08.08.2024. Маълумки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан комплекс интеграллашган ахборот тизими (KasabaKIAT) дастури ишлаб чиқилган. Рақамли иқтисодиёт шароитида касаба уюшмалари фаолиятида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш давр талаби бўлиб, KasabaKIAT бу йўлдаги муҳим қадамдир.
Федерациянинг Қашқадарё вилояти кенгашида бошланғич ташкилотлар етакчилари, туман ва шаҳар кенгашлари раислари, соҳа фаоллари иштирокида янги жорий этилган дастур билан танишиш мақсадида амалий семинар ўтказилди. Унда ЎзКУФ Ахборот технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўлими мудири Зафар Набиев дастур яратилганидан то ҳозирга қадар амалга оширилган ишлар ҳақида муфассал ахборот берди.
Семинарда бошланғич касаба уюшма ташкилотини тузишдан тортиб, жамоа шартномасини экспертизадан ўтказиш, юқори ташкилотлардан келадиган қарорлар билан танишиш, уларнинг ижросини таъминлаш ва у ҳақдаги зарур ҳисоботларни топшириш услубияти
ҳақида амалий кўргазмали машғулотлар ўтилди. Шунингдек, мутахассис тизимнинг марказлашган маълумотлар базасига 150 мингдан зиёд юридик шахс, 20 мингдан ортиқ бошланғич ташкилот, 1300 га яқин касаба уюшма ташкилоти, 212 та болалар оромгоҳи, 30 та сиҳатгоҳ ва бошқа шу каби соҳага оид маълумотлар юклангани ҳақида ахборот бериб, бу касаба уюшма фаолларига иш жараёнида асқатишини таъкидлади. Базада шахсий кабинет очиш, маълумотлардан фойдаланиш бўйича саволларга жавоб берди.
– KasabaKIAT соҳада шаффофлик, тезкорлик ва самарадорликни таъминлаш, бошланғич ташкилотлар етакчиларининг фаоллигини ошириш, қолаверса, ҳисоботларни ортиқча қоғозбозликсиз юритишда катта ёрдам берадиган мукаммал дастур экани билан эътиборимизни тортди, – деди Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Шаҳрисабз шаҳар кенгаши раиси Умиджон Ортиқов.
Семинарда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қашқадарё вилояти кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев иштирок этди.
Акмал Абдиев