[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.01.2023. “Кобул Дусов” телеграм канали юритувчиси – собиқ депутат Кобул Дусов ўз телеграм канали орқали ўқитувчиларга мурожаат қилган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари тўғрисида туҳматга йўғрилган сўзларни айтиш билан бирга провокацион тусдаги таклиф ёзилган пост эълон қилди.

Собиқ депутат Кобул Дусов ушбу постида:

– Биринчидан, касаба уюшмаларини “ўқитувчиларга бир пуллик фойдаси йўқ”лигини иддао қилиб, ушбу жамоат ташкилотига нисбатан туҳмат қилиш билан бирга ҳақоратли сўзларни ишлатди;

– иккинчидан, ўқитувчиларни провокацион тарзда “касаба уюшмаси аъзолигидан чиқиб кетиш”га чорлади.

Шу ўринда энг аввало, ҳақорат ва туҳмат учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганлигини таъкидлаймиз.

Шу билан бирга пост муаллифининг “бир пуллик фойдаси йўқ” деган сўзлари касаба уюшмалари шаънига ёғдирилаётган туҳмат эканлигини исботловчи  факт ва далилларни келтириб ўтамиз:

Биринчидан, Касаба уюшмалари саъй-ҳаракати билан таълим тизимида Тармоқ келишувлари ва таълим муассасаларида Жамоа шартномалари тузилган. Уларга ўқитувчи-педагог ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимояси, меҳнат муҳофазаси, дам олиши, соғломлаштирилиши, меҳнат муносабатларини янада тартибга солиш, меҳнат қонунчилиги бузилишининг олдини олишга қаратилган меҳнат меъёрлари киритилиб, амалга оширилмоқда.

Бунинг натижасида халқ таълими ходимларига узайтирилган меҳнат таътиллари, иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча таътиллар, қўшимча дам олиш кунлари, қисқартирилган иш куни каби имтиёзлар бериб келинмоқда.

Бундан ташқари, 2021 йил давомида:

  1. Халқ таълими вазири томонидан мактаблардаги “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг дарс соатлари “спорт зали йўқ” деган баҳона билан қисқартириб юборилганда (бу ҳолат ушбу ўқитувчиларнинг ойлик маоши камайишига олиб келган эди) Касаба уюшмалари Халқ таълими вазирининг дарс соатларини қисқартириш ҳақидаги буйруқларини бекор қилиш ҳақида вазирга тақдимнома киритиб, Республикамиздаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 13 мингдан зиёд “Жисмоний тарбия” фани ўқитувчиларининг ҳуқуқларини тиклади ҳамда уларнинг иш ҳақи ўз жойига келтирилди.
  2. Касаба уюшмалари иш берувчилар билан музокаралар орқали ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, ноҳақ ишдан бўшатилганларни ўз ишига тиклаб, етказилган моддий ва маънавий зарар пулларини ундириб берди.
  3. Касаба уюшмалари суд орқали ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, бепул юридик хизматлар кўрсатди.
  4. Касаба уюшмалари томонидан шу тарзда 2 минг нафарга яқин ўқитувчи-педагогнинг ҳуқуқлари тикланди.
  5. Педагог ходимларни рағбатлантириш, тақдирлаш, қадимий шаҳарларга саёҳатга олиб чиқиш ишларига 38 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.
  6. Соҳа ходимларининг соғлиғини тиклаш мақсадида қарийб 23 миллиард сўмлик бир марталик моддий ёрдам кўрсатилди.
  7. Касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ўқитувчилар ва уларнинг яқин қариндошларидан 13 минг 300 нафари имтиёзли равишда соғломлаштирилди, шу жумладан, 5 минг 598 нафар ўқитувчи бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилди. Ушбу мақсадларга жами 47 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди.
  8. Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасидаги асос солувчи тамойиллар ва ҳуқуқларга оид Конвенциялари бажарилиши бўйича касаба уюшмалари ўтказаётган жамоатчилик мониторинги натижасида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларининг олди олинмоқда.
  9. 2021 йил якуни бўйича жамоа шартномаси орқали ўрта ҳисобда бир нафар соҳа ходимига ойлик маошидан ташқари бевосита ва билвосита сарфланган маблағ 3 миллион 194 минг сўмни ташкил этди.

Касаба уюшмалари 2022 йил давомида жамоа шартномалари ва келишувлари орқали:

– кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалардан бўлган ўқитувчилар фарзандлари учун ўқув қуроллари, дарсликлар ҳарид қилиш ҳаражатларини қисман қоплаб берди;

– ўқитувчи-педагогларнинг соғлиғини мустаҳкамлаш учун 27 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди;

– олий ўқув юртларида таълим олаётган иқтидорли, кам таъминланган ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларини қисман тўлаб бериш ишлари амалга оширилди;

– соҳада ишлаётган ва 2 ёшдан 3 ёшгача бола парвариши учун таътилда бўлган ёш оналарга моддий ёрдам кўрсатилди;

– пенсия ёшидаги педагог ходимларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш, қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш, юбилей саналари муносабати билан рағбатлантириш, пенсиядаги ўқитувчиларга моддий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди;

– бир қатор ўқитувчи-педагогларнинг поймол этилган ҳуқуқлари ҳимояланиб, иш берувчиларга тақдимномалар киритилди ва қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилди;

– ўқитувчи-педагоглардан келган жами 24 минг 531 та мурожаат ўрганилиб, 21 минг 102 та мурожаат ижобий ҳал этилди;

  • Андижон шаҳар ХТБга қарашли 35-давлат ихтисослаштирилган мактабидаги 130 нафар ўқитувчи-педагогнинг ўз вақтида берилмаган 205 миллион сўмлик иш ҳақи ундириб берилди;
  • 10 минг нафарга яқин ўқитувчи-педагог санаторийларда имтиёзли йўлланмалар асосида соғломлаштирилди ва ушбу мақсадларга 35 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланди;
  • 5 минг 387 нафар ўқитувчи-педагог санаторийларда бепул соғломлаштирилди ва ушбу мақсадларга 17 миллиард сўмдан зиёд маблағ йўналтирилди;

– 2021-2022 йиллар давомида ходимлар билан содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликлари бўйича  ундирилиши лозим бўлган зарар тўловлари юзасидан касаба уюшмалари аралашуви билан суғурта компанияларидан 58 миллион 806 минг 90 сўм, иш берувчи ҳисобидан эса 5 миллион 500 минг сўм маблағ ундириб берилди.

Бундай факт ва рақамларни яна кўплаб келтиришимиз мумкин.

Ҳурматли Кобул Дусов!

Ўқитувчи-педагогларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш бўйича касаба уюшмалари томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида юқорида  келтирилган факт ва далилларимиз Телеграм каналингизда касаба уюшмалари тўғрисида жойлаштираётган постларингизнинг том маънода туҳмат эканлигини исботлаш учун етарли асос бўла олади, деб ўйлаймиз. Шу билан бирга “Касаба уюшмаси нима иш қилади ўзи” номи билан ёзган постингизга ҳам юқорида келтириб ўтган фактларимиз орқали жавоб олишингиз мумкинлигини билдирамиз.

Постларингизда “фалончи ўқитувчи шундай ёзади”, “касаба уюшмаси бировга ҳисоб бермайман деяпти”, “касаба уюшма ходими шундай ёзади” қабилидаги мавҳум, манзили, иш жойи номаълум одамлар номидан ҳар хил иғво ва туҳмат сўзларни тарқатгандан кўра аниқ манзилли, факт ва далилларга асосланган муаммоларни кўрсатсангиз жамиятга оз бўлса-да фойда келтирардингиз. Зеро, касаба уюшмалари тўғрисидаги постларингизнинг бирортаси аниқ факт ва далиллар билан асосланмаган.

Яна бир гап, касаба уюшмаларини обрўсизлантиришга уриниб жойлаштираётган постларингизни қайси фактларга аосланиб ёзаяпсиз?! Жавоб бера оласизми?! Интернет тармоғи орқали касаба уюшмалари шаънига ёғдираётган туҳмат, иғво, ҳақорат, провакацион таклифларингиз акс этган сўзларингиз учун жавоб бера оласизми?!

Шу ўринда сизга касаба уюшмаларининг ҳам бир таклифи бор:

Агар мақсадингиз ҳақиқатдан ҳам ўқитувчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш бўлса, турли-туман номаълум қаҳрамонларни ўйлаб топиб, ёлғон сўзлар билан касаба уюшмаларининг обрўсини тўкишга урингандан кўра, қайси касаба уюшмаси сиз постингизда келтирганингиздек “сизларнинг берган бадал пулларингиз ҳақида бировга ҳисоб бермайман” деганини, қайси мактабда “ўқитувчи ва ходимлар касаба уюшмаси учун текин даромад” бўлаётганини аниқ факт ва далиллар билан айтсангиз, муаммони бартараф этишга ҳисса қўшган бўлардингиз. Зеро, қайсидир жойда дуч келинаётган камчиликлар учун бутун бир тизимни қоралашга ва ҳақоратлашга ҳаққингиз йўқ!

Сизга шуни ҳам маълум қиламизки, касаба уюшмалари ўзаро ёрдам кассаси эмас, аксинча ходимларнинг бирдамлик ташкилоти ҳисобланади. Яъни, жами ходимлар тўлаган аъзолик бадаллари бугун мушкул аҳволга тушган ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига йўналтирилса, эртага яна бошқа ана шундай ижтимоий-иқтисодий ёки ҳуқуқий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган ходимларга йўналтирилади. Ўзбекистон касаба уюшмаларига аъзо бўлган ходимлар ҳам бугунги кунда имтиёзлардан худди шу тартибда фойдаланиб келмоқдалар.

Сирасини айтганда, бугунги кунда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ўқитувчиларга жуда катта эътибор қаратилиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқдалар. Ана шундай эзгу ишларда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этиб, ўқитувчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш борасидаги тизимли ишларини бундан буён ҳам оғишмай давом эттиради.

Ҳурматли ўқитувчилар учун маълумот ўрнида шуни маълум қиламизки, қайсидир мактабда ходимнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол этилаётган бўлса зудлик билан Таълим ва фан ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг (71) 256-70-32 рақамли Ишонч телефонига ёки Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1092 қисқа рақамли Ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси