Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Касаба уюшмалари ва ёшлар

03.12.2013. Жорий йил 3 декабрь куни Ўзбек миллий Академик драма театрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ташаббуси билан “Касаба уюшмалари ва ёшлар” мавзуидаги маданий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда таниқли фан, маданият ва санъат арбоблари, мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган талаба ва ўқувчилар, ёш мутахассислар ва касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 21 йиллиги арафасида ташкил этилган мазкур тадбирда ёшларга мамлакатимизда инсонпарварлик, адолатпарварлик каби демократик тамойиллар, фуқаролар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ижтимоий фаоллигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида батафсил таҳлилий маълумотлар берилди.

Бугунги кунда Республика касаба уюшмалари ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатини ҳаётга татбиқ этишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Хусусан, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларнинг иш ўрни муқимлиги борасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ёш мутахассислар меҳнати муҳофазасини кучайтириш йўналишларида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ёш ходимлар ва талабалар маънавиятини юксалтириш, уларнинг касбий тайёргарликдан ўтишларини таъминлаш, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш ишлари орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш масалаларига ҳам ҳудудий ва тармоқ келишувларидан кенг ўрин берилган бўлиб, уларнинг ижроси бўйича касаба уюшма аъзоларига мунтазам ҳисобот бериш тизими жорий этилган.

Тадбирда мазкур йўналишлардаги ишлар билан бирга бугунги кунда касаба уюшмалари тизимини такомиллаштириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар, бу орқали жамоа шартномалари ва келишувларига киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалар,  иқтидорли талаба ва ўқувчилар учун таъсис этилган касаба уюшма стипендиялари хусусида ҳам сўз борди.

Унда таъкидланганидек, мазкур жамоат ташкилоти томонидан касб-ҳунар коллежларининг 2012-2013 ўқув йили битирувчиларига касаба уюшма маблағи ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатиш дастури ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан 21 минг нафарга яқин коллеж битирувчиси амалиёт ўташ даврида моддий ва маънавий қўллаб-қувватланди. Касб-ҳунар коллежларини битириб ишга жойлашган ёшларнинг 2 минг 414 нафарига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида – жами 427 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, касаба уюшмалари томонидан касб-ҳунар коллежларининг 2012-2013 ўқув йилидаги 501 минг 148 нафар битирувчисининг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва учтомонлама шартномалар билан қамраб олинишида кўмаклашилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ёшларга миллий қадриятлар ва инсонпарварлик туйғуларини сингдириш мақсадида тизимда бир қатор доимий акциялар йўлга қўйилганлиги ҳам аҳамиятлидир. Хусусан, жорий йилда Республика миқёсида ташкил этилган «Саховат» ва «Мурувват» уйлари ёшлар эътиборида» акцияси доирасида 500 нафардан ортиқ ёшлар ҳудудлардаги «Саховат» ва «Мурувват» уйларида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга оширдилар. Улар томонидан 2,5 минг нафарга яқин қариялар ҳолидан хабар олиниб, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни маънавий таҳдидлар таъсиридан ҳимоялашга йўналтирилган Акцияларнинг йўлга қўйилиши ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини оширибгина қолмай, маънавий комолотига муҳим ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Бунда меҳнат жамоаларида бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тизимли равишда ташкил этиб келинаётган “Маънавият соатлари” ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тадбир доирасида олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар коллежларида таълим олиш билан бирга, жамоатчилик ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, ҳар томонлама намунали ва иқтидорли, шунингдек, кам таъминланган оилалардан бўлган ва жисмоний имконияти чекланган талаба ҳамда ўқувчиларга Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан таъсис этилган стипендиялар тақдимоти маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда ўқишда аъло кўрсаткичларни қўлга киритаётган 25 нафар ёшлар касаба уюшмалари томонидан рағбатлантирилди.

Шундан сўнг тадбир иштирокчилари эътиборига Миллий Академик драма театри актёрлари томонидан “Кўнгил” спектакли намойиш этилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати