Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари нодавлат секторида

02.01.2014. Бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ижтимоий шериклик асосида аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсиши, бандликни таъминлаш, кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларини ва кам таъминланган оилаларни манзилли муҳофаза қилиш ҳамда уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Обод турмуш йили давомида касаба уюшмалари «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳалари муҳокамаларида фаол иштирок этиб, улар юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди. Федерация Кенгаши томонидан 10га яқин қонун лойиҳаси, 20 га яқин меъёрий ҳужжат лойиҳаси кўриб чиқилиб, тегишли таклиф ва хулосалар берилди.

Аҳолини иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий дастурларига биноан янги иш ўринлари яратилиши устидан жамоатчилик мониторинги доирасида жами 2 минг 986 та корхона ва ташкилотда 27 минг 771 та янги иш ўрнининг ҳақиқатда яратилганлиги ўрганиб чиқилди.

2013 йил давомида Республика касаба уюшмалари томонидан 250 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилиб, кўплаб хусусий тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан тикувчилик цехи ташкил этиш орқали 15 та, Андижон вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши қошидаги “Мустаҳкам олмос” шуъба корхонасида 40 та, аҳолига сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасида Бухоро вилоятида 5 та, Жиззах вилоятида 9 та, Қашқадарё вилоятида 10 та, Навоий вилоятида 3 та, Наманган вилоятида 40 та, Самарқанд вилоятида 30 та, Сурхондарё вилоятида 12 та, Фарғона вилоятида 5 та, Тошкент шаҳрида 3 та янги иш ўринлари яратилди.

Тармоқ касаба уюшмалари ҳам бу ишда фаол иштирок этдилар. Масалан, Авиаходимлар, Алоқа, Соғлиқни сақлаш, Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ходимлари, Темирйўлчилар ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Марказий кенгашлари томонидан 40 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, “Турон”, “Зомин”, “Чинобод”, “Умид гулшани” санаторийларида 16 та ва “Бакард Азиа” масъулияти чекланган жамиятида 2 та иш ўрни яратилиб, ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги таъминланди.

Корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ва келишувлари орқали иш берувчи ва касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 188208 фуқаро ва оилага 75 млрд. 607 млн. сўмликдан зиёд ижтимоий кўмак берилди.

Бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини касаба уюшмаларига жалб этиш, жамоа шартномалари тузиш орқали уларда фаолият юритаётган ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари Миллий асссоциацияси билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Шунингдек, фермер хўжаликлари, хусусий йўловчи ташиш уюшмалари, хусусий қурилиш ташкилотларида меҳнат қилувчи ва якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқароларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида муайян натижаларга эришилмоқда. Хусусан, ўтган йилда 956 минг нафардан зиёд фермер хўжаликлари аъзолари, хусусий корхоналарнинг 112 минг нафардан ортиқ ходимлари, чет эл сармояси иштирокидаги корхоналарнинг 61 минг нафардан зиёд ходимлари касаба уюшмаларига жалб этилди. “Обод турмуш йили” Давлат дастури доирасида 1260 нафар фермер ва 1000 нафардан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликда банд бўлган шахслар имтиёзли йўлланмалар билан соғломлаштирилди.

Мамлакатимизда жисмоний ва маънавий соғлом, ҳар томонлама камол топган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш йўналишида ҳам касаба уюшмалари ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Хусусан, ёшларни, шу жумладан, коллеж битирувчиларини кичик бизнесга жалб қилиш, уларга бизнес юритиш асосларини ўргатиш, оилавий ва ёшлар бизнесини ривожлантириш мақсадида Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё вилоятларида, Тошкент шаҳрида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда коллеж ўқувчилари ўртасида ёшларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, уларнинг ҳуқуқий ва иқтисодий билимларини ошириш йўналишидаги семинарлар ташкил этилди. Шунингдек, бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Лойиҳаларимиз: Ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага!”, “Ёш тадбиркор камолоти – қишлоқ тараққиёти кафолати”, “Диплом билан бизнесга-2013” каби мавзуларда семинар-тренинглар, давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этилди. 10 та ҳудудий ва 6 та тармоқ касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан олий ва ўрта махсус ўқув юртларида таҳсил олаётган жами 298 нафар кам таъминланган, иқтидорли талабаларга касаба уюшмаларининг стипендияси жорий этилиб, 9 ой давомида 140 миллион 500 минг сўм ўз эгаларига топширилди.

Бугунги кунда касаба уюшмалари томонидан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бу орқали меҳнат жамоаларида кўтаринки кайфиятни таъминлаш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ишларини янада такомиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилмоқда. Айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотларининг корхона, ташкилот ва муассасалар ижтимоий ҳаётида тутган ўрнини янада ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур саъй-ҳаракатлардан кўзланган мақсад эса ягона – мамлакатимизда аҳоли турмуши фаровонлигини ошириш йўналишида амалга оширилаётган ишларга касаба уюшмаларининг муносиб ҳиссасини қўшишдир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати