Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Кечки смена пуллари ундириб берилди

25.01.2023. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат ҳуқуқ инспектори томонидан Бағдод туман тиббиёт бирлашмасида меҳнатга оид қонунчилик талаблари бажарилиши юзасидан ўрганиш ўтказилганда, меҳнат қонунчилиги талаблари бузилганлиги аниқланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси ҳамда Жамоа шартномасида касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда кечки сменадаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш назарда тутилиши белгилаб қўйилган.

Бундан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ўртасида 2022-2024 йилларга, Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмасининг Фарғона вилоят кенгаши ўртасида 2021-2023 йилларга тузилган Тармоқ келишувлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида 2022-2024 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасида смена ёки навбатчилик асосида иш ташкил этиладиган соғлиқни сақлаш муассасаларида ходимларнинг навбатчилик вақтидаги соат 18.00 дан 22.00 гача бўлган иш вақтининг “кечки вақт” ёки “кечки смена” сифатида белгиланиши ҳамда бу вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун камида 1,25 баравар миқдорда ҳақ тўланиши белгиланган.

Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси ходимларига кечки сменадаги иш вақтлари учун иш ҳақи тўланиши ҳолати касаба уюшмаси инспектори томонидан ўрганилганда, ходимларга юқоридаги талаблар асосида оширилган миқдорда иш ҳақи тўланмаганлиги аниқланди.

– Мазкур қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича Бағдод туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига кўрсатма хати киритганимизга қарамай, кўрсатма талаблари бажарилмади, – деди Соғлиқни сақлаш ходимлари касба уюшмаси Республика кенгашининг Фарғона вилояти бўйича меҳнат хуқуқ инспектори Зафаржон Қурбонов. – Шундан сўнг 11 нафар ходимнинг манфаатларини ҳимоя қилиб, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судига даъво ариза киритдик. Мазкур суднинг жорий йил 6 январь кунги ҳал қилув қарорига асосан Бағдод туман тиббиёт бирлашмасининг 11 нафар ходимига 2022 йил давомида кечки сменада ишлаган иш вақтлари учун жами 12 миллион 79 минг 764 сўм иш ҳақлари ундириб берилди.

Касаба уюшмалари инспекцияси томонидан жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган ўрганишлар жараёнида меҳнат қонунчилигининг юқоридаги каби талаблари бузилиши ҳолатлари вилоят тери-таносил касалликлари шифохонасида ҳам аниқланди. Касаба уюшма инспекторлари саъй-ҳаракатлари билан мазкур шифохонанинг 7 нафар ходимига 5 миллион 830 минг 937 сўм иш ҳақлари ундириб берилди. 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати