14.05.2024. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 30 январдаги «Хизмат автотранспорт воситаларини тартибга солиш, паст самарали штат бирликларини мақбуллаштириш ва қоғоз сарфини тартибга солиш тўғрисида»ги буйруғига мувофиқ штат бирликлари қисқариши белгиланган.
Юқоридагиларга асосан Фарғона вилояти Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгашига тақдимнома киритиб, Қувасой шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими хўжалик ишлари мудир-кассири ҳамда бўлим бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси Умида Усмонованинг иш ўрни қисқартиришга тушгани сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини Меҳнат кодексининг 161-моддаси, 2-қисми, 2-бандига асосан бекор қилишга розилик беришни сўраган.
Ушбу тақдимнома Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Фарғона вилоят кенгаши Ижроия қўмитасининг йиғилишида кўриб чиқилди. Натижада, Қувасой шаҳар иқтисодиёт ва молия бўлими хўжалик мудири–кассир Умида Усмонованинг ҳозирда қарамоғида 3 ёшга тўлмаган фарзанди борлиги, ушбу ҳолат Меҳнат кодексининг 409-моддасига зид эканлиги сабабли у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга розилик берилмади.
Мансуржон Усмонов
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Фарғона вилояти кенгаши бош мутахассиси