Click to listen highlighted text!

Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!

(+99871)

252-21-18

Манзил: 100165, Тошкент ш., Бухоро куч., 24 Регламент

Кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини оммалаштиришга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди

02.12.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Шарофат Нориева раҳбарлигидаги “Гулчи опа томорқа хизматлари” МЧЖ Кластерининг кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасини  оммалаштириш ва Республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этишга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати аъзолари, тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, Халқ банки, Агробанк, Микрокредитбанк, ҳудудий ва тармоқ касаба уюшмалари мутасаддилари иштирок этдилар.

Йиғилишни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.

Тадбирда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида республикамиз иқтисодиётининг кўплаб тармоқларида барқарор реал ўсиш кузатилаётгани, хусусан, пандемия ҳолатига қарамай 2021 йилнинг 9 ойлик якунлари бўйича мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот 6,9 фоизга ошгани қайд этилди. Шундай бўлсада пандемия оқибатлари ишсизлик даражасига салбий таъсир этганлиги боис Давлатимиз раҳбари янги корхона ва иш ўринларини яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратаётгани, шу мақсадда янгича ёндашувдаги дастурлар ва чоралар қабул қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Президентимизнинг аҳоли бандлигини таъминлашда ўта самарали бўлган “корхоналар ва хонадонлар кооперацияси”ни ривожлантириш борасидаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тегишли мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари иштирокида Жиззах вилоятида йўлга қўйилган кооперация тажрибаси ўрганилгани қайд этилди.

Маълумки, “кооперация” деганда бир нечта корхона ёки шахсларнинг ўзаро ҳамкорликда бирор бир маҳсулотни ишлаб чиқариши тушунилади. Жиззахлик Шарофат Нориева раҳбарлигидаги “Гулчи опа томорқа хизматлари” МЧЖ Кластерининг кооперация усулидаги тадбиркорлик тажрибасида эса бир корхона ва бир нечта хонадонларнинг ҳамкорлигида маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини кўришимиз мумкин. Эътиборли жиҳати шуки, кластер ва 200 та хонадоннинг кооперация асосида ўзаро ҳамкорлиги йўлга қўйилган бўлиб, кластер томонидан 1 сотих бўш ер майдонига эга бўлган ҳар бир хонадонга 5 мингта гул қаламчалари бепул берилади ва бир муддат вақтдан сўнг уларнинг ҳар бири 4,5 минг сўмдан сотиб олинади. Худди шу тартибда ток, хурмо ва бошқа турдаги мевали дарахт кўчатлари ва 200 тадан павлония дарахти кўчатлари бепул тарқатилиб, 1 йилдан сўнг павлония дарахтининг ҳар бири 8-10 минг сўмдан, 3 йилдан сўнг мевали дарахтлар ҳосили бозор нархларида сотиб олинади.

Йиғилишда Республикамизнинг барча ҳудудларида кооперацияларни ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш йўналишларида олиб бориладиган ишлар, бу борада мутасадди вазирликлар, идора ва ташкилотлар олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, ҳар бир ҳудудда камида 10 тадан йўналишлари турлича ёки бир нечтаси бир турда бўлган кооперациялар фаолиятини йўлга қўйиш, кооперациялар йўналишлари ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий, транспорт ва логистика, энергетика ва коммуникация, иқлим ва географияси, маҳсулотларни сотиш бўйича бозор ва экспорт ҳамда бошқа имкониятларини таҳлил этган ҳолда белгиланиши зарур эканлиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари, тааллуқли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вилоят бошқармалари ва филиаллари раҳбарлари, ҳокимликлар ва маҳаллалар мутасаддиларидан иборат иккита йўналишда тузилган ишчи гуруҳлари томонидан кооперация тузиш бўйича лойиҳаларни ишлаб чиқиш, лойиҳада уни амалга оширувчи тадбиркор, ишлаб чиқариладиган маҳсулот тури ва ҳажми, молиявий манбалар, жалб этиладиган хонадонлар сонини аниқ кўрсатиш вазифалари белгилаб олинди. Бунинг учун жойларда аҳоли ва ташаббускор тадбиркорлар билан учрашиб, кооперация ташкил этиш бўйича уларнинг таклифларини ўрганиш, лойиҳаларни саралашда уларнинг кенг қамровли бўлишига алоҳида эътибор қаратиш, камида 200 та хонадонни кооперация усулида иш билан таъминланишини инобатга олиш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда алоҳида эътибор қаратилган яна бир муҳим жиҳат, мазкур ишларни ташкил этишда келажакда корхона ривожланиб, кооперация жараёнига 3 – 4 мингта хонадон жалб этилиши асосий мезон бўлиши лозимлиги, лойиҳа аниқ иқтисодий асосланган ва ҳаётий бўлиши, ишга тушгандан кейин мустақил фаолият юрита олишини инобатга олиш зарурлигидир.

Тадбирда таъкидланганидек, барча танлаб олинган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича, ҳар бирига алоҳида “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади. “Йўл харитаси”да тадбиркорга амалий ёрдам сифатида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, кооперацияга жалб этиладиган инсонларни ўқитиш масалалари қадам бақадам белгилаб берилади ва уларнинг ижроси юзасидан доимий жамоатчилик назорати амалга оширилади.

 Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари

Click to listen highlighted text!