[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

31.07.2023. Меҳнат соҳасидаги мувозанатни сақлаш аслида мушкул вазифа бўлмаса-да, унга тааллуқли қонунлар доирасидан четга чиқишлар рўй бериб туради. Бу ҳақда Самарқанд вилояти касаба уюшмаларига ҳам кўплаб шикоят-аризалар келиб тушади. Уларнинг салкам етмиш фоизи уюшмага аъзо бўлмаган ташкилотлардандир. Ҳолбуки, инсон ҳеч қачон муаммолар қуршовида яшай олмайди, қийналганида жамият мададига эҳтиёж сезади. Касаба уюшмалари ана шуни назарда тутиб, бирор-бир муаммони «Сеники, меники» деб ажратмайди, билъакс, ҳамиша ёрдам беришга шай туради.

Биз сўнгги пайтларда меҳнаткашлар ҳақҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг турли йўлларини излаяпмиз. Фаолиятимизни самарали ташкил этишда эса уюшма то-
монидан ишлаб чиқилган ва инсон меҳнатига доир барча омиллар акс этган «йўл харитаси» қўл келяпти. Зеро, қайси жабҳани олмайлик, у инсон меҳнатига бориб тақалади. Бу ўринда битта фалсафа мавжуд, у ҳам бўлса, ишлайдиган одам қонунан белгилаб қўйилган муайян имтиёз ва кафилликларга эга бўлиши шарт! Биз масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашиб, зарурат туғилганда, ҳар бир ташкилот ёки корхона эшигини чертамиз, керак бўлса, ичкарисига кириб борамиз. Негаки, у ерда мамлакатимиз фуқароси ишлайди. Ундан ҳол-аҳвол сўраш ва ҳуқуқларини тушунтириш бизнинг бурчимиз саналади.

Бирлашма кенгаши қошида «Касаба зиё» ўқув марказини ташкил этганмиз. Унда нафақат меҳнат муҳофазаси масъули ёки бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти етакчиси, балки уюшманинг ҳар бир фаоли ўқитилади. Бундан кўзланган мақсад жамоат ташкилоти вакилларининг конструктив мулоқотларда оқсаб қолмаслигига эришишдир.

Эндиликда ўз истак-хоҳишлари бўйича иш берувчиларни ҳам таҳсил олишга жалб этишни режалаштиряпмиз. Чунки раҳбар ҳам, жамоат назорати вакили ҳам давлат меҳнат бўйича белгилаган талаблардан огоҳ бўлмоғи лозим. Ана шунда оддий ходимларнинг манфаатлари яна бир поғона юқорига кўтарилади. Акс ҳолда, низоли вазиятлар, тушунмовчиликлар, меҳнат муносабатларидаги тарангликларни юмшатиш осон кечмайди.

Фаолиятим тақозосига кўра, касаба уюшмаси аъзолигини қабул қилмаган кўплаб ташкилотларда бўламан. Баъзи раҳбарлар мени хушламайгина қабул қилиб, таклифимни силлиққина рад этишади. Амалда улар ташкилот фаолиятини ривожлантириб, раҳбарлар юзини ёруғ қилаётган ходимлардан мурувватини аяган бўлиб чиқишади. Лекин «Қандай бўлмасин ходим ўн соат ишлаб бериши керак» ёки «Ходимларни норасмий ишлатавераман» деган бошлиқлар қаттиқ янглишадилар. Бундай дейишимнинг боиси, ҳар бир меҳнаткашнинг манфаати касаба уюшмалари эътиборидан четда эмас. У мазкур ташкилот аъзоси бўлган-бўлмагани эса иккинчи даражали масала.

Ҳозир мамлакатимиз саноати жадал юксалиб, янги корхоналар тобора кўпаймоқда. Яратилаётган ҳар бир иш ўрни муносиб кадрлар билан тўлдириб борилмоқда. Биз уларнинг меҳнатини муҳофаза қилишга, муносиб ва хавфсиз иш шароити яратилишига ўзимизни бурчдор ҳисоблаймиз.

Охирги вақтларда вилоятда янги очилган 4 мингга яқин корхона масъуллари билан мулоқотлар олиб бордик. Натижада олти-олти ярим ой ичида 1597 та корхонада бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти тузилишига эришдик. Бу жамоаларда ишлаётган 13048 нафар ходим уюшма аъзолигига қабул қилинди. Ўз навбатида, 2350 та ҳуқуқий мақомдаги шахслар билан музокараларни бошлаб қўйдик. Уларда вилоят ҳамда тармоқ касаба уюшмалари вакиллари меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун, ходим ва иш берувчининг ваколатлари, мажбурийлик касб этадиган меҳнат турлари, болалар меҳнати сингари мавзулар бўйича тушунтириш ишларини олиб боришяпти. Шу тариқа ҳали ҳеч бир жамоат ташкилотига бирлашмаган, меҳнат тартиб-тамойилларига устуворлик берилмаган шароитда фаолият юритаётган 141 минг нафар ходимнинг манфаатларини ўз ҳимоямизга олишни мўлжаллаганмиз.

Ўйлайманки, эзгу мақсад йўлидаги интилишларимиз зое кетмайди, одамларга наф келтириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз иш берувчилар томонидан якдиллик билан қўллаб-қув-
ватланади.

Бекзод Ўролбоев

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Самарқанд вилояти кенгаши раиси ўринбосари