29.11.2022. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг малака ошириш институти” НТМ билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган дастурга асосан “Касаба уюшмалари меҳнат инспекцияси фаолиятининг истиқболлари” мавзусида малака ошириш ўқувлари ташкил этилди.
Ўқувларда тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Федерациянинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ ва Навоий кон-металлургия комбинати ходимлари касаба уюшмаси Кенгашлари меҳнат техник, меҳнат ҳуқуқ инспекторлари, юрисконсультлари ҳамда мурожаатлар билан ишлаш бўйича мутахассислар иштирок этмоқда.
Ўқув жараёни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари, Меҳнат инспекцияси бошлиғи Қ.Қирғизалиев ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик А.Саидовлар иштирокида бошланди.
Акмал Холматович Саидов очилиш маросимидаги ўз сўзида сўнгги 6 йилда, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳар бир соҳада, шу жумладан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижасида миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш соҳаси такомил топиб, кўплаб ижобий ўзгаришлар амалга оширилганлиги, мазкур ўзгаришлар ўз навбатида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясига янгича ёндошувни талаб этаётганлигини таъкидлади. Ҳамда ушбу йўналишдаги касаба уюшмалари ва меҳнат инспекцияси олдидаги долзарб вазифалар тўғрисида сўз юритди.
Кўтаринки руҳда бошланган ўқувда қатор вазирлик ва идоралар, Федерациянинг кўп йиллик тажрибага эга малакали мутахассислари ҳамда фан докторлари, фан номзодлари маърузалар билан иштирок этиши кўзда тутилган.
Малака ошириш курсида шунингдек, тингловчилар учун муҳим ва қизиқарли бўлган турли мавзулардаги маърузалар, амалий машғулотлар, маданий-маърифий тарбирлар ҳам ташкил этилади.
Ўқувлар доирасида тингловчилар Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи ҳамда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида бўлиб, мамлакатимиз касаба уюшмалари тарихи, касаба уюшмалари ташкил топганидан бугунги кунга қадар бўлган фаолияти, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, академияда талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишлари режалаштирилган.