Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари тарихи музейи янги материаллар билан бойитилмоқда

10.06.2022. Касаба уюшмалари фаоллари Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи фаолияти билан танишдилар.

Музей раҳбари Ирисмуҳаммад Абдукаримов меҳмонларга музей ва ундаги экспонатлар ҳақида батафсил маълумотлар берди.

Таъкидлаш зарурки, қарийб 1 асрдан ортиқ тарихга эга бўлган Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихига оид маълумотларни ўзида мужассам этган мазкур музей ташкил этилганига ҳали кўп вақт бўлмаган бўлса-да, чуқур изланишлар натижасида янги экспонатлар, ёзма ва видеоматериаллар ҳамда маълумотлар билан янада бойитилмоқда. Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида музей фондининг электрон базаси ривожлантирилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейи энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган бўлиб, унда касаба уюшмалари тузилган дастлабки йиллардан то бугунгача бўлган барча фаолият ва жараёнлар, соҳага доир хат-ҳужжатлар, фото ва видео материаллар мужассам этилган. Аҳамиятли жиҳати, музейда касаба уюшмалари фаолиятининг ҳеч бир йили эътибордан четда қолмаган. Музейга жойлаштирилган буюмлар 1925 йилдан 2023 йилларни ўз ичига олган.

Хусусан, музей 4 бўлимдан иборат бўлиб, 1905-1924 йилларни ўз ичига қамраб олган биринчи бўлимда илк касаба уюшмалари фаолияти, улар томонидан ўтказилган тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Ушбу бўлимда жадидлар ҳаркатининг  етук намоёндаларидан бири бўлган Абдулла Авлонийнинг касаба уюшмаларидаги фаолияти ҳам акс этган. Шунингдек музей очилганидан сўнг ўтган қарийб 7 ой мобайнида ушбу бўлимга инқилобга қадар Туркистон ўлкасидаги ижтимоий-сиёсий ҳаёт ва саноат ҳолатини кўрсатувчи фотослайдлар ва фильмлар қўшилди.

Музейнинг иккинчи, яъни 1925-1991 йилларни ўз ичига олувчи бўлимидаги халқ хўжалигини ривожлантиришда касаба уюшмалари фаолияти, қатағон қурбонлари бўлган касаба уюшма фаоллари, Ўзбекистон халқи ва касаба уюшмаларининг фашизмни енгишга қўшган ҳиссаси, урушдан кейинги тикланиш, Ўзбекистон касаба уюшмалари Республика ташкилотининг қайта ташкил этилиши ва унинг биринчи конференциялари ҳақида ҳикоя қилувчи материаллар янги фотосуратлар асосида тайёрланган фотослайдлар ва ҳужжатли телефильмлар билан бойитилди. Уларда касаба уюшмалари ҳаётининг турли жабҳалари акс эттирилган.

1991-2015 йилларни қамраб олган учинчи бўлимдан Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг эълон қилиниши, “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолотлари тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, Мустақилликнинг дастлабки 15 йилида касаба уюшмалари фаолияти, мазкур даврда ўтказилган 6 та Қурултой ёритиб берилган материаллар ўрин олган. Шунингдек, мазкур бўлимда касаба уюшмалари нашрлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам мавжуд бўлиб, меҳмонларга “Касабачилик ҳаракати”, “Ишчи”, “Узбекистанская правда”, “Профессиональный гудок”, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталарининг илк сонлари акс эттирилган фотоҳужжатлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари тарихи музейининг тўртинчи, яъни “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари” деб номланган бўлимидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унга аъзо ташкилотларнинг сўнгги 6 йил давомида меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб бораётган самарали фаолияти тўғрисидаги материаллар ўрин олган.  Мазкур бўлимдаги “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори, шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган Бош келишув каби материаллар меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, мазкур бўлимга Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи ва Касаба уюшмалари кунининг 1 йиллиги муносабати билан касаба уюшмалари ходимлари ва фаолларига юборган табриклари, Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг ташкил этилиши, “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” нишони таъсис этилиши, Федерация томонидан ўтказилаётган турли тадбир ва танловлар ҳақидаги маълумотлар ёзма ва электрон шаклда жойлаштирилган бўлиб, меҳмонларнинг алоҳида эътиборига сазовор бўлди.

Музей билан танишув жараёнида уни янада бойитиш борасида мулоқот ҳам бўлиб ўтди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков узоқ йиллик тарихга эга касаба уюшмаларига оид материаллар бўйича изланишларни давом эттириш, бу орқали қизиқарли манбаа ва маълумотларни янада кўпроқ топиб, кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Касаба уюшмалари фаоллари музей очилганидан бери ўтган қисқа вақт ичида ҳар бир бўлим янги ва қизиқарли материаллар билан бойитилганини қайд этдилар. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати

Click to listen highlighted text!