04.04.2024. Enter Engineering меҳнат жамоасининг V умумий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда “Enter Engineering” Компанияси амалдаги Жамоа шартномасининг 2023 йилда бажарилиши муҳокама қилинди.
Лойиҳалар, маъмурият ва компания касаба уюшма ташкилоти раҳбариятидан 48 нафар делегат иштирок этган анжуман офлайн ва онлайн режимда ўтказилди.
Йиғилишда бош директор ўринбосари — маъмурий директор Тимур Абдуллаев ва Касаба уюшмаси қўмитаси раиси Бобир Кенжаев Жамоа шартномасида ходимлар учун белгиланган имтиёз ва кафолотлар бажарилиши бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот бердилар.
Таъкидланганидек, 2023 йил давомида компания Жамоа шартномаси ва ундаги бандлар ижросини назорат қилиш мақсадида иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида қатор қўшма акциялар ташкил этилди. Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, иш вақти ва дам олишини ташкил этиш, уларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, кафолат ва компенсация тўловларини бериш, маданий ва спорт тадбирларини ўтказиш борасидаги ишлар ҳажмини кўрсатувчи статистик маълумотлар қайд этилди.
Хусусан, Тимур Абдуллаев ўз чиқишида иш берувчининг вазифаларидан бири ишчиларга хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш эканини алоҳида таъкидлади.
Қайд этилганидек, компания мураккаб саноат ва юқори технологияли, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга обектларни қуришга ихтисослашган, шунинг учун меҳнат хавфсизлиги масалалари биринчи ўринда туради. Шу билан бирга, раҳбарият ва касаба уюшма ташкилоти томонидан хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш, ходимларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, ишлаб чиқаришдаги шикастланишлар ва касб касалликларининг олдини олишнинг замонавий воситалари ва усулларини жорий этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бунинг натижасида амалга оширилаётган лойиҳаларда бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинмоқда.
Бундан ташқари, ўтган ҳисобот йилида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга ошириш, хусусан, ходимларни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурта қилиш, улар учун шахсий ҳимоя воситалари, дори-дармон ва гигиена воситалари, ичимлик суви ҳарид қилиш, шунингдек, ишчиларни тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш учун етарли маблағ ажратилган. Алоҳида таъкидлаш зарурки, ҳисобот даврида Жамоа шартномасини бажариш билан боғлиқ келишмовчиликлар ва низолар юзага келмаган.
Йиғилишда Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари С.Тўхтаев, халқаро масалалар бўйича раис ўринбосари С.Егамбердиев, ушбу ташкилотнинг ташкилий бўлим мудири Ф.Маҳмудов иштирок этиб, бугунги кунда тармоқ касаба уюшмаси томонидан соҳа ходимларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот бердилар.
Анжуман кун тартибига киритилган масалалар юзасидан бўлиб ўтган конструктив мулоқот жараёнида делегатлар маъмурият ва касаба уюшма қўмитаси томонидан олиб борилаётган ишларни муҳокама қилдилар ҳамда очиқ овоз бериш натижаларига кўра фаолият қониқарли деб топилди.
Йиғилишда касаба уюшмаси қўмитаси фаолиятига оид масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда истиқболдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати