мониторинг гуруҳлари тузилиб, улар таркибига тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашларининг масъул ходимлари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари меҳнат техник инспекторлари, шунингдек, келишилган ҳолда, Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциациясининг жойлардаги аъзо ташкилотлари вакиллари киритилди. Мониторинг самарадорлигини ошириш мақсадида Мониторинг ўтказиш ишчи гуруҳлари таркибидаги касаба уюшмаси ходимлари мониторинг жараёнида фойдаланиш учун махсус кийим бош ва ҳудудий гуруҳлар раҳбарлари интернет тармоғига уланган планшетлар билан таъминланди.

Миллий монитроинг жараёнида пахта тераётган вояга етмаган шахслар аниқланса, уларни зудлик билан даладан олиб чиқиш ва ўқув даргоҳига ёки уйига қайтариш чоралари кўрилади. Бу ҳақда Акт (Далолатнома) тузилади ва айбдор шахсларга нисбатан чора кўриш учун меҳнат инспекциясига юборилади.

Мажбурий меҳнатдан фойдаланиш холатлари аниқланган ҳолда эса зудлик билан касаба уюшмаларининг инспектори томонидан вазият ўрганилади ҳамда Акт (Далолатнома) тузилиб, уларни иш жойларига қайтариш чоралари кўрилади. Шу билан бирга ҳудудий “Қайта алоқа механизми” (ҚАМ) вакилларига ҳам хабар берилади.

Эслатиб ўтиш жоизки, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари бузилишини олдини олишга қаратилган Қайта алоқа механизми Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимида ташкил этилган бўлиб, мавсум давомида узлуксиз равишда кечаю кундуз ишлайди. Бунинг учун Федерация Юридик клиникаси ва унинг ҳудудлардаги филиалларида касаба уюшмалари вакилларининг доимий навбатчилиги ташкил қилинди. Келиб тушган мурожаатларни тезкорлик билан кўриб чиқиш мақсадида 10-92 қисқа рақамли “Ишонч телефони”, интернет сайтлар, телеграмм ижтимоий тармоғи имкониятларидан кенг фойдаланилади. Бу ҳақда касаба уюшмалари томонидан 200 та баннер тайёрланиб, республикамизнинг барча ҳудудларидаги туман, шаҳар марказларига ўрнатилмоқда, корхона, ташкилот, муассасалар ҳамда одам гавжум бўладиган жойларга эса 10 минг дона постерлар жойлаштирилди ва меҳнаткашлар ҳамда аҳоли вакилларига 200 мингта флаерлар тарқатилмоқда.

Миллий мониторинг даврида ўрганиш натижаларини ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади (Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги ва “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги Қонунлари ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти билан келишилган “Мониторинг услубиёти” талабларига мувофиқ ошкор этмаслик тамойилига амал қилинади)  ва мониторинг якунлари тўғрисида декабрь ойида ўтказиладиган Давра суҳбатида батафсил эълон қилинади.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати