Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Конституцияда давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ меъёрлар 3 баробарга кўпайтирилган

08.12.2023. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши томонидан Урганч давлат университетида “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Анжуманга алоҳида тайёргарлик кўрилди. Ёшлар орасида янги таҳрирдаги Конституциянинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунча беришгина эмас, уларнинг конституцион ҳуқуқларидан самарали фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ҳам мақсад қилинди.

Шу боис тадбирга битирувчи ёшлар тўқнашиши мумкин бўлган савол ва муаммоларга ечим бера оладиган мутасадди ташкилотлардан экспертлар жалб қилинди. Талаба ўқишни тугатиб, давлат хизматида ишлашни истайдими? Тадбиркорлик қилиш ниятидами? Ёш ходимнинг меҳнатга доир ҳуқуқлари нималардан иборат? Касаба уюшмаси ёш мутахассисни қандай ҳимоя қилади? Умуман, Конституцияда ёшлар ҳуқуқлари қандай акс этган? Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти филиали, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Хоразм вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси масъуллари ўз маърузалари орқали бу каби саволларга батафсил жавоб бердилар.

– Инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, қадрини улуғлаш кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказига олиб чиқилди, – деди “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси – муносиб меҳнатнинг ҳуқуқий кафолати” мавзуида маъруза қилган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хоразм вилояти кенгаши раиси  Гулсара Қурбонбоева. –Конституцияда белгиланганидек, касаба уюшмалари томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ва манфаатларини ифода этиш ҳамда ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан,  Конституциямизнинг 42-моддасида “Ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек, ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланган. Касаба уюшмалари ходимларнинг адолатли иш ҳақи тўланадиган, етарли меҳнат шароитлари ва ишончли ижтимоий ҳимояга эга, хавфсизлик стандартлари, санитария нормалари ва қоидалари, гигиена нормативлари талаблари асосидаги иш ўринларида меҳнат қилишлари учун иш берувчилар билан ҳамкорликда тизимли тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Иш ҳақининг меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда тўланиши мутазам мониторинг қилиб борилмоқда. Жамоа келишувлари ва шартномалари орқали ходимларга иш ҳақи ўз вақтида берилиши, устамалар тўланиши, уларнинг моддий ва маънавий қўллаб-қувватланиши, меҳнати муҳофазаси борасида иш берувчилар билан биргаликда зарур чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш зарурки, 2024 йилда Урганч давлат университетини 9337  нафар талаба тамомлайди. Анжуманда иштирок этган ёшлар ўз келажакларини қандай қуриш, конституцион ҳуқуқларидан қандай фойдаланиш бўйича кўплаб маълумотларга эга бўлдилар.

Яна бир аҳамиятли жиҳати, касаба уюшмалари ташаббуси билан  шу куни Хоразм вилояти камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида бўш иш ўринлари ярмаркаси ҳам ташкил этилди.  Битирувчи ёшлар меҳнат бозоридаги таклиф ва талаблар билан танишиб, ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб топдилар.

Иштирокчилар тадбир ҳар томонлама самарали бўлганлигини эътироф этдилар.

М. Тўрабоева