Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинликларимиз ҳамда фаровонлигимиз кафолати

05.12.2014. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан диёримизнинг турли ҳудудларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 22 йиллигига бағишланган тадбирлар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилди. “Конституциямиз – ҳуқуқ ва эркинликларимиз ҳамда фаровонлигимиз кафолати” мавзуида ташкил этилган мазкур Давра суҳбатида олим ва мутахассислар, ҳуқуқшунослар, таълим, фан ва маданият ходимлари, олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, педагог ходимлар, талаба ёшлар ҳамда касаба уюшма фаоллари қатнашдилар.

Давра суҳбатида Асосий Қонунимиз – мамлакатимиз Конституциясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари кафолатланганлиги, бу борада юртимизда олиб борилаётган тизимли ишлар алоҳида эътироф этилди.  Хусусан,  мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш барча жабҳалардаги ислоҳотлар жараёнида яққол намоён бўлаётганлиги таъкидланди. Муҳими, ислоҳотлар негизидан энг аввало  инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатлари устуворлиги ўрин эгаллаган. Шу боис амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси бугун халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.

 

Тадбир иштирокчиларига олим ва мутахассислар томонидан Асосий Қонунимиз халқчил ҳуқуқий ҳужжат сифатида ижтимоий-сиёсий соҳада кенг имкониятлар яратиб бераётгани тўғрисида таҳлилий маълумотлар берилди. Ушбу имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда касаба уюшмалари томонидан ижтимоий шериклик асосида турли соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш йўналишида олиб борилаётган тизимли ишлар тўғрисида фикр ва мулоҳазалар юритилди. Бунда айниқса, хотин-қизлар ва ёшларга алоҳида эътибор қаратилиб, жамоа шартномалари ва келишувлари мазмун-моҳиятининг бойитилаётгани, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларни маънавий таҳдидлар таъсиридан ҳимоялашга йўналтирилган тадбирларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди.

 

Мазкур жараёнларда ҳар бир меҳнат жамоаларида ҳамда ўқув муассасаларида бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан тизимли равишда ўтказиб келинаётган Маънавият соатларининг аҳамияти катта бўлаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Ушбу маънавият соатларида ходимлар, айниқса ёшларни оммавий маданият таъсиридан ҳимоялашга қаратилган суҳбат ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Уларга мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳот ва янгиланиш жараёнларининг мазмун-моҳияти етказилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномалари орқали касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар бандлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ишлар тушунтирилиб, ҳуқуқий саводхонлиги оширилмоқда. Хусусан, амалиёт жараёнида банд бўлган юқори курс ўқувчилари меҳнат қонунчилиги, меҳнат ва жамоа шартномалари билан тўла таништирилиб, ўқишда ўрнак кўрсатаётганлар моддий ва маънавий рағбатлантирилмоқда. Олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари талабалари учун касаба уюшмалари стипендиялари жорий этилмоқда.

 

Давра суҳбатида амалга оширилаётган ишлар билан биргаликда келгусида касаба уюшмалари олдида турган вазифалар хусусида ҳам фикр юритилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Матбуот хизмати