Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида” брифинг ўтказилди

30.12.2019. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мазмун-моҳияти тўғрисида” мавзуидаги пресс-брифинг ўтказилди. Унда Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳамкор вазирликлар мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Брифингда таъкидланганидек, 2019 йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди.

Таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқини амалга ошириш, касаба уюшмаларини тузиш ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун қабул қилингунига қадар амалда бўлган “Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонун бундан 27 йил илгари қабул қилинган эди ва у асосан деклоратив характерда бўлиб, аниқ тўғридан-тўғри амал қилувчи ҳуқуқий нормалар деярли келтирилмаган эди. Ўтган давр ичида мулкчиликнинг янги шакллари юзага келди, айниқса, сўнгги 3 йилда, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда ҳар бир соҳада, шу жумладан ижтимоий-мехнат муносабатлари соҳасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар натижасида миллий ва халқаро меҳнат стандартларини ҳаётга татбиқ этиш соҳаси такомил топиб, кўплаб  ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Мазкур ўзгаришлар ўз навбатида ходимларнинг мехнат ҳукуклари ва ижтимоий-иктисодий манфаатлари химоясига янгича ёндошувни талаб этади. Шу нуқтаи назардан аввалги Қонун ўзининг тарихий вазифасини ўтаб бўлган эди. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонуни қабул қилинди.

“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунни ишлаб чиқишда ҳалқаро хуқуқий нормалар, ҳусусан Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенциялари,  МДҲ мамлакатлари, Финландия, Швеция, Дания, Нидерландия, Буюк Британия, Испания, Португалия, Германия ва бошқа ривожланган давлатлар тажрибаси,  миллий амалиёт ва қонунчилигимиз инобатга олинди. Халқаро Меҳнат ташкилотининг Конвенцияларига мос равишда касаба уюшмаларининг ҳуқуқ ва ваколатлари ҳамда касаба уюшмасига бирлашиш имкониятлари кенгайтирилди. Шунингдек, Қонунга касаба уюшмалари органларини давлат рўйхатидан ўтказишни соддалаштириш, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилишда асосий институтлардан бири бўлган касаба уюшмаларининг меҳнат инспекцияларини қайта тиклаш, меҳнат соҳасида Ижтимоий шериклик хамда Жамоатчилик назоратини амалга оширишни тартибга солувчи нормаларни қонуний мустаҳкамлаш каби меъёрлар киритилди.

Таъкидлаш зарурки, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунда фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имконияти кенгайди. Хусусан, ходимларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилди ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига ҳам мос равишда Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилди.

Шунингдек, янги Қонунга мувофиқ касаба уюшмалари нафақат корхона-ташкилотларда, балки барча иш ўринларида тузилиши мумкин эканлиги белгилаб қўйилди. Бу билан Халқаро меҳнат ташкилотининг “Бирлашиш эркинлиги ва бирлашиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 87-конвенциясининг нормаси имплементация қилиниб, нафақат битта ташкилотда ишлаётганлар, балки бир неча ташкилотда ишлаётган ходимларга ҳам ўзаро бирлашиб касаба уюшмасини тузиш имкони берилди.

Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Шунингдек, касаба уюшмаларига иш берувчилар ташкилотлари ва сиёсий партияларга молиявий кўмак бериш таъқиқланади. Бу меъёр касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш мақсадида кўзда тутилган бўлиб, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар ҳам эътиборга олинди ва бу касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.

Яна бир жиҳат, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонунда касаба уюшмалари фаолиятининг  асосий принциплари белгилаб қўйилди. Булар: қонунийлик, ихтиёрийлик, камситишга йўл қўймаслик, мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш, тенг ҳуқуқлилик, ошкоралик ва очиқликдир.

Ушбу Қонуннинг қабул қилиниши натижасида касаба уюшмаларига ходимларнинг меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва иш берувчилар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлган меҳнат инспекцияларини тузиш ҳуқуқи берилди. Шунингдек, касаба уюшмалари иш берувчига қонунбузилишига йўл қўйган шахсларни интизомий жазога тортиш талабини қўйишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунда касаба уюшмалари томонидан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ўзига ҳос ҳусусиятлари бўлиши мумкин деб белгилаб қўйилган. Янги қонунда мана шу “ўзига ҳос ҳусусиятлар” ёритиб берилди. Яъни, энди касаба уюшмалари томонидан нафақат давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятлари устидан, балки иш берувчилар ва уларнинг бирлашмалари фаолияти устидан ҳам жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳуқуқи берилди.

Брифингда Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги қабул қилинган Қонунида касаба уюшмаларининг мустақиллиги янада мусхакамлангани алоҳида таъкидланди. Хусусан, касаба уюшмалари ўз фаолиятида, шу жумладан, молиявий фаолиятида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан мустақиллиги, улар олдида ҳисобдор эмаслиги ҳамда улар томонидан назорат қилинмаслиги мустахкамлаб қўйилди. Шунингдек, давлат касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлаши, давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, иш берувчилар касаба уюшмаларининг, улар бирлашмаларининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлаши, касаба уюшмаларининг фаолиятига аралашишга, шу жумладан уларнинг фаолияти тўғрисида бирор-бир ҳужжат тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмаслиги, уларнинг фаолиятини давлат органлари, мансабдор шахслари, иш берувчилар ташаббусига кўра тугатишга йўл қўйилмаслиги қонунан белгилаб қўйилди.

Қонунда шунингдек, иш берувчининг касаба уюшмалари фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш борасидаги мажбуриятлари қонунан белгилаб қўйилди. Яъни, Қонунда иш берувчи касаба уюшмаларининг ҳуқуқларига риоя этиши, уларнинг фаолиятига кўмаклашиши, ходимларнинг манфаатларига дахлдор қарорлар қабул қилингунига қадар касаба уюшмалари билан маслаҳатлашувлар ўтказиши, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида ва бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда эса уларнинг розилигини олиши, касаба уюшмаларининг таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиши ва уларга қабул қилинган қарорлар ҳақида ёзма шаклда, сабабларини кўрсатган ҳолда хабар қилиши, касаба уюшмалари органлари вакилларини улар манфаатларини ифода этаётган ходимларнинг иш жойларига монеликсиз киритиши, касаба уюшмаларига ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган масалалар бўйича зарур ахборотни бепул тақдим этиши, касаба уюшмаларига ўз вазифаларини бажариши учун зарур шароитларни таъминлаши, касаба уюшмалари органлари таркибига сайланган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахсларга касаба уюшмаларига оид мажбуриятларини иш вақтида бажариши учун вақт бериши, бунда касаба уюшмаларига оид мажбуриятларни бажариш вақти иш ҳафтаси соатлари сонининг 30 фоизидан кам бўлмаслиги зарурлиги белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари Касаба уюшмаларини, уларнинг бирлашмаларини, бўлинмаларини ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш соддалаштирилди. Касаба уюшмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этишга бўлган ҳуқуқлари мустахкамланди. Хусусан, Касаба уюшмалари, уларнинг бирлашмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига тааллуқли бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга эканлиги, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар лойиҳалари тегишли касаба уюшмаси ёки касаба уюшмалари бирлашмалари билан келишиб олиниши шарт эканлиги белгилаб қўйилди.

Сирасини айтганда “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги янги Қонун ходимлар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда касаба уюшмалари учун қулай шарт-шароит ва кафолатлар яратишга, касаба уюшмаларининг иш берувчилар, давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштиришга, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шерикликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати